Қуйичирчиқда фарзандлари эски ҳаммомда қаровсиз қолдирган қария шифохонага жойлаштирилди
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент девонида тузилган ишчи гуруҳи Қуйичирчиқ туманидаги ўрганишлари чоғида Беруний маҳалласидаги хонадонларнинг эски ҳаммомида қаровсиз қолдирилган қарияни аниқлади. Бу ҳақда «Фейсбук»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида хабар қилинди.
Маълум бўлишича, фуқаро Салямов Мамадали — 1931 йилда туғилган, доимий рўйхатга олинган манзили: Оққўрғон тумани Ҳ.Олимжон қишлоғи. Нафақага ҳужжатлар расмийлаштирилмаган, ақли заиф, кўзи кўрмайди. Собиқ иттифоқ паспортининг нусхаси мавжуд. Янги биометрик паспорти йўқ. Ҳозирги яшаб келаётган ҳудудда доимий истиқомат қилмаган.
Фуқаро М.Салямов ўзини назорат қилолмаганлиги сабабли, Беруний маҳалла фуқаролар йиғинидаги фарзанд (Салямов Анвар, Олмосова Акина ва неваралари Салямов Жаҳонгир, Салямов Эльёр, Салямов Санжар, Олмосов Султон, Олмосов Азизбек, Олмосов Даврон)ларининг олдига доимий яшаш учун келган. Бироқ фарзандларининг алоҳида уй-жойлари бўлсада, отасини ўз қаровига олишдан бош тортган. Яна бир фарзанди — Акина Олмосова эса отасига ўз уйидаги эски ҳаммомдан жой берган.
Яна бир масала. Беруний маҳалла фуқаролар йиғини раиси К.Эргашев ва маҳалла посбони А.Жўраев М.Салямовнинг нафақасини расмийлаштириш бўйича фарзанди Анвар Салямов билан мунтазам суҳбатлашиб, тушунтиришлар бериб келинган. Аммо фарзандларнинг бу ҳолатга бефарқ қараганлиги, унинг ўзи Оққўрғон туманида доимий рўйхатдан ўтганлиги сабабли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Оққўрғон тумани пенсия жамғармасига мурожаат қилинган. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳолат бўйича фуқаро М.Салямовнинг зарур ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан фарзандларига берилган маслаҳатлар натижасиз қолиб кетган.
Президент девони ишчи гуруҳи томонидан шу куннинг ўзида фуқаро М.Салямовни шифохонага ётқизилиб барча зарурий чоралар кўрилди. Яшаш шароитларини тубдан яхшилаш бўйича маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter