«Подадан олдин чанг чиқарманг». Айбсизлик презумпциясининг қанчалик муҳимлиги ҳақида
Гумонланаётган, айбланаётган шахсга ҳали суд ҳукми чиқарилмасдан бирор айбни тўнкаш, унинг номини қорага чиқариб қўйиш ҳолатлари кўп учрайди. Бу ҳолатда айбсизлик презумпцияси бутунлай унутилади. Яқин вақтларда содир бўлган воқеаларни эсланг. Мисоллар кўп топилади. Энг ёмон якунда ўша номи қорага чиқиб бўлган гумонланувчи мутлақо айбсиз бўлиб чиқадиган ҳолатлар ҳам учрайди, лекин биргина хато унинг шаънини қайтариб бўлмайдиган даражада булғаб бўлган бўлади.
Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси, яъни айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги тартиби мавжуд. Айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади.
Амалдаги консититуциямизнинг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган.
Мантиқан олиб қаралганда, жиноятнинг зарурий белгиси сифатида шахснинг айби исботланиши билан жиноят (жиноий ҳолат эмас) содир этилганлиги эътироф этилади. Бу эса суд ҳукми билан тасдиқланади. Демак, суд ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб шахсни ҳозирданоқ «порахўр», «фирибгар» «ўғри», «зўравон» ва бошқа иборалар билан сифатлаш, аташ ва уни айбдор шахс сифатида интернет ва бошқа ижтимоий тармоқларда талқин қилиш нотўғри ҳисобланади.
Афсуски, бунга риоя қилинмаган ҳолатлар жуда кўп. Мисол тариқасида, шахс қайсидир жиноятни қилганликда худдики айбдор сифатида жамоатчилик ўртасида, масалан, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Бироқ эртага судда шахснинг айби исботланмай, у оқланса-чи? Шахснинг кейинги тақдири нима бўлади? Маълум бир тизим ёки соҳанинг обрўси нима бўлади? Оқибатда судланувчи шахснинг шарманда бўлгани қолади, шаъни, қадр-қиммати камситилади. Шахс ишлаётган тизимнинг обрўйини тушириб, унинг нуфузини пасайтириб, халқнинг ўша ташкилотга нисбатан салбий фикрларининг пайдо бўлишига олиб келади.
Шунингдек, шахснинг гўёки жиноят содир қилганликдаги ҳаракатлари интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши келгусида тергов органининг ишни тергов қилишда ёки судда ишни кўришда мустақил судьяда ўша шахсга нисбатан барвақт салбий хулоса шаклланишига туртки бўлиши мумкин. Бу эса мустақил суднинг фикрига қайсидир маънода таъсир қилишга олиб келади.
Айнан шу омиллар сабаб Конституциянинг 26-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар қўшиш давр тақозосига айланди. Шу мақсадда бош қомусимизга ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳада мазкур модда кўплаб қўшимчалар ва тўлдиришлар билан бойитилди.
Жумладан, таклиф этилаётган ўзгаришга кўра, ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Бу қоида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахсни мажбурлаш ёки унга босим ўтказиш йўли билан унинг иродасига қарши олинган далиллардан фойдаланмасликни белгилайди. Бу ҳуқуқ айбсизлик презумпцияси билан чамбарчас боғлиқ.
Шахснинг ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи ҳар хил турдаги қийноқлар, таҳдидлар ва мажбурлов чораларини қўллашни чеклайди. Бу қоиданинг Конституция даражасида белгиланиши шахсга бошқа бировнинг хоҳиш-иродаси объекти сифатида муносабатда бўлишга йўл қўйилмаслигини, шахсий ҳаёт дахлсизлиги мустаҳкам ҳуқуқий асосга эгалигини англатади.
Ҳар бир гумонланаётган фуқаро биринчи навбатда одам, инсон. Унинг ҳам барчада бўлгани каби ҳақ-ҳуқуқлари бор ва ривожланган, демократик жамият қураётган давлатларда энг устувор нормалардан бири бўлиши керак. Инсон қадри улуғланаётган давлатда бу жуда муҳим.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter