Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Майнинг фаолияти учун жавобгарлик: бу ҳақда нималарни биласиз?

Майнинг фаолияти учун жавобгарлик: бу ҳақда нималарни биласиз?

Сўнгги вақтларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ноқонуний майнинг фаолияти билан шуғулланган шахслар ушланмоқда. Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доценти, ю.ф.ф.д (PhD) А.Алланова бу фаолият билан шуғулланиш оқибатларини таҳлил қилди.

2024 йилнинг 19 январида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-899-сон Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунга кўра, 2024 йилнинг 20 апрелидан бошлаб майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш жавобгарликни келтириб чиқаради.

Майнинг фаолияти нима?

Жиноят қонунчилигига мувофиқ, майнинг — ҳисоблаш операцияларини амалга ошириш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини сақлаш, блокларни яратиш ва уларнинг яхлитлигини тасдиқлаш фаолияти ҳисобланади.

Крипто-актив деганда эса, маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндисини ифодалайдиган, қиймати ва эгасига эга бўлган мулкий ҳуқуқ тушунилади.

Жавобгарлик

Киритилган ўзгартиришга кўра, майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1555-моддаси билан жавобгарликка тортилади ва мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, беш суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки МЖтКга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш эса, крипто-активларни ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш қанча миқдорда содир этилса, яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда содир этилса, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, ўн суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки МЖтКга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш кўп миқдорда содир этилса, яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача бўлган миқдорда содир этилса, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки МЖтКга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, мазкур қилмишни маъмурий жавобгарликка тортилган кейин шахс томонидан бир йил ичида такроран содир этилиши жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Жиноят кодексининг 2789-моддасига кўра, аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда майнинг фаолиятини амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ЖКнинг 2789-моддасининг 2-қисмида яширин майнингни амалга ошириш учун ҳам жавобгарлик белгиланган ва бу базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар юқорида келтирилган ҳаракатлар а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; б) жуда кўп миқдорда; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда майнинг фаолиятини амалга ошириш ҳамда яширин майнингни амалга ошириш а) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур моддада рағбатлантирувчи ҳолат ҳам назарда тутилган бўлиб, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring