Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ягона интегратор давлат буюртмаларини бажаришда резидентларга таянади

Ягона интегратор давлат буюртмаларини бажаришда резидентларга таянади

Фото: «Muic.uz»

MUIC ва UZINFOCOM Ягона интегратор ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади ва ҳамкор сифатида илк учрашувни ўтказди. Учрашувнинг бош мавзуси давлат IT-лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» ҳамда давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича UZINFOCOM Ягона интеграторнинг фаолияти бир мақсадга — ички IT-бозорни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган. Ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги улар тақдим этадиган субъектларнинг қизиқишларига асослангандир. Бундай ҳолларда UZINFOCOM — давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идоралар ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий маҳсулотларни яратиш бўйича буюртмачи бўлса, MUIC — сўровларни амалга оширишда улар ўртасида резидентларни боғловчи ташкилот вазифасини бажаради.

Фото: «Muic.uz»

Ташкилотларнинг ҳамкорлиги давлат тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича юзага келаётган бир қатор муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Учрашув давомида энг долзарб муаммолар санаб ўтилди. Бу — айрим мансабдор шахсларнинг ваколати етарли эмаслиги сабаб давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда технологик ечимларнинг баҳоланмаслиги, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш бўйича ва шу каби алоҳида лойиҳаларнинг умумий стратегиясини амалга оширишда номутаносиблик ва ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги; ресурслар ва бошқалардан бесамар фойдаланишлардир.

UZINFOCOM буюртмалар портфелини кенгайтиришга қизиқиш билдирган инновация маркази резидентлари ёрдамида давлат ахборот тизимларини узлуксиз ишлашини, уларни ўз вақтида хизмат кўрсатишини ва янгиланиб боришини таъминлашни режалаштирмоқда.

— Давлат томонидан бизга кўплаб вазифалар юклатилган ва уларни биз ўз кучимиз билан ҳал эта олмаймиз, — дейди UZINFOCOM директори в.в.б. Улуғбек Тагалиев. — Бунинг учун амалиёт керак. Биз исталган ҳолатдаги лойиҳалар — ғоядан тортиб стартапгача ёки ўз самарадорлигини кўрсатиш учун ишга туширилиши керак бўлган тайёр лойиҳалари мавжуд бўлган компанияларни ҳамкорликка чорлаймиз.

Ягона интегратор вакиллари учрашув иштирокчиларига бугунги кунда энг кўп талаб этилаётган давлат буюртмалари ва ғояларни тушунишлари учун махсус тақдимотни намойиш этишди.

Тақдимотда ахборот тизимларини ишлаб чиқиш жараёнида (мисол учун, идоралараро интеграциялашув имкониятлари ва бошқа тизимлар билан ўзаро ҳамкорлик, ягона стандарт ва ҳоказо) нималарга аҳамият бериш лозим бўлган омиллар келтириб ўтилган. Амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ягона идентификация тизими (тиббий карта, автомобилни бошқариш учун лицензия, СТИР, кадастр ёзуви ва бошқалар), давлат архивларини сотиш бўйича ахборот тизими, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича портал ва бошқалар.

— Мисол учун, ободонлаштириш бўйича ижтимоий лойиҳа нимани англатади? Мантиқан, жамоатчилик назорати, техник жиҳатдан авторизациядан ўтган ҳар қандай фойдаланувчи сайт орқали ўзининг шарҳ, фото ва видеолавҳаларини чоп этган ҳолда маълум бир муаммо ёки қоидабузарликларга жамоатчилик ва ҳукуматнинг эътиборини тортиши мумкин, — дейди стратегик ривожланиш бўйича директор Мурод Ибрагимов. — Бу ерда масъул ташкилот томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳисобот шаклидаги қайта алоқа мавжуд. Бунга ўхшаш тизимга бўлган талаб мавжуд ва биз ишонамизки, бу каби лойиҳалар устида йиллар давомида сайтларни ишлаб чиқиш бўйича шуғулланувчи компаниялар ишлаши лозим ва улар буни тўғри амалга ошириш йўлларини билишади.

Учрашувга «Mirzo Ulugbek Innovation Center» ва UZINFOCOM ўзаро ҳамкорлиги механизмлари, давлат IT-лойиҳалари ҳақида тақдим этиладиган маълумотларнинг ошкоралигини таъминлаш бўйича жонли муҳокамалар якун ясади.

Жорий йилнинг иккинчи чорагида MUIC расмий сайтида Ягона интегратор томонидан келиб тушадиган барча таклифлар жойлаштириладиган махсус майдонча яратилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг