Хорижлик мутахассислар «IT Park Uzbekistan»нинг янги бинолари билан танишди
Бош вазир Абдулла Арипов халқаро IT компаниялар раҳбарлари билан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг янги қурилган биноларида бўлиб, у ерда Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашди.
Мазкур учрашувда ўндан ортиқ йирик хорижий IT компаниялар ва Бангладеш – Америка халқаро университети вакиллари IT соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва таклифлари билан иштирок этди.
«Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Ўзбекистонни минтақавий IT марказга айлантириш вазифаси белгилаб берилган. Бунинг учун мамлакатимизда IT компаниялар ва уларнинг ходимларига қулай ва имтиёзли солиқ режими жорий этилган, инсон капиталини ривожлантириш ва ёшларни малакасини ошириш бўйича IT соҳасидаги олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат ўқув марказлари сони кун сайин ортиб бормоқда. IT учун етарли инфратузилма, жумладан Зангиота туманида қурилган “Электрон ҳукумат” тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази ва IT Park бинолари ишга туширилди. Бу эса сиз каби жаҳоннинг IT компаниялари вакиллари учун Ўзбекистонда ўз бўлимларини кенгайтириб, кўпроқ ёшларимизни халқаро лойиҳаларга жалб қилишга имкониятларни очади», – деди Бош вазир А. Арипов мутахассислар билан мулоқот чоғида.
Шунингдек, Арипов 2017 йилдан буён айнан IT соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, стратегик муҳим қарорлар қабул қилинаётгани ҳамда ахборот технологиялари соҳаси субъектлари учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар яратилгани ҳақида ҳам тўхталди.
Хусусан, тегишли қарор билан IT Park ташкил этилган ва унинг резидентлари 2028 йилга қадар барча турдаги солиқ тўловларидан ҳамда ўз эҳтиёжлари учун техника олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинган.
Ҳозирги кунда IT Park резидентлари сони 800 тани ташкил этиб, улар томонидан экспорт қилинган IT хизматлар ҳажми 62 миллион долларга етказилди.
Экспорт қилинган IT хизматларнинг 85 фоизи АҚШга, қолгани эса Жанубий Корея, Буюк БрITания, Германия, БАА ва МДҲ давлатларига тўғри келади.
IT соҳасида яратилаётган имтиёзлар ва қулайликлар натижасида Ўзбекистонга кириб келган хорижий компаниялар ва юқори малакали мутахассислар сони кескин ошиб бормоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида 50 та йирик хорижий IT корхоналарнинг ваколатхоналари ташкил этилиб, минглаб хорижлик юқори малакали IT мутахассислар Ўзбекистон бозорига кириб келди.
Ҳозирги кунда уларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Мисол учун, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, IT Park томонидан хорижий компанияларга Ўзбекистонда ўз офис ва филиалларини ташкил қилишда “Ягона дарча” тамойили асосида юридик ва консалтинг хизматларни кўрсатиш бўйича алоҳида дастур йўлга қўйилди.
Бунда, хорижий компанияларга Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ юридик шахс ташкил қилиш, уларнинг мутахассислари учун уй-жой топиш ва IT Park резиденти бўлиб, бир қатор имтиёз ва преференсиялардан фойдаланишда тезкор ёрдам кўрсатилмоқда.
Мулоқот чоғида иштирок этган хорижий IT компаниялар раҳбарлари ва вакилларига мазкур йўналишда ҳамкорликни кенгайтириб, Ўзбекистонни минтақавий IT марказга айлантиришда ўз ҳиссасини қўшиш бўйича таклифлар берилди.
Ўз навбатида, барча IT компаниялар ва мутахассисларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркда қурилган янги биноларнинг ҳолати билан яқиндан танишган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter