Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

UZINFOCOM ташкил топганига 19 йил тўлди

UZINFOCOM ташкил топганига 19 йил тўлди

Фото: UZINFOCOM

Бугун, 30 июль — UZINFOCOM ташкил топганига 19 йил тўлди.

2002 йилнинг 30 июль куни давлат идораларида ахборот технологияларини қўллаб-қувватлаш маркази сифатида ташкил этилган UZINFOCOM 2017 йил 29 августдан давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор саналади.

UZINFOCOM бугунга келиб маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш, тармоқ технологиялари, ахборот хавфсизлиги, дастурий таъминот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, мобил иловалар ва рақамли идентификациялаш бўйича эксперт ташкилотига айланди.

Электрон ҳукумат маълумотларини қайта ишлаш марказининг оператори сифатида Ягона интегратор My.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг  туну кун ишлашини таъминлайди. Бундай ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш учун энг юқори даражадаги ускуналардан фойдаланилади, улар сертификатланган муҳандисларнинг ишончли бошқарувида.

Маълумотларни қайта ишлаш миллий марказлари (DPM) нафақат серверлар ва маълумотларни сақлаш тизимларидан иборат. Шунингдек тизимлаштирилган кабел тизимлари, ҳавони юқори аниқликда тозалаш, энергия, узлуксиз қувват манбалари, дизел генераторлари тўпламлари ва захира қувват манбалари, маълумотларни узатиш ва сақлашни ҳам ўз ичига олади.

Компания портфолиоси жуда йирик бўлиб, миллий даражадаги катта ва кичик лойиҳалардан иборат. Барча лойиҳалар бирдек муҳим, ҳар бири ўзига хос қиймат ва эксклюзивликка эга. Вазирликлар ва идоралар учун идоралараро маълумотлар алмашиш платформаси ва ахборот тизимлари ўн йилдан ортиқ вақт давомида фаолият ва тажриба, танишув майдони вазифасини бажариб келмоқда, сунъий интеллектга асосланган биометрик маълумотлар ёрдамида идентификациялаш каби истиқболли соҳалар бўлими 2021 йилда пайдо бўлди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида бошқа давлатлардаги 60 дан ортиқ турдош тизимлар ўрганилиб, MyID биометрик идентификациялаш тизими яратилди ва Президент мактабларига қабул имтиҳонларида оммавий синовдан ўтказилди. Шу билан бир қаторда, ушбу тизим бир неча банкларда сайёр синовлардан ўтмоқда ва 40 минг нафар мижоз ва ходимларни масофадан аутентификациялаш муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Коронавирус пандемияси компаниянинг билими, жипслиги, фавқулодда ҳолатларда ишлашга қай даражада шайлиги ва энг муҳими, белгиланган вазифаларни қисқа вақт ичида ва сифатли уддалай олишини жиддий синовдан ўтказди. Муҳандислар инфратузилмани янги объектларда жойлаштираётган бир паллада, дастурчилар дастурий таъминот яратиш билан банд бўлишди, жумладан, мобил иловалар яратишди, уларни синаш, бозорларга жойлаштириш ва янги фойдаланувчиларни ўргатиш билан машғул бўлишди. Жуда қисқа муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот сайтлари ишлаб чиқилди, беморларнинг жойлашувини аниқловчи Kasal.uz платформаси яратилди, рақамли поликлиника ҳамда масофадан хизмат кўрсатувчи бошқа сервислар, хусусан, барча рақамли хизматларни жамлаган Uydaqoling.uz ишга туширилди. Шу билан бирга, техник ривожланиш давом эттирилди — аппарат мажмуалари янгиланди ва янада кучайтирилди, мутахассислар билимларини ошириб, сертификат бўйича имтиҳонлардан ўтдилар.

UZINFOCOM маълумотларни ишлаш маркази сервер платформасини ва булутли севисларини янгилади, виртуал муҳит янада кенгайди, тезлашди, ишончлилиги ошди.

Адлия вазирлиги учун жуда салмоқли ишлар бажарилди — қонун ижодкорлиги учун бир нечта платформа яратилди, булар қаторида Regulation.gov.uz, Project.gov.uz, Eqaror.gov.uz платформаларини санаб ўтиш мумкин. Бу платформаларда жараён тўлиқ рақамлаштирилган. Фуқаролар ўз таклифларини Meningfikrim.uz жамоатчилик мурожаатлари ҳамда Pm.uz Президентга мурожаатлар порталларида билдириша олишади.

Очиқ маълумотлардан фойдаланиш имконияти ҳам жуда муҳим. Бунинг учун Data.gov.uz мунтазам ишлаб турибди. Ундаги маълумотлар тинмай янгилаб борилади ва БМТнинг тараққиёт халқаро рейтингидаги республикамизнинг ўрнига бевосита таъсирга эга.

IT Parkнинг энг йирик резидентларидан бири сифатида компания ўзини замонавийлаштириш ва жамоасини ривожлантириш учун тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланмоқда. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, комплекс қурилмаларни диагностикалаш лабораториялари каби янги йўналишлар пайдо бўлди. Электрон таълим, туризм лойиҳалари фаол босқичда, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия билан шартномалар асосида ишлар кетмоқда.

Интернетнинг миллий сегменти — .UZ доменини ривожлантиришни мувофиқлаштириш орқали UZINFOCOM интернетни бошқариш бўйича ICANN, RIPE NCC, AP TLD сингари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон вакили саналади. Компания мутахассислари хавфсизлик нуқтаи назаридан Ўзнетни дунёдаги энг тоза доменлардан бирига айлантира олишди. Ўзбекистонда киберсквоттинг тақиқланган, фишинг ва фрод таъқиб этилади, домен номлари мутлақо ҳуқуқий майдонда тақдим этилади. Миллий муҳитдаги фаол доменлар сони 100 000 га яқинлашмоқда. Ўзбекистондаги жами еттита илдиз сервери яқинда янгиланди ва домен номларини хавфсиз тақдим этишнинг DNSSEC технологияси қўлланмоқда.

Ўтган 19 йиллик фаолияти давомида компания жамоаси энг сифатли маҳсулот ва хизматлар яратишга интилиб келди. UZINFOCOM жамоаси  яна бир йилдан сўнг, 20 йиллик юбилейида янги йўналишлар, лойиҳалар, технологиялар, ахборот тизимларини жорий этишдаги ютуқларини таништириш ва нишонлаш учун барча меҳмонларини бир дастурхон атрофида жамлай олишига катта умид билдириб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг