Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Учинчи ташаббуснинг моҳияти нимада? (фоторепортаж)

Учинчи ташаббуснинг моҳияти нимада? (фоторепортаж)

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилоятида учта рақамли технологиялар ўқув маркази очилди.

1 июнь куни давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та ташаббус доирасида Бўка туманида Рақамли технологиялар ўқув маркази очилган эди. 2 июнь куни ушбу ташаббус давом эттирилиб, бирданига Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ, Оққўрғон ва Пискент туманларида ҳам Рақамли технологиялар ўқув марказларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Фото: «Xabar.uz»

Ушбу тадбирларда жамоатчилик вакиллари, туман ҳокимликлари, халқ таълими бошқармалари мутасаддилари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси корхона, ташкилот ҳамда компаниялари вакиллари ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Фото: «Xabar.uz»

Дастлабки манзил Ўртачирчиқ туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси корхоналари томонидан учта синфхона мукаммал таъмирланиб, энг сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланди. Мактабга оптик толали кабел тортилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғиги уланди. Тадбир иштирокчилари информатика синфи, коворкинг хонаси ва кутубхонада бўлиб, ёшлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Фото: «Xabar.uz»

АКТ вазири Шуҳрат Содиқов мактаб кутубхонасида ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашди. Вазир фақат пухта илм билан юксак марраларга эришиш мумкинлигини, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишни таъкидлаб, Ucell компанияси томонидан мазкур мактабда ахборот технологиялари воситасида электрон давоматни юритиш, ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, мактабга келиб-кетиши назоратини таъминлайдиган, бу ҳақида ота-оналарни хабардор қиладиган электрон тизимни яратиш бўйича берилган таклифини маълум қилди.

Оққўрғон туманидаги Рақамли технологиялар ўқув марказини очилишида ёшлар билан бир қаторда маҳалла фаоллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этдилар. Эътиборлиси, тумандаги 50 та мактабнинг барчаси телефон алоқаси ва интернет хизматлари билан таъминланган. Туман ҳокими Фарҳод Омонов шундай ўқув марказини янги бунёд этилаётган Ёшлар боғида ҳам ташкил этиш таклифини берди.

Фото: «Xabar.uz»

Пискент тумани аҳолиси 97 мингдан ошади, уларнинг 50 мингдан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Тумандаги 38 та умумтаълим мактабларнинг ҳозирча 22 таси телефон алоқаси ва интернет билан таъминланган, қисқа муддатда қолган мактаблар ҳам  глобал тармоққа уланиши белгиланган. Туман марказида Рақамли технологиялар ўқув марказининг очилиши пискентлик ёшлар учун айни муддао бўлди. Улар бу ерда энг талабгир бўлган касб-ҳунарларни эгаллашлари мумкин. Марказнинг кенг ва шинам хоналарида ахборот-коммуникация технологияларининг сўнги қурилма ва ускуналари ўрнатилган, компьютерлар тезкор интернет тармоғига уланган.

Фото: «Xabar.uz»

Марказларнинг очилиши ўқувчи ва ёшлар учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Кўзлари ёниб турган, дастурлашга қизиқаётган, робототехника, веб-дизайн сирларини ўзлаштиришга интилаётган ёшлар учун бу ҳақиқатда катта имконият. Камига ушбу марказларда ўқиб, олган билимларини туман ва вилоят миқёсида ўтаказиладиган танловларда синаб, ғолиб бўлган ёшларнинг икки нафарини Тошкент ахборот технологиялари университетига тест синовларисиз қабул қилиниши янада катта имконият. Албатта, бунинг учун ёшлар қаттиқ беллашадилар, дарсларни пухта ўзлаштиришга интиладилар. Энг муҳими, ахборот технологиялари олами сирлари билан яқиндан танишадилар, келгусида уларнинг орасидан кучли дастурчилар, веб-дизайнерлар, киберспорт ўйинчилари чиқишига шубҳа йўқ.

Фото: «Xabar.uz»

Олдин интернет-кафеларга компьютер ўйинлари ўйналадиган оддий марказлар сифатида қаралар эди, ҳақиқатда ҳам шундай қараш шаклланган эди. Президент илгари сурган 5 та ташаббуснинг учинчиси – аҳоли ва ёшларни компьютер технологиялари ҳамда интернетдан фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган. Бу йўналишда Рақамли технологиялар ўқув марказининг очилиши ана шу – компьютер ўйнадиган жой, деган қарашни йўққа чиқаради. Сабаби, бу замонавий Рақамли технологиялар ўқув марказларида энг кучли ўқитувчилар билим бериши, келгусида уларга марказ ҳудудида уйлар қурилиши, ўқув воситалари ҳам энг сўнгилари эканлиги, энг кучли битирувчининг олий ўқув юртига кириши учун имконият яратилгани, буларнинг барчаси энг талабгир касб-ҳунарларни эгаллаш учун ҳақиқий маънода мотивация муҳитини, рақобат майдонини яратади. Рақобатда, албатта, кучлилар ғолиб бўлади. Хуллас, бу оддий интернет-кафелар эмас, ёшларни ҳаётда ўз ўрниларини топишга ёрдам берадиган рақамли маскан бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг