Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ucell» раҳбари Владимир Кравченкодан ўзбек тилини ўрганиш, давлат тилида ишлаш бўйича мастер-класс

«Ucell» раҳбари Владимир Кравченкодан ўзбек тилини ўрганиш, давлат тилида ишлаш бўйича мастер-класс

Ташқи кўриниши ва исми шарифидан бу йигитнинг ўзбек миллатига мансуб эмаслиги яққол кўриниб турибди. Аммо уни яқиндан танийдиган, биладиганлар ўзбек тилини ҳатто баъзи ўзбеклардан яхшироқ билади, дейишади. Нега дейсизми, чунки унинг ўзи айтишича, Алишер Навоий, Ойбек, Пиримқул Қодиров, Абдулла Қаҳҳор ва Саид Аҳмаднинг асарларини ўқиган. Ўқувчиларимиз хафа бўлишмасину, баъзиларимиз уларнинг ўзбек адабиётининг дурдоналари қаторидан ўрин олган асарларини ўқиш тугул, ҳатто бехабармиз. 

У ўзбек тилини бошида маҳаллада ўртоқларидан ўрганганлигини, адабиётшунос олим Омонулла Мадаевни устоз деб билишини таъкидлади. Ижтимоий тармоқларнинг баъзи фойдаланувчилари томонидан вазирлик ва идораларда давлат тилига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бир неча марта танқид остига олинган бир пайтда Кравченко ҳам ўзбек тилини нолдан ёки чуқурроқ ўрганмоқчи бўлган кўплаб бошқа миллат, хусусан русийзабон аҳоли ёки ёшлар яхши, замонавий дарслик, сўзлашгичлар, малакали курсларнинг йўқлигидан нолишини айтиб ўтди.

Бугунги суҳбатдошимиз сизу бизнинг узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилишда, юртимизда ахборот-коммуникация соҳаси ва технологияларини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган «COSCOM» МЧЖ («Ucell» савдо белгиси) бош директори Владимир Кравченко.

У ёш бўлишига қарамай «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган. Лекин бугун унга мобил алоқа хизмати ёки ахборот-коммуникация технологиялари мавзусига оид савол бермаймиз.

Суҳбат давомида гап ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини янада юксалтириш борасида улкан ишлар олиб борилаётган бир пайтда бошқа миллат вакили бўлишига қарамасдан унинг ўзбек тилида ҳечам қийналмасдан гапириши, ўз фикрини ўзбек тилида тўлиқ ифодалай олиши, умуман давлат тили ҳақида боради.

− Ўзбек тилини қачон ва қаерда ўргангансиз? Ўз хоҳишингиз биланми ёки мажбурият юзасиданми?

− Ўзбек тилини болаликда, «Тўқимачи» маҳалласидаги дўстларим билан бирга ўйнаб, мулоқот қилиб ўрганганман.

Мен рус мактабида ўқиганман. Тўққизинчи синфгача ўзбек тилини унчалик яхши билмасдим. Албатта, тенгдошларим, маҳалладаги ўртоқларим билан гаплаша олардим. Аммо болаликдан ўзбек тилини ҳозирги даражада билади, деб ўйламанг.

Болаликда ўзбек тилида жудаям содда даражада гаплашардим. Фикрларимни эркин ифодалар, ўзимни тушунтира олардим.

Ўзбек тилини Ислом университети қошидаги академик лицейга кириш учун тайёргарлик кўриш жараёнида пухта ўрганганман. У ерда рус гуруҳлари йўқ эди ва тилни яхшилаб ўрганишга тўғри келди. Адабий ўзбек тилида сўзлашишни эса лицейда ўқиётганимда ўргандим.

Менинг ўзбек тилини яхши ўрганишимга адабиётшунос олим, Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицейнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Омонулла Мадаев сабабчи бўлган. У менга худди ўзбек ўқувчиларга қарагандай қарарди. «Алпомиш» достонини худди бошқалар сингари ёддан айттирарди, ёнимни олиб, бошқалардан ажратмасди. Биз улар билан ҳатто Фарғона водийсига бориб, гуллаган ўрикларнинг соясида бахшилар мусобақаларини эшитганмиз.

Омонулла аканинг яхши маънода талабчанлиги ва ўзимнинг тиришқоқлигим билан мен бир йилда ўзбек тилидаги билимимни ва даражамни анча яхшилаб олдим. Мадаев менинг тақдиримда катта роль ўйнаган. Руҳлари шод бўлсин. Доим: «Сен кўпроқ шуғулланишинг, кўпроқ гапиришинг керак, сенга рус бўлганинг учун енгиллик бермайман» деб такрор-такрор айтарди. Шундай қилиб, уч йил давомида ўзбек дўстларим билан ўқиб, ўргандим, ўзбек тили муҳитига шўнғиб кетдим.

Академик лицейдан сўнг мен Вестминстер университетига кирдим ва инглиз тилини чуқур ўргана бошладим.

− Бошқа миллат вакили сифатида бугун Ўзбекистонда давлат тилининг мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга фикрингиз?

− Бир қанча вақт олдин мунозараларга сабаб бўлган ҳужжатларни тайёрлаш тартибни айтиб ўтишим мумкин.

Адашмасам, Адлия вазирлиги томонидан таклиф қилинган тартибга кўра, давлат органлари ҳужжат лойиҳаларини, албатта, давлат тилида ҳам тайёрлашлари керак бўлади. Рус тилидаям тайёрлаш мумкин, аммо ўзбек тили билан биргаликда.

Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар regulation.gov.uz порталига ўтказилмаслигиниям айтишим мумкин.

Бу, албатта, жуда тўғри қарорлар, ҳар қайси давлатда ҳам шундай иш тутилади.

− Сиз ҳақингизда гап кетганда Вазирлар Маҳкамасида ишлаб юрганида қарор ва бошқа ҳужжатларни ўзбек тилида ҳимоя қиларди, деган фикр билдирилади. Шу ҳақида гапириб берсангиз...

− Бу оддий иш жараёни, кўпчилик учун ўзбек тилида муҳокама қилиш қулайлиги ва мен ўзбек тилини яхши билганим сабабли шундай иш тутардим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари Ахборот-таҳлил департаментида ишлаган пайтларим барча ҳужжатларни ростдан ҳам ўзбек тилида топширардим.

Унгача «Ўзбектелеком» АКда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ишлагандим. Ва бу ташкилотларда барча ерда ҳужжатлар ўзбек тилида расмийлаштириларди, бу менинг ёзма ўзбек тилини билишимга катта ёрдам берган ва Вазирлар Маҳкамасида барча ҳужжат лойиҳаларини ўзбек тилида тайёрлашимга катта кўмак бўлган.

Мантиқан бу тўғри, чунки мамлакатимизнинг 85 фоиз аҳолиси учун ўзбек тили она тили ҳисобланади. Ҳужжатларни рус тилида тайёрлаганда эса сўзма-сўз таржима давомида матннинг асл маъноси ўзгариб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳужжатни, аввало, ўзбек тилида тайёрлаб, кейин рус тилига таржима қилишга ҳаракат қилардим.

− Бугунги кунда вазирлик ва идораларда, ҳокимликларда раҳбарнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотда бу жараён қандай кечмоқда? Аниқроқ айтадиган бўлсак, Сизнинг маслаҳатчингиз борми?

− Менинг бундай маслаҳатчим йўқ, аммо давлат тили масаласида Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходимлари ва таржимонимиздан баъзида маслаҳат олиб тураман.

«Ucell» савдо белгиси олдин Швеция ва Финляндиянинг «Telia Company» компаниясига қарашли бўлгани учун корхонада ишчи тил сифатида инглиз ва рус тилларидан фойдаланилган.

Ташкилот тўлиқ давлат тасарруфига ўтганидан сўнг ҳужжатлар ўзбек ва рус тилларида юритила бошланди. Компанияда иш юритиш бўйича йўриқнома мавжуд бўлиб, унга кўра, барча ҳужжатлар давлат ва рус тилларида олиб борилади. Бу Компаниянинг Низомида ҳам ёзиб қўйилган. Бундай муносабатнинг натижасида ички Интернет тармоғи ҳам икки тиллик бўлди.

Компания янгиликлари корпоратив сайтимизда давлат, рус ва инглиз тилларида чоп этилади.

Мурожаатчиларга эса улар мурожаат қилган тилда жавоб қайтарамиз.

Бир қизиқ мисол келтираман. Ҳозирги карантин пайтида кўплаб ходимларимиз уйдан туриб ишлашаяпти. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ишчиларимиз, турли миллат вакиллари бўлган йигит-қизлар Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» шеърини ўқиб, видеоролик тайёрлади. Ва бу қисқа, эмоционал видеофильм икки тилдаги сатрлар билан ёзиб олинди. Асл тилида ва рус тилида – Анна Ахматова таржимасида.

− Фаолиятингиз талаби туфайли ижтимоий тармоқлардан кенгроқ фойдалансангиз керак. Биласиз, тармоқларда турли масалалар кенг жамоатчилик томонидан ҳар хил қарашлар билан муҳокама қилинади. Бундай ҳолат давлат тилини янада кенгроқ жорий қилиш бўйича ҳам содир бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар тўғрисида фикрингизни билмоқчи эдик.

 − Ҳар қандай вазиятда ҳам муҳокамалар бўлгани яхши. Бу демократиянинг энг муҳим принципларидан бири. Жамиятимиз аъзолари турли масалаларда ўз фикрларини айтиб ўтаётганларини қўллаб-қувватлайман.

Ҳар қандай конструктив фикр муҳокамалар ривожланишга олиб келади.

Ҳар бир инсон ўзи яшаётган мамлакат тилини ҳурмат қилиши керак. Мен бу ерда қанақадир мажбурлаш ҳақида гапирмаяпман. Масалан, Россияда рус тилини билиш бўйича имтиҳон топширишади. АҚШда инглиз тилини билиш кераклигини эса ҳамма тушунади.

Тилга ҳурмат ҳақида гапирганимда, мен ўз тилида тўғри ёзишни унутиб қўйган айрим замонавий ўзбек ёшларини ҳам назарда тутаяпман. Ижтимоий тармоқлардаги баъзи постлар ва айниқса изоҳлар шунақанги «замонавий» тилда ёзилганки, уларни тушуниш учун ҳақиқий ўзбек адабий тилига таржима қилишга тўғри келади.

Аммо кўриниб турибдики, жамиятда бу муаммони англаш мавжуд ва биз биргаликда уни ҳал қилиш йўлларини қидираяпмиз.

Масалан, ўзбек тилини нолдан ёки чуқурроқ ўрганмоқчи бўлган кўплаб русийзабонлар яхши, замонавий дарслик, сўзлашгичлар, малакали курсларнинг йўқлигидан нолишади. Буларнинг ҳаммасини тезроқ ҳал қилиш керак.

- Ўзбек тилини биласиз, демак ўзбек адабиёти ҳам сизга бегона эмас. Ўзбек тилида мутолаа ҳам қилиб турасизми?

− Кўпчилик ўқувчилар ёқтириб ўқийдиган китобларни мутолаа қилганман. Булар, албатта, Алишер Навоий лирикаси, Ойбекнинг «Навоий» романи, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» ва «Синчалак», Саид Аҳмаднинг «Уфқ» трилогияси. Қизиқарли китоблар кўп.

Ҳозир устозимнинг тавсиялари билан Дэна Кеннедининг «Қаттиққўл менежмент. Одамларни натижа учун ишлашга мажбурланг» китобини ўқияпман.

Уйқуга кетишдан аввал, албатта, камида бир неча саҳифа мутолаа қиламан. Қоидам шунақа.

− Ўзбек тилини ўрганаётганларга бу борада қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

− Кўпроқ мулоқот қилиш, ўзбек тилида телекўрсатувлар, кино томоша қилиш, китоб ўқиш зарур. Бу сўз бойлигининг орттиришга ёрдам беради.

Мен ўзбек тилидаги бирорта китобни олиб, бошидан охиригача ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардим.

Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини.

У кўплаб тилларга таржима қилинган, жумладан, рус ва инглиз тилларига ҳам. Бу тил билишингизда катта қадам бўлади.

Ўзбек тилида ёзадиган блогерларнинг телеграм каналларини ўқиб бориш ҳам фойдадан холи эмас. Улар тезкор, қизиқарли ва қўрқмасдан ёзишади. Аммо интернетдаги «ўзбек тили»да ёзадиганларини эмас, ҳақиқий адабий тилдагиларни ўқиш мақсадга мувофиқ.

Ўзбек тилида мутолаа қилиш одатга айланиши керак. Мен буни муваффақият калити, деб ҳисоблайман.

Нурулла Абдуллаев суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг