Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Токио биржасида 32 миллион долларлик криптовалюталар йўқолди

Токио биржасида 32 миллион долларлик криптовалюталар йўқолди

Фото: «Cointelegraph»

Япониянинг криптовалюталар операциялари билан шуғулланувчи «BITPoint» компанияси жуда кўп миқдордаги маблағлар йўқолганини маълум қилди. Компания 12 июль куни хакерлар ҳужумидан талафот кўрганини эълон қилганидан сўнг биржа иши тўтатилган. Бу ҳақда «CTV News» хабар берди.

Компания турли рақамли валюталардан иборат 3,5 млрд. иена ($32,3 млн.) маблағ йўқолганини маълум қилди. Кеча, 11 июль кечки пайт биржанинг чиқувчи пул ўтказмалари тизимида хатолик юзага чиққанидан сўнг жиноят аломатлари аниқланди.

Аниқлик киритилишича, криптовалюталар интернетга уланган «қайноқ ҳамён»дан йўқолган, муқобил режимдаги «совуқ ҳамён»лардаги маблағлар жойида турибди. Хакерлар ўзлаштириб кетган 32 миллион долларлик криптовалютанинг 24 миллиони мижозларники, қолганлари компанияга қарашли бўлган.

Вазият юзасидан суриштирувни бошлаган компания бутун масъулиятни ўз зиммасига олиш ва хакерлардан жабрланган мижозларга маблағларини тўлаб беришга тайёр эканини билдирган.

2018 йилнинг сентябрь ойида Япониянинг «Tech Bureau Corp» криптовалюталар биржаси оператори хакерлардан 6,7 млрд. иена ($60 млн.) миқдорида зарар кўрганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг