ТАТУ ўқитувчи ва талабалари — «TECHNOWAYS» технологик ривожланиш марафони ғолиби
Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил қилган «TECHNOWAYS» технологик ривожланиш марафонида Тошкент ахборот технологиялари университети жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Хабар берилишича, ТАТУ вакиллари ишлаб чиққан ҳар бир лойиҳа учун вазирлик томонидан 30 миллион сўмгача рағбатлантириш белгиланиб, микромолиялаштириш мақсадида шартномалар тузилган.
«TECHNOWAYS» марафони 2-босқичи натижаларига кўра, ТАТУ ўқитувчилари ва талабаларининг вазирлик молиялаштирадиган лойиҳалари:
Шоҳруҳ Бегматов (ТАТУ ассистенти) — «Кўзи ожизлар учун телефонга клавиатура» лойиҳаси (Кўриш қобилияти чекланган инсонларга смартфондан фойдаланиш имконини берувчи махсус клавиатура ишлаб чиқиш. Бунда анъанавий Брайл алифбосидан фойдаланган ҳолда исталган русумдаги смартфонга USB-интерфейс орқали уланиб, фойдаланиш имкони бўлади);
Азизбек Ҳаитов (ТАТУ ўқитувчиси) — «Робототехника асослари» лабораторияси лойиҳаси (Виртуал реаллик технологиясини қўллаган ҳолда таълим олувчиларга турли мураккаб ва қимматбаҳо қурилмаларнинг кўриниши, ишлаш тамойиллари ҳақида янада кўпроқ билим бериш ва улардан фойдаланиш имкониятини яратиш).
Феруз Ғуломов (Радио ва мобил алоқа факультети талабаси) — «Эшитиш қобилиятида нуқсони борлар учун овоз кучайтиргич» лойиҳаси (Овозни микрофон ёрдамида қабул қилиб, транзисторлар ёрдамида кучайтириб фойдаланувчига тақдим этувчи ускуна);
Отамурод Тоғаев (Дастурий инжиниринг факультети талабаси), Жавоҳир Низомиддинов (Компютер инжиниринги факультети талабаси ) — «Транспорт воситаларини бошқарув ва кузатув тизими» лойиҳаси (Юк машиналарининг маршрути, локацияси, ёнилғи сарфи, юкларининг бутунлигини назорат қилувчи махсус илова).
Маълумот ўрнида айтиш керакки, марафоннинг финал босқичи маросими давомида қатнашчилар томонидан лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди ва энг яхши лойиҳалар эълон қилинди. Ҳайъат комиссияси энг яхши 10 та лойиҳанинг ҳар бирини 30 млн. сўмгача маблағ билан молиялаштиришни белгилаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter