Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Смартфонда қанча олтин бор?

Смартфонда қанча олтин бор?

Фото: TechToday

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси смартфонда қанча олтин борлигини билмоқчи бўлди.

Бунинг учун эски смартфонларнинг 210 дона босма платасини сотиб олди. Бир дона платанинг нархи — 1,5 доллар, ҳаммасини қўшганда — 315 доллар.

Хитойлик платалардан олтинни ажратиш учун турли усулларни қўллади: тозалаш, эритиш, филтрлаш ва ҳоказо. Шунча меҳнат ва заҳматдан сўнг 0,41 грамм олтин йиғди, холос.

Бу миқдордаги олтиннинг маҳаллий бозордаги нархи — 30 доллар. «Олтин изловчи» фойда уёқда турсин, ўн баравар харажатга тушди. Асбоблар ва ашёларни қанчага сотиб олганини қўшганимиз йўқ.

«Олтинга кўмилиш» учун жуда кўп эски смартфон керак. Масалан, миллион дона мобил телефондан 34 килограмм олтин олса бўлади.

Дарвоқе, Токио-2020 олимпиадасининг медаллари эскирган электротехника қурилмалари, асосан, мобил телефонларни қайта ишлаб ажратиб олинган қимматбаҳо металлардан ясалган эди.

Япониядаги олимпия ташкилотчилари «электрон чиқинди» лойиҳаси давомида жами 32 килограмм олтин, 3 492 килограмм кумуш ва 2 200 килограмм бронза йиғишган. Бунинг учун 80 тоннага яқин электрон қурилмалар: эски телефонлар ва ноутбуклар «тегирмон»га солинган, чиққан олтиннинг ўзи тахминан 2 миллион долларга баҳоланганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг