Шуҳрат Содиқов: «Яқин йилларда бизнес юритиш муҳити бўйича дунёнинг энг илғор эллик давлати сафига кирамиз, деган умиддаман»
Бугунги кунда рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳа ривожланишига хизмат қилиши одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкинлигини ўтган қисқа фурсат кўрсатиб берди. Бу борада АКТ вазирлиги томонидан сўнгги икки йил ичида бир қатор йўналишларда комплекс ишлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг 12 август куни «Янги Ўзбекистон» газетасининг 151-сонида чоп этилган «Тараққиётга элтувчи энг қисқа йўл» номли мақоласида ана шулар ҳақида сўз боради.
Мақоланинг газетадан олинган тўлиқ матнини қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз.
Тараққиётга элтувчи энг қисқа йўл
Ўзбекистон бугун кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ривожланган кучли давлатлар қаторидан ўрин олишни асосий мақсад қилган. Президентимиз парламентга Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда замонавий ахборот технологияларини эгаллаш зарур ва шартлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бериши, зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бораётганига алоҳида эътибор қаратди. Рақамли иқтисодиётни шакллантириш зарурий инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этиши, бироқ қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришишимиз зарурлиги, шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси энг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолиши таъкидланди. Чунки рақамли технологиялар маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, энг оғир иллатлардан бири — коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали восита бўлиб хизмат қилади.
2020 йилнинг Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилингани ҳамда шу бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ҳам юқоридаги устувор йўналишлар рўёбида салмоқли рол ўйнамоқда. Чунончи, рақамли иқтисодиётга ўтиш вазифаси қатъий мақсад сифатида белгилаб қўйилгани нафақат халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинди, балки бугунги пандемия даврида ҳам ниҳоятда рационал қарор бўлганини кўрсатмоқда. Шундай экан, яқин йилларда бизнес юритиш муҳити бўйича дунёнинг энг илғор эллик давлати сафига кирсак, ажабмас.
Рақамли иқтисодиётга ўтиш энг устувор мақсадимиз бўлиши баробарида бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Бинобарин, бугунги тезкор замонда рақамли иқтисодиёт илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоқларида кенг жорий этилмоқда. Ҳатто, айрим мамлакатлар сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз.
Нуфузли халқаро ташкилотлар таҳлиллари натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоиз ошириш, шунинг баробарида, хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш ва коррупсияни кескин камайтириш имконини тақдим этади. Кўриниб турибдики, мазкур соҳа юртимизда барча тармоқларнинг юксак ривожига жиддий туртки бўлади, инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади.
Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлашда энг устувор вазифаларидан бири сифатида ижтимоий соҳа объектлари, умумтаълим мактабларини 80 фоиз, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини йил охиригача 100 фоиз тезкор интернетга улаш вазифаси қўйилди.
Бу, ўз навбатида, ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириши билан аҳамиятлидир.
Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда интернет тармоғига кенг полосали уланиш учун 490 мингта порт ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 2,5 миллионга етказилди. Бундан ташқари, 9 минг километрга яқин оптик толали алоқа линиялари тортилди.
Маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2 баробар, туман марказлари даражасида эса 4 баробар ошди. Хизмат миқёсини кенгайтириш мақсадида 1375 та мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг сони 27,4 мингтага етказилди ва аҳоли масканларида унинг қамрови 97 фоизга ҳамда юқори тезликдаги йўналиши 78 фоизга етказилди. Аҳолининг кенг полосали мобил хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Ўзбектелеком” АК “Ўзмобайл” филиали томонидан мавжуд 1000 дан ортиқ база станцияси модернизация қилинди.
Жиззах эркин иқтисодий зонасида жанубий кореялик ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 11 миллион долларга тенг, йиллик қуввати 50 минг километр оптик толали кабел маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод ишга туширилди.
Бугунги кунга қадар телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ишлари асосида мавжуд 19 341 та ижтимоий соҳа объектидан 60 фоизи, жумладан, халқ таълими объектларининг 5659 тасида (56 фоиз), мактабгача таълим муассасаларининг 3723 тасида (65 фоиз) ва соғлиқни салаш объектларининг 2213 тасида (63 фоиз) оптик толали алоқа линиялари асосида юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланишга имконият яратилди.
Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида йил якунига қадар 153,7 миллион доллар қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Шу кунга қадар, асосан, телефон хизматларини кўрсатувчи 2G мобил тармоқларни кенгайтириш вазифаси бажарилган бўлса, ҳозир тармоқнинг қамровини ошириш бўйича лойиҳалар 3G/4G тармоқларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўзида 2200 та 3G/4G база станциясини ўрнатиш режалаштирилган. Қолаверса, телекоммуникация хизматлари учун тариф нархлари арзонлашмоқда. 2019 йил давомида провайдер ва операторлар учун ташқи каналга уланиш тарифлари нархи 1 Мбит/с. учун 17 фоизга, 2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 34 фоиз арзонлаштирилди.
Мамлакатимизда АКТ соҳасидаги энг илғор технологик ишланмаларни жорий этишга катта эътибор қаратилади. 2019 йил сентябрдан иккита маҳаллий мобил оператори — “UZMOBILE” ва “Ucell” 5G технологиясини тест синовидан ўтказа бошлагани шундан далолат беради.
Фуқароларнинг давлат органлари билан алоқасини электрон платформа орқали амалга ошириш, яъни давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ана шу мақсадда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz) ишлаб турибди. Бугунги кунда ушбу портал орқали 200 турдан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда. Улар бўйича йил бошидан бери 1,4 миллионта ариза келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,1 фоиз ошди. Йил якунига қадар умумий хизматлар тури 230 тадан ошади. Жумладан, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш, иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотнома олиш хизматлари жорий қилиниши ҳамда архитектура-режалаштириш топшириғини олиш, кадастр паспортини рўйхатдан ўтказиш, ипотека кредитлари бўйича давлат субсидиясини олиш хизматларининг такомиллаштирилиши режалаштирилган.
Ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланишининг муҳим омилларидан яна бири соҳада рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантиришдир.
Айнан мана шу мақсадни кўзлаб барпо этилган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резидентлари ҳисобланган 400 ташкилотда бугун тўрт минг нафардан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Энг муҳими, ушбу ташкилотларнинг 14 таси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган бўлса, 54 таси янги очилган.
Йил бошидан бери IT-park резидентлари томонидан 560 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 346,2 млрд. сўм, хусусан, экспорт ҳажми 6,1 миллион долларни ташкил этди.
Тошкент шаҳрида IT-park резидентлари сонини кўпайтириш ва етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида умумий майдони 408 минг квадрат метрга тенг ҳудудда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда IT-park инфратузилмаси объектларини қуриш концепцияси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. IT-parkнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифаларнинг тармоқ жадваллари тасдиқланди.
IT-parkнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон (“Digital City” технопарки), Фарғона (IT-parkнинг Марғилон филиали), Сирдарё (IT-parkнинг Гулистон филиали) вилоятларида фойдаланишга топширилиб, Андижон филиалида 10 та ва Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда. Шунингдек, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах, Бухоро шаҳарларида IT-park филиаллари биноларини қуриш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Рақамли технологияларнинг энг катта ютуғи ташкилий, молиявий харажатларни тежаш орқали иқтисодий самарадорликни кескин равишда ошириш имкониятидир. Ҳозир рақамли технологиялардан турли соҳа ва тармоқларда кенг фойдаланилмоқда. Юртимиз учун энг долзарб бўлган шундай соҳаларидан бири қишлоқ хўжалигидир. Мазкур соҳада ҳозирги пайтда катта ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Ҳозирги кунда хорижий компанияларнинг ерни масофадан зондлаш йўлдошлари олган космик суратларни республикамиз ҳудудида қабул қилиш ва уларга ишлов бериш учун геоахборот марказини ташкил этиш лойиҳаси бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Мазкур лойиҳа геоахборот технологияларини трансфер қилиш ва маҳаллий мутахассисларни халқаро даражада тайёрлашни ҳам қамраб олади. Бунинг натижасида космик суратларни қабул қилиш ҳамда уларга ишлов бериш орқали геодезия, картография ва кадастр йўналишлари, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ишлари самарадорлиги таъминланади.
Андижон шаҳрида яқинда очилган IT-park филиали — "Digital City"да “Monterra” номли пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг мақсади сунъий интеллект технологиялари ёрдамида қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг ҳолатини (сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили натижасида аниқлаш орқали) объектив баҳолаш ҳисобланади.
21 июль куни Президентимиз ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилди. Жумладан, йиғилишда кадастр идоралари зиммасига ернинг ҳисоби ва балансини юритиш, йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси юкланди.
Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади. Шунингдек, сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.
Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш борасидаги ишлар ўз вақтида бажарилишида вазирлигимиз бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар билан яқиндан ҳамкорликда иш олиб боради.
Мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади, замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади.
Шуҳрат Содиқов,
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter