Шуҳрат Содиқов: 2021 йилгача барча туман ва шаҳарларда «Рақамли технологиялар марказлари» ташкил этилади
19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу ташаббуслардан бирининг ижроси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юкланган. Унга кўра, вазирликка илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.
Хўш, бу қандай ташаббус? Унинг доирасида қандай вазифалар бажарилади? Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов «Xabar.uz»га қуйидагиларни маълум қилди:
— Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил феврал-март ойларида Сирдарё ва Наманган вилоятларига амалга оширган ташрифи давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бир қатор вазифалар, жумладан, мазкур вилоятларнинг барча туман ва шаҳарларида «Рақамли технологиялар марказлари»ни яратиш (Сирдарё вилоятида 11 та, Наманган вилоятида 12 та) вазифаси белгилаб берилганди.
Ушбу марказларнинг мақсади — ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асосларини ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатишдир. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, аҳоли учун ахборот технологиялари бўйича тайёрлов курсларини ташкил этиш, давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш, масалаларга эътибор қаратиш кўзда тутилган.
Бугунги кунга келиб, ушбу топшириқларни бажариш бўйича вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Биринчидан, жорий йилнинг 9 март куни Наманган шаҳрида республикадаги биринчи «Рақамли технологиялар маркази» ташкил этилди.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, ушбу марказнинг очилиши Наманган вилояти ёшлари ҳаётида муҳим воқеа сифатида қабул қилинди. Буни унда таълим олишни истаган ва курсларда иштирок этиш хоҳишини билдирган кўп сонли ёшлардан ҳам билиш мумкин. Бу ҳолат шу каби марказларга эҳтиёж катта эканлигини кўрсатмоқда.
Шу куни Наманган шаҳрининг 34-мактабида ҳам замонавий компьютер хонаси ташкил этилиб, юқори тезликдаги интернетга уланди.
Иккинчидан, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ҳам шундай марказни очиш учун зарур таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда, келаётган умумхалқ «Наврўз» байрами арафасида ушбу марказни туман ёшларига туҳфа қилиш режалаштирилган.
Хоразм вилояти Хива шаҳрида ташкил этилаётган марказ ҳам март ойининг учинчи декадасида фойдаланишга топширилади.
Учинчидан, бу каби марказларни 2021 йилга қадар босқичма-босқич республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида очиш белгиланган бўлиб, марказ биноларини таъмирлаш, мураббийларини хизмат уйлари билан таъминлаш, ойлик маоши ҳамда марказнинг бошқа харажатларини ҳисобга олсак, битта марказ учун 665 млн.сўм ҳамда республика бўйича эса 134 млрд.сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Тўртинчидан, марказларда 500 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилади. Шу ўринда йилига 100 мингдан зиёд ёшларни ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш ва билимларини ошириш имкониятини яратилади.
Албатта, бу вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириб бориш ҳам кўзда тутилган.
Шу мақсадда 2019-2021 йилларда замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 120 минг км оптик толали алоқа линияларини қуриш ва 1,5 млн. портга тенг замонавий телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали республикадаги барча халқ таълими муассасалари (10 512та), мактабгача таълим муассасалари (5 288та) ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар (3 128 та) 2021 йил якунигача, босқичма-босқич юқори тезликдаги интернет тармоқларига уланиши таъминланади.
Шунингдек, магистрал телекоммуникация тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказларигача 4 баробар ёки (400 Гбит/сгача), туман марказларигача 4 баробар ёки (40 Гбит/сгача) оширилади.
Республикада мобил алоқа хизматлари сифатини яхшилаш ва қамров даражасини кенгайтириш мақсадида қўшимча 10 мингтадан ортиқ мобил база станцияларини ўрнатиш ва модернизация қилиш орқали олис аҳоли яшаш пунктларини мобил алоқа сигналлари билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter