Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда ажаб-ажаб ишлар

Самарқандда ажаб-ажаб ишлар

«Vendo group» вакиллари дронлар билан фермерларнинг эканларига дори сепиб беришди.

Фото: «Xabar.uz»

Самарқандда машинада ўтириб кино кўрадиган кинотеатр ҳақида ёзган эдик. Кейинроқ ғалати кутубхоналар қурилаётганини ҳам хабар қилгандик.

Бугун ана шу ишларни қилиб юрган йигитлар яна бир ғалати янгиликка қўл уришди. Дронлар билан фермерларнинг эканларига дори сепиб беришди.

Фото: «Xabar.uz»

Бу янги-янги ташаббуслар билан чиқиб, ғалати ишларни қилаётган йигитлар Самарқандда илк киностудия очиб, шаҳримиз ҳақидаги бир қанча лавҳалар, фильм-концертлар, ҳатто битта бадиий фильм олишга ҳам улгуришган «Vendo group» компаниясининг йигитлари.

Янги ғоялар «ишлаб чиқарувчи» Хайрулла Мамасолиев, янгиликни ҳаётга татбиқ этувчи Ойбек Остонов ва уларнинг дўстлари.

«Vendo group»нинг янги лойиҳаси бевосита Ўзбекистон президенти эътибор қилаётган фермерлик, боғдорчилик, томорқачилик ишига кўмаклашувчи «AgroDron.uz» лойиҳаси бўлди. Содда қилиб тушунтирсак, «Vendo group» фермерлар ва томорқачиларга уларнинг ғалласи, полизи ва бошқа экинларини дорилашда ёрдам беришни бошлади. Энг муҳими, бу ишлар экинларни босиб-янчиши мумкин бўлган тракторларда эмас, доридан заҳарланиш мумкин бўлган қўлда эмас, дронлар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

− Ҳар бир дрон бир учишда 10 литр дорини кўтара олади ва 1 гектар ерни 12-15 минутда дорилаб бера олади. Дорини кўп, кам, секин ё тез сепиш учун ҳамма созламалари мавжуд. Ҳар хил катталикдаги пуркагичлари бор ва дастур орқали мосламаларни керакли ҳолатга ўтказиш осон, дрон 10 литр дори тугаганда бошқарувчи олдига қайтиб келади ва яна дори солингач, тўхтаган жойига қайтиб, ишини давом эттириб кетаверади, − деди Хайрулла Мамасолиев. – Мана, бугун лойиҳамиз тақдимоти сифатида Жомбой туманидаги Хонқул Самаровнинг боғдорчилик хўжалигида унинг бедаларига «аминопелик» деган дорини дронлар ёрдамида сепиб бердик.

− Бу ғоя қандай туғилди? – сўрадим Хайрулладан.

− Икки йил олдин Исроил қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия қишлоқ хўжалиги вазирлигига кимёвий дорилар сепадиган вертолёт совға қилганини кўрганимда мана шунақа агродронлар ясашни ният қилган эдим, − деди Хайрулла. – Аммо вертолёт қиммат. Бизнинг агродронлар нархи 8-10 минг доллар атрофида бўлади. Сотиб олишса, ишлатишни ўргатамиз, таклиф қилишса, ўзимиз истаган дориларини сепиб берамиз.

− Хизмат ҳақи қанча бўлади?

− Хизмат ҳақи фермерларга маъқул усулда, нақд пулда ҳам олаверамиз, пул кўчириб беришса ҳам майли, кузда, ҳосилни йиғиштириб олгандан кейин маҳсулот шаклида берамиз дейишса ҳам розимиз. Фермерлар берадиган картошка, сабзи, пиёз каби маҳсулотларни хайрия тадбирларимизда болалар уйларига берамиз.

− Президентимизнинг агродронлардан фойдаланишни ривожлантириш керак деган гапини эшитгандим, шунга қизиқдим. Мана, агродронда даламга дори септирдим, − дейди фермер Хонқул Самаров. – Энг қизиғи, дўстларимга дронда дори септирдим десам, устимдан кулишди. «Америкага бориб келдингми, унақа дрон Америкада бор-ку?», — дейишди. Эртага томорқамдаги эканларимга ҳам дрон билан дори септираман, дўстларимни ҳам чақириб қўйдим, бир кўришсин!

− Ҳа, дўстларингизга айтинг, — деди Хайрулла. – Агродрон билан карам, картошка қуртидан тортиб дарахт ширинчасигача дори сепса бўлади.

− Кейинги режалар қанақа? – сўрадим Хайрулладан.

− Агродронлар бўйича сервис хизматини йўлга қўймоқчимиз. Қишлоқларда ҳам устахоналар очиб, бекор юрган ёшларга худди шундай дронлар ясашни, ишлатишни, керак бўлганда таъмирлашни ўргатамиз. Ҳар битта маҳаллада устахона очиш ниятим бор.

− Айтганча, дронларингиз нима билан учади, бензин биланми, керосин биланми?

− Электр токидан қувват оладиган батареяларда учади. Бир қувватлантирилган батарейкалари бир кун ишлатишга етади. 10 гектар ерни икки-уч соатда дорилаб бера олади.

Юртимиз фермерларига мурожаат қиламиз: техника тараққиётига ошно бўлинг, агродронлардан фойдаланинг!

Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг