Садоқат Казиева: «Аpplе»нинг эшиклари мен учун ҳамиша очиқ! (ВИДЕО)
Садоқат Казиева 1987 йил Тошкент шаҳрида туғилган.
Бизнес менежмент бўйича Англияда таҳсил олган.
Сommunication Studies Studies Program бўйича қўшимча таълимни Америкада олган.
Технология оламига 2013 йилда кириб келиб, HP/Recruiting бўйича Kалифорниядаги компанияда фаолият юритган.
2016 йилда Samsung компаниясига HR/Recruiting бўлимига ишга кирган.
2018 йилда эса Apple компаниясида иш фаолиятини давом эттирган.
Ҳозирги кунда Fastech компанияси билан UX/UI дизайнер ва маслаҳатчи сифатида ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, бугунги кунда Wоmen and Tech.uz жамиятининг асосчиси.
Келажакдаги режалари: Хотин-қизларга менторлик қилиш ва UХ/UI дизайнерлик курсини очиш.
Қиз бола ўқиб, дунёни олиб берадими…?
Орамизда қиз бола ўқиб олим бўлармиди, деб фикрлайдиганлар ҳали ҳам бор афсуски.
Аммо бу фикрни ёқламайман, чунки бугунги кунда ўзим ҳам онаман ва айнан ўзим ҳам аёл киши бўлишимга қарамасдан бугунги кунда UХ/UI дизайнер сифатида фаолият юритаман. Менимча, «бу иш қиз боланики, бу иш ўғил боланики» деб ажратиш нотўғри. Агар аёл киши мен бу нарсага қодирман, уддалай оламан деб, ҳаётдаги балансини ушлай олса, ҳамма нарсани бажара олади, чунки ҳар бир инсоннинг ўзига яраша қобилияти бор.
Бугунги кунда биз қизларни фақат яхши келин бўлиш учун тарбиялаб, уларни катта ҳаётдан, турмушга чиқишдан, фарзандли бўлишдан бездириб қўймоқдамиз.
Шахсан ўзимдан қиёс қиладиган бўлсак, 16 ёшимда ота-онам мени Англияга ўқишга юборишган. Бунинг учун албатта бугун уларга катта миннатдорчилик билдираман. Кейинчалик хорижда ўқишга кирдим, ишга жойлашдим, турмуш ўртоғим билан ҳам чет элда танишганмиз. Улар ҳам худди мен каби тил ўрганиш учун хорижга этиб, ўша ерда IТ бўйича ўз фаолиятларини давом эттираётган бўлганлар. Турмуш ўртоғим билан соҳамиз бир бўлганлиги сабаблими, оилада ҳам ишда ҳам бир-биримизни тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшашимиз осон бўлган.
Тўғри, менда ҳаммаси зўр бўлган, ҳаммаси осон бўлган дея олмайман. Менни ҳам айрим муаммолар, ватан соғинчи, ота-она соғинчи қийнаган.
Аммо бу қийинчиликлар мени кучли қилишига ва келгусида ўз мақсадларимга эришишимга дебоча бўлишига ишонганман.
«Samsung» компаниясидаги фаолият…
2013 йилда Калифорнияда технология соҳасидаги илк ишимни бошлаганман. 2015 йилдан сўнг Калифорниядан Остонга кўчиб кетганимиздан кейин «Samsung»га ишга кирганман. «Samsung»да иш жараёни жуда қизиқарли, у ерда 85 фоиз кореяликлар ишлашар эди. Урф-одат ва маданият ҳам айнан уларга хос эди. Бу ерда ишлаб, ўзимга жуда кўп нарса олдим, ривожландим. Аммо IТ бўйича етук мутахассис бўлиш ва янада ўсиш истаги менга тинчлик бермас эди. Бу мақсадимга эса айнан «Samsung» компаниясининг ўзида эриша олмаслигимни тушуниб етдим.
«Аpplе»га кириб келишим…
Мен ҳар куни «Samsung» компаниясига ишга кетар эканман, «Аpplе» компаниясининг ёнидан ўтардим. Уйимга ишхонамга нисбатан анча яқин бўлишига қарамасдан бу ерда ишлашни аввал ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эканман. Бир куни ишга кетаётиб, светофорда турганимда, бирдан ичимда «Аpplе» компаниясида ишлаб кўриш фикри пайдо бўлди. Уйга келгач, «Аpplе» компаниясидан иш топишга ҳаракат қилиб кўрдим ва шартнома асосида ишга кирдим.
«Аpple»дан нима сабабдан кетдим…?
Ушбу компанияда уч йил давомида фаолият юритдим. Аммо шахсий ҳаётимиздаги айрим ўзгаришлар, фарзандларимизни ўзимиз туғилиб, ўсган она юртимизга олиб келиш ва миллий урф-одатларимиз руҳида тарбиялаш истаги сабаб «Аpplе»ни тарк этишга мажбур бўлдим. У ерда яна ишлаган бўлармидингиз деган саволга, мен бажонидил «ҳа» деб жавоб берган бўлардим, ўйлайманки «Аpplе»нинг ҳам эшиклари мен учун ҳамиша очиқ.
Ўзбекистондаги ҳозирги фаолиятим…
Ўзбекистонга келиб кўрдимки, бу ердаги ёшлар ҳам хориждаги ёшлардан ҳеч ҳам қолишмас экан. Ҳозирда мен UХ/UI дизайнер сифатидаги фаолиятимни Ўзбекистонда ҳам давом эттирмоқдаман ва бу ердаги ёшларга ҳам иш жараёнида ўз билимларимни ўргатиб келмоқдаман.
Кўп пул топиш учун IТни танлаш…
Пул топиш учун карьерани танлаш бу жуда нотўғри деб ҳисоблайман. Тўғри, пул мотивация бериши мумкин, аммо сизда қилаётган ишингизга нисбатан хоҳиш бўлмаса, бу ишда муваффақиятга эриша олмайсиз.
IТ мутахассиси бўлиш учун олий маълумот ва диплом керакми?
IТ соҳаси инсондан доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади. Бу соҳада 4 йил ўқидим ёки қайсидир ойлик ўқув курсини тамомладим, бўлди эмас, доимий равишда изланишда бўлиш керак. Шахсан ўзим ҳам ҳозирда ҳаттоки ютубе орқали бугунги кундаги соҳага оид янгиликлар билан танишиб бораман.
IT соҳасининг аёлларга қулай тарафлари…
IТ соҳаси фақат эркаклар учун деган нарса йўқ аслида. Бугунги кунда ишлайман, ўқийман, ўрганаман деганлар учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд. Бирор муассасага бориб ўқишга шароити бўлмаганлар учун онлайн таълим олишга ҳам имконият етарли.
Турмушга чиқиб, фарзандли бўлган аёллар учун ҳам IТ соҳасида имкониятлар талайгина. Оила ташвишлари IТ соҳасида фаолият юритиш учун тўсиқ бўла олмайди. Чунки уй шароитида ҳам, бўш вақтида масофадан туриб, иш фаолиятини олиб бориши мумкин. Бунинг учун албатта сизга интернет ва ноутбук ёки компютер керак бўлади.
Мижозлар билан алоқага чиқиш ёки ходимлар билан мажлис қилиш учун ҳам ҳозирги кунда zoom платформалари ҳам мавжуд. Шу тарафлама IТ соҳаси бошқа соҳаларга қараганда аёллар учун жуда қулай ҳисобланади.
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter