Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ректорлар учун Huawei компанияси офисида давра суҳбати ўтказилди

Ректорлар учун Huawei компанияси офисида давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистондаги етакчи университетлар ректорлари АКТ таълимини ривожлантириш йўналишини муҳокама қилиш мақсадида Huawei компаниясида йиғилдилар. 2021 йилнинг 2 апрелида Huawei компанияси офисида АКТ академиясининг очилиши ва мазкур соҳанинг таълим йўналишини ривожлантириш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Huawei таклифига биноан ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли иқтисодиёт ва IT соҳасида кадрларни тайёрлашга ихтисослашган университетлар раҳбарлари янги шароитлар билан танишиш мақсадида компания офисига ташриф буюришди. Шу куни Техник ечимларни тайёрлаш ва сотишни қўллаб-қувватлаш маркази (ТССК) жойлашган бинонинг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур марказ Huawei Uzbekistan офисидада 2012 йилда очилган бўлиб, Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари ва Россиядаги сотув жараёнини техник қўллаб-қувватлаш бўйича бешта глобал марказлардан бири ҳисобланади.

Тошкент Ахборот технологиялари университети, Тошкентдаги ИНҲА университети, Тошкентдаги ЕОЖУ институти, Тошкентдаги Амити университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, шунингдек МГИМОнинг Тошкентдаги филиали ректорлари очилиш маросимида иштирок этишди, янги офисни кўздан кечиришди ва компаниянинг янги ечимлари билан танишишди.

Маросимдан сўнг, университет ректорлари ва компания раҳбарияти билан давра суҳбати ташкил этилди. Учрашув давомида Huawei ўзининг АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш, иқтидорли битирувчиларга амалиёт ўташ имкониятларини тақдим этиш ва уларни иш билан таъминлаш бўйича келгусидаги режалари билан бўлишди. Муҳокама қилинган яна бир мавзу — АКТ соҳасида ўқитувчилар ва мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлод ўртасида рақамли технологиялар билан ишлаш кўникмаларини оммалаштириш, мутахассисликларни яратиш ва оптималлаштириш, ўқув дастурлари тизимини мукаммаллаштириш ва лабораторияларни қуришда ҳамкорлик қилиш бўлди.

Шу мақсадда маҳаллий университетларда Huawei компаниясининг «АКТ академияси»ни очиш масаласи кўрилди. Мазкур дастур Ўзбекистон талабаларига АКТ маҳсулотлари ва Huawei технологияларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этади, Huawei компаниясининг сертификатлаш дастурида иштирок этишларига имкон яратади ва Ўзбекистонда жамиятга ва АКТ саноатига фойда келтиришга қодир истеъдодларнинг ривожланишига ёрдам беради.

Суҳбат давомида ректорлар ўз муассасаларида «АКТ академияси» лойиҳасини ишга туширишни қўллаб-қувватлаш ва Huawei компанияси билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрликларини билдиришди.

«Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшлари учун АКТ соҳасида, жумладан 5G ва сунъий интеллект каби сўнгги технологияларни ўрганиш, компаниямизда амалиёт ўташ, яхши маош тўланадиган иш билан таъминлаш, шунингдек, ишлаш учун ҳам, бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун ҳам халқаро даражадаги шароитларни яратиш борасида қандай имкониятлар очиб берилаётганига ишонч ҳосил қилишлари учун ректорларни таклиф қилдик. Huawei компанияси ахборот технологиялари соҳасида, саноатнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришда ва қимматли рақамли кадрларни шакллантиришда Ўзбекистоннинг етакчи университетлари билан ҳамкорликни давом эттиришга тўлиқ тайёрлигини маълум қилади», — дейди Huawei Uzbekistan директори Лю Тсзясин.

Суҳбат давомида ректорлар ўз фикрлари ва ғоялари билан бўлишдилар. Шунингдек, энг муҳим масалаларни, янги имкониялар ва таълим дастурлари призмаси орқали АКТ саноатини ривожлантириш йўналишини муҳокама қилиш учун мана шу шаклда тез-тез йиғилиб туришга келишиб олишди.

Huawei компанияси 20 йилдан буён Ўзбекистонда ўз фаолиятини юритиб келмоқда ва АКТ соҳасида бўлажак мутахассисларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратмоқда. Компания Ўзбекистондаги интернет технологиялари университетлари билан олиб бораётган узоқ муддатли ҳамкорлиги асосида 7 йилдан буён Seeds for the Future лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. 2021 йилнинг ноябр ойида лойиҳа онлайн шаклда бўлиб ўтади ва унда иштирок этиш учун таклиф қилинган университетлар рўйхати кенгайтирилиб, кўп сонли талабалар қамраб олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг