Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирқ ёшлилар омон бўлса, симли алоқа яшайверади

Қирқ ёшлилар омон бўлса, симли алоқа яшайверади

Фото: «Optus»

Рақамли технологияларнинг шиддати-ю қамрови ҳеч бир ўлчовга сиғмайди бугун, ҳаммаёқда рақамлаштириш: телевидение, фотография, телекоммуникациялар, ... Хуллас, фақат рақамлар. Энди муддаога ўтсак: ётганида ҳам, турганида ҳам кўпчиликнинг қўлидан телефон тушмайдиган бугунги замонда симли телефонларнинг қанча умри қолди? Наҳотки, аналог технологияларга қўшилиб энди симли алоқа ҳам йўқолиб кетса.

Яқинда рус журналисти Евгений Лобанов Нижний Тагил шаҳридаги бузилишга тушган АТСдан тайёрлаган фоторепортажини интернетга жойлади. Бир пайтлар биз билан бир хил стандартлар, бир хил техника ва технологияларни ишлатган Россия телекоммуникация технологияларида авлодлар алмашинуви қандай кечаётгани ҳақида яхши репортаж.

Девордаги тумблер шақ этади-ю ҳаммаси тамом. Рангли чироқлар ўчади, агрегатларнинг ғувиллаши ва чиқиллаши тинади. Олти юз квадрат метрли улкан залга сукунат чўкади. Нижний Тагилдаги аналог станция – 25-АТС тўхтатилди. Тез орада бу ерга ишчилар етиб келишади: ГДР, Чехословакия, собиқ иттифоқнинг ўзида ишлаб чиқарилган турли қурилмаларни утилизацияга бўлаклашади.

25-АТС СССР қуёши сўниб бораётган бир пайтда – 1987 йили фойдаланишга топширилган.Ўз даврида Нижний Тагилдаги аналог станция анчайин катта ва юқори технологияли АТСлардан бири бўлган. Шаҳар марказида жойлашган, демак, барча давлат хизматларидан тортиб тез ёрдамгача шу ердан таъминланган.

Қачонлардир муайян қурилмага хизмат қилувчи техниклар кўп эди. Алоҳида одам электрон регистрларга жавоб берар, унга реледаги стативларга қаровчи регулировкачи кўмаклашарди. Фақат шаҳарлараро чиқувчи рақамни автоматик аниқловчи қурилманинг ўзига битта муҳандис бириктириларди. Ва яна турли вазифаларни бажарувчи ўн бешталаб одамлар. Уларнинг ҳаммаси Нижний Тагилдаги 8000 абонентни алоқа билан таъминлаган.

Бироқ вақт чархпалаги беаёв айланмоқда. Симли телефонларга уланиш учун навбат кутишдан тоқати тоқ бўлган одамлар янги кириб келган интернет ва уяли телефонларга юз буришди. Замонавий автоматлашган қурилмалар эса кўплаб АТС ходимларини ишсиз қолдирди. 25-АТСда охирги йилларда бор-йўғи 5 киши ишларди, бу пайтга келиб улар 40 000 абонетга хизмат кўрсатарди. Аналог АТСлар функциясини янада замонавий тизимлар уддалаяпти, уларнинг ишини олдингидек ўнлаб одамлар эмас, балки биргина навбатчи мониторда кузатмоқда. Ва яна бир муҳандис.

«Ростелеком»дагиларнинг ишонч билдиришларича, ҳали-вери симли овозли алоқанинг «жони узилмайди»

Ана энди савол: булар керакми? ХХI асрда яшаяпмиз ахир, ҳар бир чўнтакда смартфон, ҳар бир хонадонда мессенжер ва ижтимоий тармоқларга тўлиб-тошган ноутбук ва компютерлар – хоҳласанг гаплаш, хоҳласанг ёзиш, истасанг бирваракайига кўплаб шериклар билан видеоалоқага чиқ. Шундай экан, телефон симига ўралашиб юриш шартми? Бироқ «Ростелеком»дагиларнинг ишонч билдиришларича, ҳали-вери симли овозли алоқанинг «жони узилмайди».

Бу аввало давлатга керак, ишончли, ерга кўмилган кабеллар фавқулодда ҳолатларда жуда асқотади. Ўтган ёз Нижний Тагилга довул ёпирилди ва бошқа қулайликлар қатори шаҳарни деярли алоқасиз ҳам қолдирди. Мобил операторларнинг база станциялари ишламай қолди, «ҳаводан олувчи» аксарият провайдерларнинг интернети узилди. Узоқ йиллар аввал ерга кўмилган мис симларга эса... бало ҳам урмади.

Симли телефоннинг барҳаётлиги учун яна бир сабаб бор. Алоқачилар сўнгги пайтларда бу алоқа воситасидан фойдаланувчилар сони 40 фоизга камайганини айтишди. Бироқ, бу шуни англатадики, 60 фоиз абонентлар ҳамон симли алоқадан фойдаланишяпти. Кўпчилик ўйлаганидек, симли телефон фақат пенсионерлар ишлатадиган алоқа воситаси эмас. 355 минг киши яшовчи Нижний Тагилда 40 минг телефон абоненти бор. Собиқ 25-АТС ходимларининг айтишларича, симли телефонга талаб камаймаслиги инсон психологияси билан ҳам боғлиқ. Симли алоқадан фойдаланиш ҳозирги 40-50 ёшлиларнинг қон-қонида бор. Қачон уларнинг ўрнига «қўлида айфон билан туғилган» авлод келмагунча, симли алоқага талаб сақланиб қолаверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг