«Қатар фондидан йилига $70 000 дан кўпроқ грант оламан» – Юсуфбек Насриддинов
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси орқали интервьюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Carnegie Mellon университетининг Қатардаги филиали талабаси Юсуфбек Насриддинов. Қаҳрамонимиз Андижон вилоятида туғилган.
«Бизнесдаги ҳар бир жараённи чуқур тушунувчи раҳбар бўлмоқчиман...»
Болалигимдан бизнес қилишга қизиққанман, яъни одамларнинг мавжуд муаммолари ва қийинчиликларини енгиллаштиришга қаратилган хизматларни жорий қилиш орқали тадбиркорлик қилишни хоҳлардим. Албатта бизнес юритиш учун биринчи навбатда ҳисоб-китобни яхши билишингиз, бошқарувчанлик қобилиятига эга бўлишингиз керак. Шу мақсадда математика, физика ва инглиз тилларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилганман. Қолаверса, бу бўйича хориж тажрибасини ўрганиш борасидаги иштиёқим ҳам юқори эди.
Очиғи, мендаги мақсад шунчаки чет давлатда ўқиш эмас, балки энг кучли университетга кириш бўлган. Лицейда иккинчи босқичда ўқиб юрганимда Массачусетс технология институти (Massachusetts Institute of Technology – MIT) дунё бўйича биринчи ўринда турарди. Физикани кўп ўқирдим, шу фандан олимпиадаларга қатнашардим. Шунинг учун соҳамдаги энг зўр олийгоҳ қайсилигига қизиққанман. MIT нафақат технологиялар бўйича, балки умумий рейтингда ҳам етакчи ўринда турар экан.
Биринчи йили ўқишга кириш учун MIT га ҳужжат топширганимда, афсуски, йиқилганман. Иккинчи йили, аниқроғи 2019 йил эса Carnegie Mellon университетининг Қатардаги филиалига грант асосида қабул қилиндим. Тўғри, бу университет технологиялар борасида биринчи ўринда эмас, лекин IOS бўйича етакчи ўринда, мен танлаган бизнес соҳасида эса дунё бўйича олтинчи ўринда туради. Университетда асосий йўналиш – «Бизнес таҳлили» ва «Молия» йўналишлардан ташқари, кичик йўналиш сифатида «Халқаро сиёсат»ни танлаганман. Яқинда 2-курсни тамомладим.
Умуман, «Бизнес бошқаруви» соҳасини танлашимга сабаблар кўп. Хусусан, бугунги кунда ҳар қандай ғоянгиз бўлса ҳам, албатта, уни амалга ошириш учун жамоа шакллантиришингиз керак. Мен эса, жамоада бизнесдаги ҳар бир жараённи чуқур тушунувчи ва тўғри қарор қабул қила олувчи раҳбар бўлмоқчиман. Шунинг учун ҳам ҳозир Қатарда таҳсил оляпман.
«Келажак табиий бойликларни доимий экспорт қилишда эмас эканлигини тушуниб етишган...»
Қатар давлатида икки йилдан бери яшаб ва ўқиб мамлакатнинг кўплаб ижобий жиҳатларига гувоҳ бўляпман. Масалан, Қатар 2020 йили дунё бўйича энг тинч давлат сифатида эътироф этилди.
Қолаверса, Қатар давлати таълимга жуда катта инвестиция ажратган. Бу стратегик қарорларининг энг яхшиларидан деб биламан. Мисол учун, мен давлатга қарашли Қатар фондидан йилига $70 000 дан кўпроқ грант оламан. Биргина ушбу мисол ҳам мамлакатнинг таълимга нақадар кучли эътибор қаратишини кўрсатади.
Шу билан бирга мен ёқтирган жиҳатларидан яна бири ҳозир бу ерда IТ лойиҳаларини молиялаштиришга жиддий киришилган. Бир сўз билан дастурлаш соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашмоқда. Чунки келажак табиий бойликларни доимий экпорт қилишда эмас эканлигини тушуниб етишган. Шу туфайли ҳам имкон қадар бошқа саноат соҳаларини ривожлантиришга ҳаракат кучли.
«Таълимга эътибор ҳозирги бошқарув тизимида ишламаётган қайсидир йўналишларни тўғрилашга имкон беради...»
Ўзбекистонда бўлаётган ҳар бир ўзгаришни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Албатта ҳозирги кунда қилинаётган ислоҳотлардан жуда ҳам хурсандман. Бироқ саволингиздан келиб чиқиб, мамлакатимизда янада кўпроқ эътибор бериш керак бўлган йўналишлар ҳақида гапиришни истардим. Булар – таълим, тиббиёт, бизнес ва коррупция.
Таълим бу жамият ривожланишида ҳар қайси давр ва жойда энг муҳим омиллардан бўлган. Аминманки, таълимга эътибор бериш ҳозирги бошқарув тизимида ишламаётган қайсидир йўналишларни тўғрилашга улкан имкон беради.
Яна бир масала – мамлакатда ҳамма учун тенг ва эркин бизнес муҳитини ривожлантириш зарур. Яъни монополияни буткул йўқотиш керак. Чунки монополиядан давлат ҳам, жамият ҳам бирдек зарар кўради.
Шунингдек, кузатишларим бўйича тиббиёт бозори ҳам чуқур ислоҳ қилишга эҳтиёж бор. Боиси тиббиёт маҳсулотларининг юқори нархда эканлиги, аксарият қўштирноқ остидаги тадбиркорларнинг тиббиёт соҳасига фақатгина молиявий нафсини ўйлаб кирганлигини кўрсатади. Бунга тизимли ва қатъий чоралар кўриш лозим.
Кейин албатта ҳар қандай коррупция турлари билан аёвсиз курашиш ҳам шарт. Сабаби инновацион ғояларимиз орқали давлатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ҳаракат қилмайлик, коррупцияни аввал ҳал қилмас эканмиз, бирор бир инқилобий ўзгаришларни кутишимиз нотўғри менимча.
«Асосий вақтимиз ўқиётган курсларимиздаги китобларни ўрганиш ҳамда чуқурроқ таҳлил қилишга кетади...»
Тўғрисини айтганда, университетда ўқиш пайти жуда ҳам банд бўламиз. Чунки асосий вақтимиз ўқиётган курсларимиздаги китобларни ўрганиш ҳамда чуқурроқ таҳлил қилишга кетади ва бу китоблар бадиий ёки шунга ўхшаш эмас, балки айнан маълум бир мавзуга бағишланган.
Аммо шундай бўлса-да, имкон қадар бошқа турдаги китобларни мутолаа қилишга ҳаракат қиламан. Мисол учун, айни кунларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Кифоя» деб номланувчи китобини ўқияпман. Ундан ташқари бугунги кунда тобора оммалашиб бораётган аудио китобларни тинглаш ҳам билим олиш ва ҳордиқ чиқаришга ёрдам бермоқда.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter