Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат онлайн равишда амалга оширилди
Бугун, 23 декабрь куни e-notarius.uz ахборот портали орқали биринчи онлайн нотариал ҳаракат масофадан туриб расмийлаштирилди. Бу Марказий Осиёда миқёсида ҳам нотариусга бормасдан туриб амалга оширилган биринчи онлайн нотариал ҳаракатдир. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Фуқаро У. В. нотариал идорага келмасдан туриб, вояга етмаган фарзандини чет элга чиқишга розилик бериш аризасини видеоконференцалоқа ёрдамида расмийлаштирди. Мазкур хизмат тест режимида ишга туширилди ва кейинги йилнинг бошидан тўлиқ татбиқ этилади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариал идорага бормасдан, нотариус қабулида навбат кутмасдан, уйдан ёки дунёнинг исталган жойидан туриб, айрим нотариал ҳаракатларни масофадан, яъни видиеоконференцалоқа ёрдамида e-notarius.uz ахборот портали орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
Эндиликда e-notarius.uz ахборот портали орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлашни, ижро хатини ёзишни, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашни (доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик бериш билан боғлиқ ариза ва мажбуриятномалар), шунингдек тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.
Қандай амалга оширилади?
Онлайн нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун e-notarius.uz ахборот порталига кириб, республикадаги исталган нотариусга масофадан туриб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилинади.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мурожаат қилувчининг шахсига оид маълумотлар ONE ID — Идентификациялашнинг ягона тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади. e-notarius.uz ахборот порталида нотариусга мурожаат қилишнинг тартиби ва босқичлари фуқаролар тушуниши учун қулай шаклда, алоҳида эслатмалар билан ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилган.
Маълумотлар мурожаат қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг, онлайн нотариал ҳаракат учун тўлов квитанциялари ҳам автоматик равишда шакллантирилади.
Мурожаат қилувчи ва нотариус келишилган вақтда нотариал ҳаракатни рўйхатдан ўтказиш учун видеоконференцалоқага чиқади ва нотариал ҳаракат расмийлаштирилади.
Ўзбекистонда онлайн нотариал ҳаракатлар даври бошланди ва Адлия вазирлиги бу амалиётни доимий кенгайтириб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter