Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимжон Умаров: «Ёшларни интеллектуал касбларга йўналтириш лозим, акс ҳолда...»

Олимжон Умаров: «Ёшларни интеллектуал касбларга йўналтириш лозим, акс ҳолда...»

Олимжон Умаров.

Фото: «Халқ сўзи»

«Рақамли иқтисодиёт, бу — алоҳида фаолият тури эмас. Бу, аслида, ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматлар деганидир. «Рақамли» атамаси мазкур соҳаларнинг барчаси ахборот технологияларидан фаол фойдаланишни англатади», — дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров «Халқ сўзи» мухбири билан суҳбатда.

Суҳбат Президентнинг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони долзарблиги, АКТ соҳасида кузатилаётган янгиликлар ҳақида кечган. Мазкур суҳбатни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Фармонга кўра, рақамли иқтисодиёт бўйича янги бошқармага асос солинди. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик ва умуман, иқтисодиётни ривожлантиришда қандай роль ўйнайди?

— Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс ҳисобланса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар бўлади. Уларнинг таҳлилидан сўнг тўғри бошқариш бўйича ечим ишлаб чиқилади.

Дарвоқе, «рақамли иқтисодиёт» атамаси миллий қонунчилигимизда илк бор қўлланилмоқда. Бироқ дунё тенденцияси шуни кўрсатаяптики, барча ривожланган давлатлар уни шакллантиришга аллақачон киришган. Ўзбекистон ҳам мазкур жараёндан четда қолмаслиги керак. Зеро, биз глобаллашув, дунё ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш ҳақида гапирарканмиз, бу борада ўзгарган (трансформация қилинган, янгиланган) иқтисодиёт равнақи муҳим саналади.

Яратилган махсус бошқарма иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш билан шуғулланади. Бу йирик саноат объектлари иш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда ўсиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради.

Агар глобал нуқтаи назардан қаралса, бугун башарият жаҳон иқтисодиёти тармоқлари, инсонлар ҳаёти, турмуш асослари ўзгариши билан боғлиқ қизиқ даврни бошдан кечирмоқда. Бу барча технология, компьютерлар интернет орқали бир-бири билан боғланиб бораётгани ила изоҳланади. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда қарийб беш миллиард қурилма бутунжаҳон «ўргимчак тўри»га уланган. Яқин беш йил ичида уларнинг сони йигирма миллиардга етиши кутилаётир.

Айни пайтда сунъий ақл ва когнитив интеллектуал тизимлар жадал тараққий топаяпти. Бунинг натижасида яқин келажакда айрим касблар ўз долзарблигини йўқотади ҳамда вақти келиб, йўқ бўлиб ҳам кетади. Мисол учун, «IoT» автоматлаштирилган тизими аллақачон синовдан ўтказилаяпти. Пировардида роботлар автомобиль ҳайдовчилари, учувчилар ва ҳатто, ҳуқуқшуносларнинг ҳам ўрнини эгаллаши мумкин.

— Ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилиши мамлакатда ишсизликнинг кўпайишини англатмайдими?

— Келгусида механик ҳамда жисмоний меҳнат ўрнини робототехника эгаллаши кун сайин ойдинлашиб бораяпти. Шунинг учун стратегия ишлаб чиқиш, рақамли кўникмаларни оммавий шакллантиришни таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Ёшлар янги касблар, турли технологиялардан фойдаланиш, компьютерлар, интернет, катта миқдордаги рақамли маълумотларга ишлов беришга тайёр туриши керак. Яъни қандайдир жараёнлар автоматлаштирилар экан, одамларни бошқа, янада долзарб интеллектуал касбларга йўналтириш лозим. Агар бу иш қилинмаса, «рақамли узилиш» дея номланувчи ҳолат юзага келади ва у АКТнинг жадал ривожланиши билан ўткирлашиб бораверади.

Қисқача айтганда, бугун рақамли иқтисодиётнинг иккита вазифаси бор: амалдаги жараённи изчил автоматлаштириб бориш ҳамда одамларни ўз фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланишга тайёрлаш.

— Барча соҳани автоматлаштириш ҳақида гап кетар экан, ахборот хавфсизлиги масаласини назардан четда қолдириб бўлмайди. Шундай экан, миллий электрон тизим хуружлардан қай даражада ҳимояланган?

— Қачонки кўплаб маълумотлар рақамли форматга ўтказилса, электрон кўринишда сақланса, ўшанда ахборот ва киберхавфсизлик масаласи долзарблик касб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича шундай талаб қўйилганки, соҳа мутахассислари бу борада рўй берган қандайдир нохуш ҳодиса бўйича муаммони ўрганиши эмас, балки бундай ҳолатни олдиндан кўра билиши, яъни олдинга ўтиб ишлаши зарур. Бинобарин, бугун Ахборот ва жамоат хавфсизлиги маркази фаолият юритаётган бўлса-да, вазирлик таркибида янги ахборот хавфсизлиги бошқармаси тузилаяпти.

Статистикага кўра, ахборот маконидаги бузилишлар кўпинча инсон омили билан боғлиқ бўлади. Кимдир калит сўз (пароль ёки махфий сўз)ни содда тузади, кимдир уни компьютерида сақлайди ёки энг ёмони — очиш коди ёзилган стикерни мониторига ёпиштириб қўяди. Шундан келиб чиқиб, давлатнинг ҳамма мансабдорларини ахборот хавфсизлиги бўйича оммавий ўқитиш учун комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Уларнинг ҳар бири конфиденциаль, махфий, шахсий маълумотлар мавжуд бўлган хизмат маълумотлари билан ишлаётганини англаб етиши лозим. Қандайдир маълумотлар билан ишлашда масъулиятни ўз бўйнига олиши, уларни ҳимоя қила билиши муҳим.

Барча давлат органи на ташқи оламдан кира оладиган ҳамда на ташқи оламга чиқа оладиган ва алоҳида ҳимояланган тармоқ орқали идоралараро ахборот ҳамкорлигини юритади. Бу маълумотларни хавфсиз узатишни таъминлаб берувчи шифрлашнинг махсус воситаси билан муҳофаза этилган алоқанинг ички канали ҳисобланади.

Кези келганда яна бир бор қайд этиш жоизки, ҳозирги пайтда янги технологиялар иқтисодиётнинг барча жабҳасига татбиқ қилинаётир. Шу боис нафақат мансабдор шахс, балки маълумотлар билан ишлаш жараёнига у ёки бу даражада боғланган ҳар бир киши фойдаланилаётган қурилмани ҳар қандай хуруждан ҳимоялаш усулларини билиши шарт. Мисол учун, коммунал хизматлар кўрсатувчи ходимлар абонентлар ҳақидаги маълумотлар — уларнинг манзили, телефон рақамлари ҳамда бошқалар сақланадиган махсус биллинг тизимини қўллайди. Шунинг учун уларни ахборот хавфсизлиги воситалари бўйича ўқитиш муҳим. Бинобарин, технологик жиҳатдан ҳамма нарсани ҳимоя қилиш мумкин, лекин ахборот хавфсизлигини таъминлаш меъёрлари ва қоидаларини билмаган одамга ҳар қандай ҳимоя, антивирус тизими ҳам ёрдам бера олмайди.

— Давлат органлари ҳамда бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ҳамда ривожлантиришга масъул бўлган ходимларини мукофотлаш масаласи Фармондаги янгиликлардан бири бўлди. Мазкур жараён қандай амалга оширилади?

— Қўллаб-қувватлашнинг биринчи механизми — замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ҳамда ривожлантиришга масъул бўлган ходимларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Мисол учун, поликлиникада АКТни ривожлантириш бўйича мутахассис бор, дейлик. Одатда, улар техник ходим саналади ва ойлик маоши ҳам катта эмас. Шу сабабдан ушбу лавозимда ҳеч ким узоқ қолмайди. Эндиликда бюджет ташкилотлари уларга маоши бўйича устама бериш имкониятига эга бўлмоқда. Бунинг учун раҳбар йиллик харажатлар сметасини шакллантиришда АКТ мутахассисларини мукофотлаш унга зарур эканлигини кўрсатиши лозим. Масалан, ойига икки миллион сўм деб. Устамалар бюджет ҳисобидан қопланади.

Иккинчи механизм вазирлик ҳузуридаги АКТ департаментлари раҳбарларини ҳар йил якунлари бўйича бир марталик мукофотлашдир.

Бунда энг кўп мукофот миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробарини, яъни бугунги кунда қарийб 17,5 миллион сўмни ташкил этади. Айни пайтда мазкур мукофотни бериш тартиби белгилаб қўйиладиган низом ишлаб чиқилаяпти. Асосий эътибор муносибларни аниқлашда шаффофлик, демократик принципларга риоя этилиши ҳамда холисликни таъминлашга қаратилмоқда.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вакилларидан ташқари «Mirzo Ulugbek Innovation Center» мутахассислари, таниқли IT-компаниялар ходимларини жалб қилган ҳолда, ҳакамлар ҳайъатини шакллантириш режалаштирилаётир. Яратилган махсус веб-ресурс ҳар бир департамент фаолиятини, бажарилган ишлар натижаларини ўзида ифодалайди.

Яна бир муҳим жиҳат — аҳоли онлайн овоз беради. Яъни давлат сайтлари фаолияти, улар томонидан жорий этилаётган хизматлар долзарблигини истеъмолчиларнинг ўзлари баҳолайди. Танлов якунида АКТни жорий қилиш бўйича энг яхши вазирликлар рейтинги тузилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг