Нима билан шуғулланишни билмай юрган минглаб ёшлар учун юқори маош ва муносиб иш таклиф қилинади
Тошкент шаҳрида ахборот технологияларини ривожлантиришга бағишланган «StarTTech» конференцияси ташкил этилиб, унда таниқли экспертлари иштирок этишгани хабар қилинганди.
Ушбу конференциядан «Xabar.uz» онлайн видеотрансляция амалга оширганди.
Тадбирда IТ-парк директори Фарҳод Ибрагимов сўзга чиқиб, IТ-парк бундан бир йил олдин ташкил этилгани ва шу қисқа вақт ичида тарихга муҳрланган бир қанча воқеалар содир бўлгани, ташкилотнинг йил якунлари ва келажак режалари ҳақида айтиб ўтди.
Резидентлар
Фарҳод Ибрагимовнинг қайд этишича, IТ-паркнинг резидентлик дастури ташкилотнинг асосий блокларидан биридир. Айни вақтда IТ-паркда умумий экспорт ҳажми 15 миллион долларга тенг бўлган 363 та резидент бор. Резидентлар асосан улгуржи савдо ва дистрибуция, молиявий бозорлар ва технологик ишлаб чиқариш билан шуғулланишади. IТ-парк ҳудудида махсус имтиёзлар тақдим этилган бўлиб, унинг резидентлари жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан ташқари деярли барча солиқлардан озод қилинган. Бундан ташқари, резидентлар божхона тўловларини тўлашлари шарт эмас ва улар ички ҳисоб-китобларда доллардан фойдаланишлари мумкин.
IТ-парк Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам чиқади
Ўзбекистонда 33 миллион киши истиқомат қилади, бу Марказий Осиё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади. Мамлакатда фуқароларнинг ўртача ёши 27 ёшни ташкил этади, шунинг ҳисобига бизда 18 миллиондан ортиқ меҳнатга лаёқатли одамлар бор.
«Мамлакатимиз барча ҳудудларида жамланган улкан инсоний салоҳиятга эга ва биз уни ривожлантиришимиз керак. Бироқ, бир муаммоимиз бор – бизда нима иш билан шуғулланишни билмай турган мактаб битирувчилари жуда кўп. Шунинг учун бизда мазкур муаммони ҳал қилишга қаратилган бир қанча муҳим ташаббуслар мавжуд. Бу муаммонинг энг кенг кўламли ва истиқболли ечимларидан бири бу – республикамизнинг ҳар бир минтақасида IT-марказларнинг очилишидир. Яхши IТ-мутахассис бўлиш учун олий маълумот дипломига эга бўлиш шарт эмас, масалан, улар рақамли технологиялар марказларида IТ-хизматларини экспорт қилиш учун тузилган курсларда ўқитилгандан сўнг юқори маошли касб эгаси бўлишлари мумкин», – деди IТ-парк директори.
Ушбу IT-марказларда исталган киши ахборот технологиялари бўйича бепул онлайн ва оффлайн таълим олишлари мумкин ва уларда ўқув курслари ўзбек тилида ҳам олиб борилади. IT-марказларда нафақат таълимни энди бошлаган бошланғич даражадаги ўқувчилар, балки амалий иш тажрибасига эга, ўз малакасини оширишни хоҳловчилар ҳам таълим олиш имкониятига эга бўладилар.
IТ-таълим
Ахборот технологиялари ҳар қандай ривожланган иқтисодиётнинг асосини ташкил этади, IT-мутахассисларнинг билимлари, уларнинг рақамли майдондаги ишлари жамиятнинг интеллектуал салоҳияти учун ниҳоятда муҳимдир. IT-хизматларнинг экспорти ҳажми бўйича Ўзбекистон ҳали ҳам ушбу йўналишда азалдан кучли бўлиб келган Белорусия, Украина, Польша ва бошқа мамлакатлардан орқада қолмоқда, шунинг учун IТ-паркнинг устувор вазифаларидан бири бу мазкур соҳадаги ҳолатни тубдан ўзгартиришдир.
IТ-парк қошидаги академия – 2019 йил 21 ноябр куни Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан биргаликда эълон қилинган «One Million Uzbek Coders» миллий дастурининг асосий ижрочисидир.
IТ-академиянинг «One Million Uzbek Coders» лойиҳаси доирасида дастурлаш ва маълумотларни таҳлил қилишнинг энг кўп талабга эга бўлган йўналишлари бўйича «Udacity» халқаро платформасининг тўртта курси ўзбек тилига таржима қилинди. Бугунги кунга қадар бу дастур бўйича 85 нафар ўқитувчи таълим (ToT) олди, 6000дан ортиқ талабалар курсга ёзилди ва 600дан ортиқ талаба аллақачон биринчи босқични тугатдилар.
Шунингдек, IТ-парк иштирокида «IT-Nation» лойиҳаси доирасида бутун республика бўйлаб 20 та мактабда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда, IT-таълим лойиҳаси синов тариқасида амалга оширилмоқда.
2020 йил феврал ойида IТ-Академия «IT-Start» ишчи номи остида янги лойиҳани йўлга қўймоқчи ва унда қатнашиш учун IТ-паркнинг резидентлари бўлган барча IТ-компаниялар таклиф этилган. «IT-Start» лойиҳаси ёш дастурчилар учун амалий машғулотларга асосланган бир қатор тадбирлардан иборат бўлади. Дастурлашдан ташқари, талабалар ўйин шаклида жамоада ишлаш кўникмаларини ўзлаштирадилар, IT-лойиҳаларни қандай яратишни ва улар қандай бўлишини билиб оладилар.
IТ-парк танловлари
IТ-парк кўплаб IТ-инвентлари ва кўрик-танловларининг ташкилотчиси ва ҳамкори бўлиб, уларнинг ҳар бири Ўзбекистоннинг стартаплари ривожланиши ва йирик IТ-компанияларга айланиши учун Ўзбекистонда IТ-маданиятини ривожлантириш йўлида ўзига хос муҳит яратади. Ўтган йил давомида IТ-парк IТ-соҳасида 5 та йирик кўрик-танловни ўтказди ва уларнинг умумий мукофот жамғармаси 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этиб, шундан 810 миллиондан ортиғи стартап-лойиҳаларнинг ғояларини амалга ошириш учун мукофот сифатида тақдим этилди.
Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб янги IТ-тадбиркорлар ўзбек тилида онлайн-инкубация дастуридан ўтишлари мумкин, бу эса бутун республика бўйлаб стартап-экотизимининг жадал ривожланишига ёрдам беради.
Хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик
IТ-паркнинг асосий вазифаларидан бири ташқи бозорларда IТ-маҳсулотларини илгари суриш, шунингдек лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида хорижий давлатлар ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйишдир.
Бугунги кунда IТ-парк 20дан ортиқ хорижий мамлакатлардаги ҳамкорлари билан битимлар ва меморандумларга эга бўлиб, бу мамлакатлар қаторида Россия, Белорусия, Қозоғистон, Тожикистон, Буюк Британия, Грузия, Ҳиндистон, Швейцария, Корея, Миср ва АҚШ бор.
IТ-парк 2022 йилда
2022 йилга бориб, IТ-парк бешта ҳудудда: Самарқанд, Бухоро, Наманган, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида ўзининг филиалларини очади. Тошкент шаҳридаги IТ-парк лойиҳасининг ўзи ҳам кенгайтирилади ва 7,8 гектар майдонни қамраб олади, шундан 385 минг квадрат метрни умумий бинолар майдони ташкил этиб, у 19 та замонавий биноларни ўз ичига олади. Ушбу лойиҳа 16 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратади, бу эса иқтидорли ёшларга юқори маошли ва муносиб иш топишга имкон беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter