Америкалик бизнесмен Ўзбекистоннинг Кремний водийсидаги элчиси бўлди
Мазкур келишувга америкалик бизнесмен, электрон тижорат соҳасида эксперт, «Openbucks» асосчиси Марк Рочманнинг Ўзбекистонга амалга оширган тўққиз кунлик ташрифи давомида эришилди.
Ташриф якунига кўра, Инновация маркази дирекциясининг қарори билан Марк Рочманга Кремний водийси ва жаҳон АТ-ҳамжамиятида махсус сертификат билан тасдиқланган «Mirzo Ulugbek Innovation Center элчиси» мақоми берилди.
Хорижий мутахассиснинг республикага ташрифи дастури Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази, UZINFOCOM Ягона интеграторида қатор расмий ҳамда маҳаллий компания ва MUIC резидентлари билан эса норасмий учрашувларни ўз ичига олди. У АТ-соҳани ривожлантириш учун мамлакатда мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланиш лозимлиги ҳақида ўз шахсий тажрибаси ва кузатувлари билан ўртоқлашди.
Ўқинг: Америкалик бизнесмен: «UZCARD» орқали бутун дунёдан харидни амалга ошириш мумкин бўлади»
Таклиф этилган меҳмон Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент Ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанддаги филиалида маърузалар ўқиди. Бу билан АҚШ АТ-компанияларининг экспертлари томонидан Ўзбекистондаги талабалар ва ишлаб чиқувчилар учун очиқ онлайн маърузаларни ифода этувчи «Silicon Valley Talks» ташаббуси давом эттирилди.
Ҳозирги шароит билан танишиб чиққан жаноб Рочман «Openbucks»нинг Ўзбекистон бозорига кириши истиқболларини жиддий кўриб чиқмоқда. Мутахассиснинг «ЎзМобайл» компанияси вакиллари билан қизиқарли мулоқоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотнинг амалий ҳамкорлик шаклида давом эттирилиши эҳтимоли бор.
Марк Рочман, MUICнинг Кремний водийсидаги ва жаҳон АТ-ҳамжамиятининг элчиси сифатида MUIC резидентларини АҚШда қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Тез орада Рочман компаниясининг Калифорниядаги офисида «Uzbekistan Work Space» пайдо бўлади ва резидентлар Кремний водийсига амалга оширган ишбилармонлик ташрифларида у ерда тўхташлари мумкин бўлади. Шунингдек, тадбиркор «Openbucks»нинг шерик ва мижозлари ҳисобланувчи хорижий компанияларни Ўзбекистонга жалб қилишни режалаштирмоқда ва У республикамизни PayPal, App Store, Play Market, Google Pay каби тўлов тизимлари ва халқаро савдо майдонлари рўйхатига киритишга амалий ёрдам беради.
«Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази мамлакат АТ-соҳасини жаҳон миқёсида илгари суриш мақсадида таниқли хорижий мутахассисларни жалб қилишни давом эттиради, дейилади марказ томонидан тарқатилган хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter