Президент айтгач, «Менинг фикрим» домени банд қилинди, аммо сайт қачон ишга тушиши номаълум!
Шу йилнинг 22 декабр куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган, унда бир йиллик фаолияти бўйича халққа ҳисоб берган давлат раҳбари 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатномасини ўқиб эшиттирган эди.
Президент ўз мурожаатида Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус «майдон»лар яратиши зарурлигини таъкидлаган, шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун Интернет тармоғида «Менинг фикрим» деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтганди.
«Xabar.uz»га маълум бўлишича, «Менинг фикрим» домени (meningfikrim.uz) аллақачон банд қилинган. Рўйхатга олувчи ташкилот: «UzInfocom» маркази маъмурияти. Домен бундан икки кун аввал, 25 декабр куни банд қилинган. Сайт қачон ишга тушиши номаълум. Марказнинг расмий сайтида бу ҳақда маълумот берилмаган.
Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш зарур. Яъни бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter