Масофавий муолажа. Соғлиғингиз ҳақида мобил технологиялар қайғуради
Бугун биз учун унча сезилмаётган бўлса-да дунёда кўплаб кашфиёт инқилоблари рўй берди. Яқин келажакда, ўйлаймизки, улар бизга ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилишни бошлайди. Гап соғлиқни сақлаш ва ушбу соҳага мобил технологиялари татбиқ этилиши ҳақида бормоқда.
Мобил соғлиқни сақлаш
Яқинда «PwC» компанияси дунё бўйича соғлиқни сақлашнинг замонавий ҳолатини баҳолаш учун сўровнома ўтказди. Натижада сўровномада қатнашганларнинг аксарияти тиббий хизматлардан жуда осон фойдаланиш муҳимлигини, шунингдек, ўз саломатлигини мустақил текшириш имкониятларини бирламчи ўринга қўйишди. Бундай сўровнома биринчиси эмас ва шу тарзда бутун дунёда тиббиёт тизимини аста-секинлик билан беморлар талаби бўйича ривожлантиришга ҳаракат қилинмоқда. Соҳадаги шундай «ноу-хау»лардан бири «mHealth» атамаси билан қабул қилинган мобил соғлиқни сақлаш тизимидир.
Мобил соғлиқни сақлаш — бу атама тиббий ёрдам мақсадлари учун мобил қурилмалар ва симсиз технологиялардан фойдаланишни, шунингдек, инсоннинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш маъносини англатади. Масалан, бунга бугунги кунда кўпчиликка таниш бўлган «mHealth» технологияси мисол бўла олади. Ушбу технология мобил телефонлар ва планшетлар учун жисмоний ҳолатни ёки спортни назорат қилиш билан боғлиқ дастурларни тақдим этади.
Бозор
Спорт ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш учун қурилмалар ва иловалар бозори бугун сезиларли тарзда тез ривожланмоқда. Бунга сабаб, соғлиқни сақлаш тизими жуда консерватив соҳа ва янги маҳсулот ҳамда хизматлар кўп сонли синовлар, клиник тадқиқотлар ва турли раҳбарларнинг розичилигидан сўнг амалиётга татбиқ этилади. Спорт қурилмалари учун эса булар талаб қилинмайди ҳамда улар истеъмолчига осон етиб боради. Accenture компанияси ўтказган сўровномага кўра, дунё бўйича 43 фоиз истеъмолчи жисмоний ҳолати ва фаоллигини назорат қилувчи қурилмаларни сотиб олишга хоҳиш билдиришган. Мазкур тоифадаги маҳсулотлар рўйхати қуйидагича:
- жисмоний фаолликнинг турли трекерлари (браслетлар, «ақлли» кийимлар, қулоқчинлар, кўзойнак ва бошқалар) ;
- спорт соатлари;
- кўчма сенсорлар, пулсометрлар;
- юқоридаги қурилмалар учун иловалар ва жисмоний ҳолатни назорат қилиш ва бошқариш учун мустақил иловалар.
Ушбу бозор жуда ўзгарувчан, ҳар доим янги қурилмалар пайдо бўляпти, аммо ҳозирча аниқ етакчилар йўқ — электрон соҳа гигантлари бирма-бир ўз маҳсулотларини тақдим этиб келишмоқда. «Juniper Research» тадқиқот компанияси фикрича, «ақлли» кўчма қурилмалар бозори беш йилдан сўнг 19 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.
Мобил мониторинг ва диагностика бозори эса, «Transparency Market Research» компанияси ҳисоботига кўра, 2019 йилга бориб, 8 млрд. АҚШ долларига етади. Бу бозор қуйидаги йўналишларда фаол ривожланади:
- мониторинг тизими: юрак, қон босими, мия, уйқу ва бошқалар фаолияти;
- мониторингнинг кўппараметрлик тизими;
- шифокор билан масофавий ҳамкорлик тизими;
- турли ҳаёт кўрсаткичларини аниқлашда танага ўрнатиладиган, имплантация қилинадиган ва ичга ютиладиган сенсорлар;
- диагностика тизимлари ва тезкор таҳлил (қон, сўлак, сийдик, нафас ва ҳоказо) тизими;
- кексалар, сурункали беморлар ва болаларни парваришлаш тизимлари;
- соғлиқни, дори-дармон истеъмолини назорат қилиш, даволашни режалаштириш, таълим тизими иловалари.
Имкониятлар жуда кенг
Янги қурилмалар, датчик ва иловалар пайдо бўлиши билан ҳозирда мобил тиббиётда мавжуд бўлган имкониятлар кенгайиб боряпти. Телетиббиёт ва масофавий мониторинг, беморлар маълумотини узатиш, электрон карталар, электрон рецептлар, уйқу ва ҳомиладорликни назорат қилиш ва бошқалар. Бу соҳа дунё бўйлаб, ҳатто кам тараққий этган мамлакатларда ҳам тез суръатларда ривожланиб бормоқда.
«mHealth» — бу нафақат янги технология, балки беморнинг шифокор билан ҳамкорлиги ва беморларга ғамхўрлик қилишга қаратилган мутлақо янги ёндашувдир. Бу ҳар икки томон билан ҳамжиҳатликни таъминлайди: бемор учун тиббий ёрдам олиш жараёнини соддалаштиради, шифокор учун мунтазам операциялар чарчоғини камайтириб, кўп вақтини ташхис қўйиш ва даволашга сарфлашига имкон беради.
Аллақачон амалда
Ҳозирда самарали қўлланилаётган қурилмалар жуда кўп. Масалан, Швецияда беморнинг юрак стимулятори кўрсаткичини масофавий тасвирга олишга мўлжалланган «Soarian Clinical» тизими муваффақиятли татбиқ этилган. Тизим узоқдан бемор ва унинг кардиостимуляторини назорат қилишни амалга ошириш имконини беради, айниқса, беморларнинг ҳар ярим йилда саломатлигини текшириш учун шифокор ҳузурига келишдек вақтини тежайди. Бу технология нафақат ишончли, жуда сезувчан ҳам — мониторинг тизими бемор саломатлигидаги ҳар қандай ўзгаришга ёки беморнинг ўзи кўпинча фарқига бормайдиган ёки аҳамият беравермайдиган стимулятордаги муаммога муносабат билдиради.
Сурункали касалликларни масофавий назорат қилувчи «Care Innovations» (Intel ва GE ҳамкорлигидаги маҳсулот) тизими сурункали хасталиклардан азият чекаётган одамларга исталган жойдан туриб ўз саломатликлари ҳақида тиббий маълумот олишга, уларни кераклича тиббий қўллаб-қувватлашга имкон беради.
«Visi Mobile» — унча катта бўлмаган датчиклардан иборат кўчма телетизим бўлиб, фойдаланувчининг саломатлиги ёмонлашганини шу заҳоти қайд этади ва уни ўз шифокори билан боғлайди. Бунда беморнинг айни дамда қаерда эканлиги аҳамиятга эга эмас.
Ким биринчи?
Тиббиёт ва соғлом турмуш тарзи соҳасига мобил технологияларни жорий этиш ва унинг тараққиёти дунё бўйича бир хил эмас. «GSM Association» маълумотларига кўра, АҚШ ва Хитой мобил соғлиқни сақлаш соҳасида энг йирик бозор ҳисобланади ва улар 2017 йили жаҳон бозорининг учдан бир қисмидан кўпроғини ўзаро бўлишиб олган. Айнан шу мамлакатларда келажакда янги қурилмалар ва хизматлар учун асос вазифасини ўтайдиган янги технологиялар ва ғоялар пайдо бўлади. «Brookings Institution» ҳисоботида айтилишича, ўтган йили «mHealth» тизимидан АҚШ 5,9 млрд., Хитой эса 2,5 млрд. доллар атрофида даромад кўрган. Россиянинг бу борадаги кўрсаткичи 800 млн. долларни ташкил қилган.
«J'son & Partners Consulting» таҳлилчилари дунёда мобил-саломатлик тараққиётига ҳисса қўшадиган беш омилни аниқлашди
- Мобил қурилмаларнинг кўпайиши. Айни дамда сайёрамиз аҳолиси 7 млрд.ни ташкил этади ва мобил алоқа абонентлари сони ҳам шунга мос. ABI компанияси яна 2-3 йилда Ерда яшовчи ҳар бир одамда иккитадан олтитагача шундай қурилмалар бўлишини тахмин қилмоқда.
- Сайёра аҳолисининг кексайиши. Кексалик — жиддий иқтисодий муаммо. БМТ прогнозига кўра, 2050 йилга бориб, ер аҳолисининг 22 фоизини пенсионерлар ташкил этар экан. Қарияларни сурункали хасталиклар тез-тез безовта қилади ва улар тиббий ёрдамга кўпроқ эҳтиёж сезади.
- Қишлоқларда яшовчи аҳоли. Бу инсонлар аксарият ҳолларда малакали тиббий ёрдам олиш имконига эга эмас ҳамда масофавий муолажага эҳтиёжманд.
- Соғлиқни сақлаш тизимининг қимматлашиши ва сайёрамиз аҳолисининг кўпайиши. Масалан, АҚШда соғлиқни сақлаш харажати 2014 йилда 3 трлн.га ўсган бўлса, 2022 йилга бориб бу кўрсаткич 5 трлн. долларгача кўпаяди.
- Тиббиёт ходимларининг етишмаслиги. 2020 йилга бориб АҚШда 1 млн. тиббий ҳамшира етишмаслиги кутилмоқда.
Ушбу омиллар ҳозирча анча ёш ҳисобланган «mHealth» тизимининг нақадар истиқболли эканлигини англатади.
Нима, қачон, қаерда?
Мобил соғлиқни сақлаш тизими яратиш устидаги ишлар АҚШ, Канада, Британия ва Ҳиндистонда ўтган асрнинг 90-йилларида бошланган. Ўшанда бу мамлакатлар ҳукуматлари соғлиқни сақлаш бўйича масофавий тизимни мобил технологияларнинг бир қисми сифатида яратиш зарурлигини англаб етдилар.
«Mobile Health» (mHealth) атамасининг ўзи 2003 йили инглиз профессори, академик Роберт Истепаниян томонидан кашф этилган. Профессор мобил соғлиқни сақлаш соҳасида етакчи мутахассис ва кашфиётчи сифатида эътироф этилган. У бир неча олий таълим муассасалари тадқиқот марказлари ва компаниялар (масалан, Orange, Philips, Motorola)да илмий ҳамкор ҳамда M2M (Machine-to-Machine) соҳасида етакчи эксперт ҳисобланади. Маълумки, mHealth эволюциясининг янги босқичдаги концепцияси ишлаб чиқилиши яна бир тушунча — «4G Health» тизимига асос солди.
Дастлабки «mHeаlth» тизимларидан бири 2005 йили Лондон университетида профессор Брайан Вудворд бошчилигида ҳиндистонлик олимлар иштирокида ишлаб чиқилган. Истепаниян айнан шу университетда ўзининг докторлик диссертациясини ёзган. Ноёб тизим инсон саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва маълумотларни мобил телефон орқали дунёнинг исталган нуқтасидан клиникага етказиш имконини берди.
Усмонжон ЙЎЛДОШЕВ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter