«Кадр ортидаги» ҳарбийлар. Марказий Осиёдаги ягона ихтисослашган ҳарбий қисмдан фоторепортаж
Бу мутахассислар иши доим «кадр ортида», кўп ҳам сезилвермайди, аммо аҳамияти худди сув ва ҳаводек. Ҳавони нафасимиз бўғилмагунча сезмаймиз гоҳида. Алоқа хизмати ҳам шундай, кундалик ҳаётда эътибор беравермаймиз, бироқ ундан узилсак, оламдан узиламиз. Инсонлар ҳаёти, тақдири ётади унинг ортида. Миллий армия муваффақиятида ҳам алоқачи-ҳарбийлар иштироки шундайин аҳамиятли.
Одатда аксарият ҳарбий қисмлар фақат назарий ва амалий машғулотлар билан чекланади (юртимиз осмони доимо шундай мусаффо бўлсин). Бошқарма мутахассислари эса амалда ўз малакаларини намойиш этишига тез-тез тўғри келади. Айниқса, Қамчиқ довонидаги табиат инжиқликларида Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг тезкор ҳаракатлари алоқачи-ҳарбийларнинг иштирокисиз ўтмайди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасида байрам тадбири ташкил этилди.
Алоқа бошқарувини ташкил этишга ихтисослашган мазкур ҳарбий қисм Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. МДҲда Ўзбекистон ва Россияда шундай махсус қисмлар мавжуд.
Махсус авария-тиклаш бошқармаси авария-тиклаш ишларини олиб бориш жараёнида алоқа бошқарувини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг алоқа ва телекоммуникация объектларида авария-тиклаш ишларини амалга ошириш, алоқа объектларини қўриқлашни амалга оширади.
Бошқармада ўқув-машғулот жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади. Ушбу ҳарбий қисм мисолида мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир тезкор, замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган миллий армиямизни тасаввур қилиш мумкин.
Ҳарбий қисмнинг мултимедиали тирдан отиш хонасида аскарлар ва хизматчилар доимий равишда маҳоратларини ошириб борадилар. Ҳар ойда бир марта улардан ўқ отиш машқлари бўйича имтиҳон олинади.
Ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва тактик билимларини оширишга хизмат қилувчи умумқўшин тайёргарлик ўқув хонаси мавжуд. Тажрибали мутахассислар доимий равишда офицерлар ва аскарларга назарий машғулотлар олиб боришади. Олинган бу билимлар амалиётда қўл келади.
Тадбирда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов, вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Бошқарма бошлиғи, полковник Бекзод Аденов меҳмонларни ҳарбий қисм фаолияти билан таништирди.
Махсус лаборатория ташкил қилиниб, бу ерда бошқармага тегишли алоқа воситалари ишдан чиққанда, шахсий таркиб мутахассисларининг ўзлари томонидан тузатилади. Махсус алоқа транспорт воситаларини жиҳозлашда, янги техник ечимлар топишда шу лаборатория тажрибасидан унумли фойдаланилади.
Ҳарбийларнинг жанговор ва маънавий тайёргарлиги доимо юксак даражада бўлиши керак. Бунинг учун бошқармада тренажёр зали, спорт зал, сунъий футбол майдони, кутубхона, маънавият хонаси, тактик машғулотлар майдони бор.
Бошқарманинг махсус алоқа транспорт воситалари турлича, ҳаракатланувчи тезкор алоқа комплекс радиостанцияларидан тортиб, стратегик нуқталарда алоқани тезкор тиклашга кўмаклашувчи мобиль лабораториягача мавжуд.
Махсус алоқа транспорт воситалари орасида «Ҳумо» жамланган радиостанциясининг алоҳида аҳамияти бор. Ушбу мобиль радиостанция Ўзбекистон Республикаси Фуқоро муҳофазаси бошлиғининг қўмондонлик-штаб машинаси ҳисобланади. Бу машина нафақат телефон, балки юқори тезликдаги интернет ва видео-конференц алоқани таъминлашга ҳам қодир.
Байрам тадбирида вазирлик буйруғи билан соҳавий мукофотланган ҳарбийлар тақдирланди, шунингдек, байрам муносабати билан ҳарбий хизмат унвони олганлар, турли танловларда ғолиб бўлганлар мукофотланди. Алоҳида ўрнак кўрсатган офицер ва аскарларга ташаккурнома ва совғалар топширилди.
Байрам тадбири маданий дастурларга уланиб кетди. Ҳарбий қисм таркибида бир йил аввал ташкил этилган оркестр ижрочиларининг куй ва қўшиқлари, таклиф этилган таниқли санъаткорларнинг ижролари тадбирга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter