«Жосус» ижтимоий тармоқлар аниқланди: YouTube, TikTok ва бошқалар
YouTube ва TikTok ўз мобил иловаларидан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини бошқа ижтимоий тармоқларга қараганда кўпроқ тўплайди. «URL Genius» компанияси мутахассислари шундай хулосага келишди.
Тадқиқотда App Store дўконининг 20 тоифадаги 200 та иловаси, ижтимоий тармоқлардан YouTube, TikTok, Twitter, Telegram, LinkedIn, Instagram, Facebook, Snapchat, Messenger ва WhatsApp ўрганилди. У ёки бу дастурнинг фаоллиги iOS функция (App Activity Recording) ёрдамида кузатилди.
Энг фаол иловалар YouTube ва TikTok бўлиб чиқди, уларнинг ҳар бири бир ёқишда 14 тадан ташқи уланишни амалга оширди. Бу кўриб чиқилган бошқа иловалар (ўртача 6 тадан уланиш)га нисбатан икки баравар кўп. Facebook, WhatsApp, Snapchat ва Messenger бу жиҳатдан энг паст кўрсаткич (биттадан ташқи уланиш)ни намоён этди.
Таҳлилчиларга кўра, YouTube даги 14 та трекердан 10 таси бевосита видеосервиснинг ўзи билан боғланган. Бу шуни англатадики, платформа ўз манфаатлари йўлида, масалан, кейинчалик релевант рекламани намойиш этиш учун фойдаланувчиларнинг геолокацияси, кўришлар тарихи ва бошқа фаолликларини тинмай кузатиб боради.
TikTok билан вазият бошқачароқ. Экспертларга кўра, қисқа видеоларга ихтисослашган бу ижтимоий тармоқ ташқи трекерлар (бошқа манбалар) унинг фойдаланувчилари фаоллигини кузатишига рухсат беради, олинган маълумотлар қай мақсадларга хизмат қилиши қоронғу. TikTok да 14 трекер (уланиш)нинг 13 таси бошқа манбаларники бўлиб, илованинг созламаларида тегишли тақиқлов қўйилса ҳам, кузатиш тўхтамаган.
Ўтган йили TikTok фойдаланувчиларнинг, айниқса, вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини йиғиш ва уларни қўллаш борасидаги ношаффоф сиёсати учун кўп танқидларга учраганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter