ИНҲА талабалари АКТ вазирлиги стипендияси соҳиби бўлишди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари Элбек Ҳошимжонов ҳамда Шерзодбек Тожимаҳамматов Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги стипендиясига сазовор бўлишди.
АКТ вазири томонидан имзоланган буйруқда, мазкур стипендияга сазовор бўлган талабаларнинг фанларни ўзлаштиришдаги юқори кўрсаткичлари, олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари, танловларда ташаббус кўрсатганликлари ҳамда намунали ҳулқлари ва интизомлари алоҳида қайд этилган.
«Стипендия олганимни эшитишганда уйимдагилар жудаям хурсанд бўлишди, – дейди Элбек Ҳошимжонов. – Ота-онам яхши ният, катта умид билдиришиб, энди бу ишончни оқлашим кераклигини таъкидлашди. Ахир вазирлик томонидан бериладиган стипендия катта масъулият юклайди. Мен бу ишончни оқлаш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ҳозирда Инҳа университетининг 3-курс талабасиман. Бу ютуққа мени лойиқ топганлари учун вазирлик маъмуриятига ташаккур айтиб қоламан. Бу ютуққа эришишимда катта ёрдам берган ота-онам, яқин қариндошларим ва дўстларимга раҳмат дейман. Айниқса, мактаб, лицей ва университет ўқитувчиларимдан миннатдорман. Уларнинг меҳнати ютуқларимда намоён бўляпти. Бундан кейин ўз устимда кўпроқ ишлашга, бунданда юксак марраларга эришиб, ахборот технологиялари соҳасида етук мутахассис бўлишга ҳаракат қилиб қоламан».
«Ота-онам яхши ўқисанг, олдингга катта мақсад қўйиб, унга интилсанг албатта эришасан, дейишади. 2012 йилда тумандаги 30-умумтаълим мактабини тамомлаб, Андижон Машинасозлик институти қошидаги 2-сон академик лицейининг аниқ фанлар йўналишида таҳсил олдим. Ўрта махсус таълимни ҳам муваффақиятли тугатганимдан сўнг, 2015 йил Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетига ўз ҳужжатларимни топшириб, олийгоҳнинг дастлабки босқич талабасига айландим. Ҳозир курсдошларим билан профессор ўқитувчиларимизнинг ҳар бир маърузаларини катта қизиқиш билан тинглаяпмиз. Бизнинг билим олишимиз учун шундай шароитларни яратиб берган давлатимизга миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, эндиликда зиммамдаги масъулият юки янада ортади, чунки бу ишончни оқлаш учун ҳам янада ҳаракат қилиш, изланиш керак. Ўз соҳамда билимларимни янада орттириб, давлатимизнинг келажакдаги ривожига ҳисса қўшишга ваъда бераман», – дейди Шерзодбек Тожимаҳамматов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter