«Google» ходимларига касаба уюшмаси нега керак?..
«Google», «Waymo» каби «Alphabet» таркибидаги компаниялар ходимлари ўз касаба уюшмасига асос солишди. Бу ҳақда «New York Times» ёзмоқда.
«Alphabet Workers Union» номини олган касабақўм ноқонуний ишдан бўшатишлар, компанияда ғирром битимлар тузилишига қарши курашмоқчи.
Касаба уюшмасига ҳозиргача холдингнинг қарийб 200 ходими аъзо бўлган, 2020 йилнинг сентябридаги маълумотга кўра, «Alphabet» қаноти остида 132 мингдан ортиқ инсон ишламоқда.
IT-соҳа нашрлари «Alphabet» раҳбарияти ва ходимлари ўртасидаги зиддиятларни бот-бот ёритишган. Хусусан, «Google» компанияси хатти-ҳаракатларидан норози ходимлар бир неча марта бош кўтаришган: корпорацияни ўз менежерларини жинсий зўравонлик бўйича айбловлардан ҳимоялашда айблашган, қолаверса, АҚШ Мудофаа вазирлигининг айрим лойиҳаларига компаниянинг шериклигини қоралашган.
Бундай акциялар натижасини берган пайтлар ҳам бўлган. Масалан, 2019 йил ёзида «Google» видеокузатувли дронлар бўйича Пентагон билан ҳамкорликни тўхтатди, ўша йилнинг октябрида эса Пентагон билан ўртадаги булутли хизматлар бўйича 10 миллиард доларлик шартноманинг баҳридан ўтди. Айни шу ходимларнинг норозилиги ортидан Хитой бозорига мўлжалланган цензурали «Dragonfly» қидирув тизимини ишлаб чиқиш ҳам тўхтатилди. Аммо корпорация исёнкор ходимларни ишдан ҳайдаши борасида мисоллар бундан ҳам кўп.
Шундай воқеалар билан боғлиқ можаро АҚШ Меҳнат муносабатлари миллий бошқармасигача етиб борди. 2020 йилнинг декабрида бошқарма «Google»ни икки нафар ходимасини ишдан бўшатишда меҳнат қонунчлигини бузишда ва уларни кузатишда айблади. Янги тузилган «Alphabet Workers Union» касаба уюшмаси холдинг билан жамоат шартномаси тузиш ва корпорацияни «ёвузликлардан қайтариш»дан умидвор.
Таъкидлаш ўринлики, Кремний водийсида анъанавий касаба уюшмалари ҳаракати шу пайтгача бўлмаган. «Эзилган, хўрланган ишчилар» — фақат бу ерда эмас... Ўша «ёвуз» «Google»нинг ўзида ўртамиёна дастурчи йилига $200 минг топади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter