Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Даромадли йўналишлар, BPO, хориждан тажрибали дастурчиларни олиб келиш... АКТ вазирлиги Ҳайъат йиғилишида муҳим масалаларга эътибор қаратилди

Даромадли йўналишлар, BPO, хориждан тажрибали дастурчиларни олиб келиш... АКТ вазирлиги Ҳайъат йиғилишида муҳим масалаларга эътибор қаратилди

Фото: Xabar.uz

Жорий йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирилиги Ҳайъатининг 2021 йилдаги сўнгги  кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Хўш, мажлисни кенгайтирилган форматда, АКТ вазирлигининг ҳудудлардаги таркибий бўлинмалари, соҳа корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказилишини нималар тақозо этди?

Асосий сабаб, шу йилнинг 24 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилган эди. Бунга қадар АКТ вазири Шерзод Шерматов тизимдаги деярли барча корхона, ташкилот ва муассасалар фаолияти билан танишиб чиқди. Табиийки, тақдимот ва танишувлардан кейин соҳани ривожлантириш, янада юқори босқичга кўтариш учун янги вазифаларни белгилаб олиш зарурати пайдо бўлди.

Шу сабабли ҳам Ҳайъат йиғилишда Давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган тақдимот давомида берилган топшириқлар ва соҳа корхоналари фаолияти билан танишувлардан келиб чиққан хулосалар асосидаги вазифалар ижросини ташкил этиш хусусида сўз борди. 

Шу жойда «айти» йўналишда амалга оширилган лойиҳаларга оид айрим фактларга тўхталсак.

Жараённи тўлиқ тасаввур қилиш учун рақамларни ўзаро таққослаймиз:

  • 2017 йилда IT йўналишида 147 та компания фаолият кўрсатган бўлса, уларнинг сони 2021 йилга келиб 505 тага етди.
  • 2017 йилда шундай компаниялардан 11 та ташкил топган бўлса, жорий йилда 310 та ташкил қилинган.
  • 2017 йилда бу йўналишдаги ходимлар сони 2500 нафар бўлган бўлса, ҳозирда бу йўналишда 8500 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда.
  • Давлат бюджетига тушум 2017 йилда 18,3 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, 2021 йилга келиб бу тушум 77 млрд. сўмга етган.

IT-лойиҳалар амалга оширилиши натижасида соҳада экспорт ҳажми 50 баробарга кўпайиб, 40 миллион долларга етди. Мана шу рақамлар бу йўналишлар нақадар кенг истиқболли ҳамда  даромадли эканлигини кўрсатиб турибди. Энг муҳими, ёшларни айтига кенг жалб қилиб, қисқа курсларда ўқитиб, иш билан таъминлаш, мамлакат иқисодиёти ўсишига сезиларли ҳисса қўшиш имконияти катта.

– Мана шундай салмоқли натижаларга эришишда давлат томонидан берилган имтиёзларнинг аҳамияти жудаям катта, – деди йиғилишда АКТ вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов. – Топилган даромаднинг 75 фоизи АҚШга кўрсатилган «айти» хизматлари экспорти ҳисобига тўғри келади. Аммо Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг бозорлари ҳам турибди. Хизматлар экспортини шу каби мамлакатларга ҳам қаратиш лозим.

Шерзод Шерматов йиғилишда кўпчилик эътиборини BPOга, яъни – исталган бизнесни аутсорсинг қилишга қаратди.

Айтилишча, BPO компанияларнинг кўпчилиги Тошкент шаҳрида жойлашган. Эндиги вазифа – ана шу йўналишда фаолият кўрсатадиган компанияларни ёшлар кўп бўлган ҳудудларга ҳам олиб кириб, у ерда ёшларга иш ўринларни яратиб бериш масаласидир.

Шунингдек, хориждан Ўзбекистонга тажрибали дастурчиларни олиб келиб, уларга қулай шароитлар қилиб берилади. Бу нима беради?

Энг аввало, чет эллик юқори малакали дастурчи ёшларимизга ўз тажрибасини ўргатади, оддий қилиб айтганда, устозлик қилади. Бу «айти» бозорида кучли дастурчилар кўпайишига сабаб бўлади. Иқтисодий нафи мамлакатимиз учун ҳам, ёшларимиз учун ҳам катта бўлиши аниқ. Бу амалиёт йўлга қўйилса, келгусида Ўзбекистон «айти» хизматлар марказига айланади.

Йиғилишда Электрон ҳукумат рейтингини ошириш, рақамли иқтисодиёт йўналишида, «Хавфсиз шаҳар» тизимида қилиниши лозим бўлган вазифалар кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, телекоммуникация, почта, мобил компаниялари олдига ҳам бу йўналишда қатор вазифалар қўйилди.

Соҳа раҳбари рақамли иқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлаш долзарб масала эканлигини айтиб, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари, Тошкентдаги ИНҲА ва Амити университетлари бу борада фаоллик кўрсатишлари лозимлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ушбу олий таълим муассасалари таълим кредитлари асосида қисқа ўқув курслари очиб, талабгир IT соҳаси учун мутахассислар тайёрлашга эътибор қаратишлари юзасидан аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, «Бир миллион дастурчи» ва бошқа шу каби лойиҳаларга ёшларни кенгроқ жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ жойларигача юқори тезликдаги интернетни етказиб бериш яна бир муҳим масалалардан биридир. Ҳайъат йиғилишида маълум қилинишча, ўтган уч йил давомида асосан ижтимоий-сиёсий объектларга оптик тола тортилиши бўйича катта ишлар қилинган. Эндиги вазифа ана шу  оптик толани ўша жойларда яшайдиган аҳолига етказиб беришдир. Бунинг учун жойлардаги портлар сони камида 1 миллионтага оширилиши керак. Шунда камида бир миллионта қўшимча абонентга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.

Вазирлик Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 июлдаги «Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 467-қарорининг ижросини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мажлисда сифатни оширишга, одамларни рози қилишга доимий эътиборни қаратишга урғу берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг