Да Винчидан илҳомланган муҳандис дрон яратди
Мериленд университети муҳандиси Остин Прет Леонардо да Винчининг расмлари асосида дрон яратди.
Уйғониш даврининг энг буюк вакилларидан бири – италиялик рассом ва олим, ихтирочи, ёзувчи, мусиқачи Леонардо да Винчи (1452–1519 йиллар)нинг бизгача етиб келган чизмаларидаги муҳандислик ғоялари ўз давридан анча олдинлаб кетган эди. Улардан бирида буюк даҳо, ХV асрнинг 80-йиллари охирида, айланма ҳаво винти орқали ҳаракатланадиган ғайриоддий учиш аппарати эскизини чизган.
Беш аср ўтгач, Леонардо замонавий вертолётларнинг прототипини чизганлиги аниқ бўлди. Мериленд университети муҳандислари жамоаси унинг ҳисоб-китобларини текширишни ва улар асосида ишлайдиган самолётни яратишни ўз зиммасига олди. Изланишлар натижасида жамоа аъзоларидан бири Остин Прет катта муваффақиятга эришди – у Да Винчи чизган расм асосида роторли квадрокоптер дронини яратди. Crimson Spin деб ном олган ушбу учувчисиз қурилма аллақачон бир неча парвозларни амалга оширди. Ўтган ҳафта Прет Сан-Хоседаги Transformative Vertical Flight 2022 (трансформацион вертикал парвоз) йиллик конференцияси иштирокчиларига ўз лойиҳасини тақдим этди.
Crimson Spinнинг техник имкониятлари жуда оддий бўлса-да, келажакда ушбу технологиядан фойдаланган ҳолда бир ўриндиқли самолётни яратиш мумкин.
Леонардо да Винчи XV асрда ўзининг “ноу-хау”cини амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган. Масалан, унинг ихчам электр станцияси ва мос материаллари йўқ эди. Ундан фарқли ўлароқ, Остин Прет ўз самолётини CAD тизимидан фойдаланган ҳолда лойиҳалаштирган ва алюминий, пластмасса, электр моторлар, компютерни бошқариш тизимлари ёрдамида ясаган.
Бироқ, мукаммалликка эришиш йўлида у ҳали кўплаб, хусусан, винтларнинг оғирлигини камайтириш ва қурилманинг барқарорлигини ошириш каби муаммоларни ҳал қилиши керак.
У.Йўлдошев тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter