АКТ вазирининг Самарқанддаги хизмат сафари давом этмоқда
Аввал хабар берилганидек, Самарқанд вилоятида хизмат сафарида бўлган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали, «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУКнинг Самарқанд радиотелеузатиш маркази ва Самарқанд суперрадиоузатиш станцияси, IТ-Паркнинг Самарқанд филиали ҳамда «Электромагнит мослашув маркази» ДУКнинг Самарқанд вилоят электромагнит мослашув хизмати, «Ўзбектелеком» АК «Телекоммуникация Транспорт Тармоғи» филиалининг тўртинчи техник боғламаси фаолияти билан танишган эди.
Вилоятда хизмат сафари билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Нарпай ва Пахтачи туманларидаги почта алоқа бўлимлари ва телекоммуникация боғламаларини бориб кўрди. Ҳар икки туман аҳолиси ва корхона, ташкилот ҳамда муассасаларининг ахборот технологиялари, телекоммуникация ва почта хизматларига бўлган эҳтиёжи юқори.
Пахтачи туманида аҳоли сони 146 мингни, хонадонлар сони – 30,789 мингтани ташкил қилади.
Бугунги кунда туманда аҳолига интерактив давлат хизматларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида 8 та алоқа бўлимларида 16 турдаги электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, 10 та почта алоқаси бўлимларида аутсорсинг асосида банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган.
Нарпай туманида эса аҳоли сони Пахтачи тумани аҳолисидан кўп – 212,94 минг нафар, хонадонлар сони – 34,92 мингтадан иборат. Нарпайда жорий йилнинг биринчи чораги давомида 86,96 км. оптик толали алоқа линиялари қурилди ва туман бўйича жами оптик толали алоқа линиясининг узунлиги 335,87 км.га етказилди. Бугунги кунда туман бўйича жами 11 та почта алоқа бўлимлари аҳолига почта алоқа хизматларини кўрсатиб келмоқда.
АКТ вазири Шуҳрат Содиқов Нарпай ва Пахтачи туманлари телекоммуникация ҳамда почта боғламалари ходимлари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглади, алоқачиларининг оилавий шароитлари билан қизиқди, орзу-ниятларига қулоқ солди. Мазкур боғламалар мутасаддилари билан биринчи галда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашди.
Самарқанд вилоятида жорий йилда АКТни ривожлантиришга 197,5 млрд. сўм маблағлар йўналтирилиши режалаштирилган. Жумладан, Пахтачи, Пайариқ ва Қўшработ туманларидаги почта алоқа боғламалари рақамли трансформация қилинади ва уларда 15 турдаги Электрон ҳукумат ва банк хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилади. Қўшработ, Пайариқ, Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари, туманлар ҳокимликлари билан биргаликда Жомбой, Қўшработ, Нарпай, Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаблар ташкил этилади. Вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
АКТ вазири Шуҳрат Содиқовнинг Самарқанд вилояти бўйича хизмат сафари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter