АКТ вазири: «Кейинги йил 30 мингга, ундан кейин 50 мингга чиқаришимиз керак» (видео)
Жорий йилнинг 14 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳада 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилган энди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан АКТ соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилганди.
Ўша йиғилишда «Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни драйвер соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича катта-катта мақсадларни қўйдик. Бир нарсани аниқ тушуниш керак: ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», дея АКТ соҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталган эди президент.
Бугун, 19 апрель куни ана шу йиғилишда белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси видеоконференцалоқа тизими орқали бўлиб ўтди.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Буни биргина шу йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишларни ўзида жам этган иқтисодий кўрсаткичлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Масалан, АКТ соҳаси бўйича хизматлар ҳажми 2021 йилда 17 трлн. сўмдан ошган. Ўтган йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 3,4 трлн. сўм бўлса, жорий йилнинг шу даврида 4,6 трлн. сўмга етди, яъни фоиз ҳисобида ўсиш 135 фоизни ташкил қилди. Йил якунига қадар бу йўналишда хизматлар ҳажмини 21,2 трлн. сўмга етказиш режалаштирилган.
Йиғилиш давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Шерзод Шерматов бундай аниқ мисолларни кўп келтирди.
— 2019 йилда IT-Парк резидентларида атиги 4000 нафар одам ишлаган бўлса, ҳозир 11,5 мингта мутахассис бўлди, лекин бу жуда кам деб, йиғилишда Президентимиз янги вазифа қўйди, — деди АКТ вазири. — Бундан буёғи энг катта мақсадимиз экспорт билан юқори маошли ишчи ўринлар яратишдир. Йилнинг охиригача бу кўрсаткични 15 мингга, кейинги йил 30 мингга, ундан кейин 50 мингга чиқаришимиз керак. Бу катта вазифа. Шунинг учун ҳаммамиз ишлашимиз керак. Бундан ташқари «айти соҳаси»да ўзини-ўзи банд қилган шахслар 20 мингга етди. Йилнинг охиригача 23800, деярли 24000 одам бўлади. Буни ҳам кўпайтиришимиз лозим. Жойларда ҳудудимиз раҳбарлари шу одамларни ҳам билиши, ўрганиши, керак бўлса учрашувлар ўтказиши лозим. 20 минг одам, 20 минг ишчи кучи катта рақам. Асосий вазифамиз — Ўзбекистонни минтақавий айти-марказга айлантириш.
Таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда олдинга қўйилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан АКТ вазирлиги мутасаддилари чора-тадбирларни маълум қилишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter