Робот ясаб 22 ёшида «Шуҳрат» медали олган ихтирочи бугун нималар билан банд? Вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев билан суҳбат
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев давлат лавозимларида ёшларнинг сони ва мавқеини ошириш, cтартаплар, робот ва ихтиролар, бўш вақтини қандай ўтказиши ва бошқалар ҳақида «Xabar.uz»га сўзлаб берди.
Маълумот учун: Олимжон Тўйчиев 1991 йили Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Турин политехника университетида 2015 йили машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр, 2017 йили Мехатроника йўналишида магистрлик даражасига эга бўлган. 2016-2017 йилларда Германиянинг Ҳоҳенҳайм университетида ҳам таҳсил олган.
22 ёшида (2013 й.) «Шуҳрат» медали билан тақдирланган: овоз билан масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратгани, фан ва техника соҳасини, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун.
2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2019 йил ноябрь ойидан бери Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари.
— Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинланганингизга ҳам қарийб бир йил бўляпти. Ўтган вақт давомида вазирлик тизимида нималарни ўзгартира олдингиз? Суҳбатни шундан бошласак.
— Савол учун раҳмат! Фаолиятимнинг илк кунларидан бошлаб вазирлик тизимидаги ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганишга ва шунга яраша шароит ва имкониятлар яратишга ҳаракат қилиб келяпман.
Вазирлигимиз ҳузуридаги Ёшлар академияси фаолиятини янаям кенгайтирмоқчимиз, Ўзбекистоннинг турли нуқталаридаги иқтидорли ёшларни излаб топиб, илм-фан ва инновациялар соҳасига жалб қилиш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ишларини олиб боряпмиз. Мақсад — ёшлар учун барча ҳудудларда тенг имконият ва шароитлар яратишдир. Шунинг учун ҳам ҳудудларда Ёшлар технопаркларини ташкил этишни бошладик.
— Вазирлик стартап ташаббусларга эътибор қаратяпти. Лекин стартапнинг ўзи нималигини кўплар ҳам билавермайди. Сизнингча, стартап лойиҳа деганда нимани тушуниш керак?
— Жуда ҳам тўғри фикрни билдирдингиз. Аксарият ҳолларда стартап бўйича тўғри тушунча шаклланмаганлиги сабабли унга етарли эътибор ва кўмак берилмаяпти. Аввало стартап ўзи нима эканлигига ойдинлик киритиб олсак.
Стартап — янги, инновацион ёки мавжуд ғоялар асосида ўз бизнесини қураётган ривожланиш босқичидаги, мавжуд ғояларни такомиллаштириш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи жамоа.
Албатта, якка тартибда ҳам лойиҳа қилса бўлади. Лекин барибир уни ҳаётга татбиқ этиш жамоавий тарзда амалга оширилади. Бунга халқаро ва маҳаллий миқёсда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Шунингдек, стартап ҳақида гап кетганида масаланинг яна бир муҳим жиҳати, яъни унинг қонуний асоси ҳақида гапирмасак бўлмайди. Яқинда таклифлар ва халқаро тажрибага асосланган ҳолда «Стартапларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Оммавий муҳокамалардан ўтди, энди қонунчилик палатасига киритиш жараёнидамиз. Ўйлайманки, ушбу қонун қабул қилиниши билан нафақат ёшлар, балки бошқалар ҳам стартаплар нима эканлигини, қандай имконият эшикларини очиши мумкинлигини тушуниб олишади.
— Ҳозир ҳукумат таркибидаги энг ёш раҳбарлардан бирисиз. Шу нуқтаи назардан давлат ташкилотлари ва бошқарув органларида ёшларнинг сони ва ўрнини ошириш масаласига қандай қарайсиз?
— Бу масалада кўп марта фикр билдирганман ва яна такрорлайман. Давлат ташкилотлари ва бошқарув органларида ёшларнинг сони ва ўрнини ошириш янгича дунёқарашга эга, эскича ёндашувдан фарқли креатив ёшдашувчи ва асосийси, замон талабига мос равишда «рамкадан ташқарида» (think out of the box) фиклай оладиган ходимларни жалб қилиш имконини беради. Агар уларга керакли йўлни кўрсатиб, тўғри йўналиш берилса ҳақиқий лидерга айланиши турган гап.
Пандемия шу пайтгача биз билган ва ўрганган тизимга янгича қарашга мажбур этмоқда. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш иқтидорли кадрларга талаб янада ортиши турган гап. Ўйлайманки, ёшларимизнинг тажриба борасидаги камчиликларини уларнинг янгича билим ва креатив фикрлай олиши компенсациялаб кетади.
— Сизни даставвал ўзбекча тиллашадиган робот ихтирочиси сифатида таниганмиз. Давлат хизматчисига айланиб, янги ихтироларга вақт ажрата оляпсизми?
— Ростини айтсам, етарлича вақт ажрата олмаяпман. Лекин мени қувонтирадигани, ўзим улгурмасам-да, бу соҳага қизиқиши ва иштиёқи баланд тенгдошлар, шогирдлар бор. Қўлимдан келгунича ана шундай иқтидорларни излаб топиш ва уларга шароитлар яратиш беришга ҳаракат қиляпман, ҳозирча робототехника соҳасидаги фаолиятим шу тарзда давом этяпти.
Ўзбекистонда робототехника бўйича танлов ва мусобақаларни маҳаллий босқичдан халқаро босқичга кўтаришга эришдик. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги илк халқаро робототехника мусобақаси юқори даражада ўтказилди. Мазкур «International Robotics Challenge» халқаро робототехника мусобақасига 24 та давлатдан 220 нафар иштирокчи ва уларнинг мураббийлари ҳамда 2 мингга яқин мактаб ўқувчилари ва талаба ёшлар келишди. Робототехника билан шуғилланувчи ёшларимиз сони ҳам, ишланмалари даражаси ҳам кундан-кунга ошмоқда.
— Раҳбар одам бўш вақтини қандай ўтказади, масалан, китоб ўқишга вақт топиладими?
— Бўш вақтим оз бўлганлиги сабабли аввало уни оилам ва яқинларим даврасида ўтказишга, шу билан бирга имкон бўлиши билан янги маълумотларни ўрганиш ва уларни таҳлил қилишга сарфлайман.
Сўнгги ўқиган китобим эса Эверетт М. Рожерснинг «Инновациялар диффузияси». Агарда инновацион лойиҳангиз бўлса ва уни амалга оширишни истасангиз албатта шу китобни ўқишни тавсия қиламан.
— Келгусидаги режаларингиз қандай?
— Биринчи навбатда бошлаб қўйган илмий ишимни якунлаб, муваффақиятли ҳимоя қилишни мақсад қилганман. Шу билан бирга мамлакатимиз ёшлари томонидан амалга оширилган инновацион лойиҳалар кўламини кенгайтириб мамлакат ялпи ички маҳсулотида алоҳида ўрнига эга ёшлар жамоаларидан ташкил топган Инновацион кластерларини ташкил этиш ҳам режамда бор.
Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter