Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2019 йили «раҳматли» бўлган саккизта технология (видео)

2019 йили «раҳматли» бўлган саккизта технология (видео)

Якунига етаётган йилда кўплаб янги гаджетлар тақдим этилди, янгича сервислар ишга туширилди, технология янги ютуқларга эришди. Бироқ шу йили тарих қатларига «дафн этилган»лари ҳам бор, деб хабар бермоқда «Терабайт».

  1. AirPower

Apple ўз девайслари учун AirPower симсиз қувватловчи станциясини ҳали 2017 йилиёқ эълон қилган эди. Жорий йилнинг март ойида ҳатто Apple Store онлайн дўконининг Австралия версиясида AirPower суратини топиб олишган ҳам эди. Бироқ охир-оқибатда корпорация мазкур маҳсулотини чиқармаслигини расман маълум қилди.

  1. iTunes

Купертиноликлар компьютерлари учун macOS Catalina операцион тизим талқини чиқиши билан iTunes иловаси ғойиб бўлди. Унинг функциялари Music, TV ва Podcasts иловаларига тақсимлаб берилди, iPhone ёки iPadни компьютер билан синхронлаш эса Finder орқали амалга оширилади.

Apple аслида iTunes иловасини iPod плеерида мусиқани бошқариш утилитаси сифатида 2001 йили тақдим этганди. Орада ўтган 18 йил мобайнида у мусиқа ва видео билан бевомита алоқадор бўлмаган кўплаб имкониятлар билан бойитилди. 2019 йилга келиб эса «олмали» компания уни ўз компьютерларидан олиб ташлади; iOS тизимида эса iTunes Store қолган, шунингдек, Windows тизимида iTunes дастурининг десктоп версияси ўзгаришсиз сақланиб қолган.

  1. Coolest Cooler

Бу лойиҳа 2014 йили Kickstarter краудфандингида 13 миллион доллардан ошиқ маблағ тўплаб, ушбу платформада барча рекордлардан ошиб кетганди. Coolest Cooler портатив холодильник бўлиб, унинг ўзида яна блендер, акустика тизими ва смартфонларни қувватлаш порти ҳам мавжуд.

Унга олдиндан буюртма расмийлаштирган минглаб кишиларга мазкур мўъжизавий қурилма барибир етказиб берилмади, чунки уни ишлаб чиққан стартап ўзининг ёпилишини эълон қилди.

  1. 3D Touch

Apple смартфонларидаги энг илғор, аммо етарлича қадр топмаган функциялардан бири 3D Touch бўлади. Унинг моҳияти – экранга босиш кучига қараб турли опциялар бажарилишидадир. Дастлаб iPhone 6s моделида пайдо бўлган бу технология то iPhone XS ва XS Maxгача барча айфонларда қўлланган. iPhone XR ҳамда 2019 йили намойиш қилинган Apple смартфонларида эса 3D Touchдан воз кечилган.

  1. Google+

Қидирув гигантининг ижтимоий тармоғи бўлган Google+ унинг блогерлик платформаси – Google Buzz ўрнига 2011 йили тақдим этилганди. Ўтган йиллар мобайнида бир неча эврилишлар билан жон сақлаб келган бу сервис барибир ўзини оқламади ва ёпилди.

  1. 12 дюймлик MacBook

MacBookнинг ушбу ихчам моделини, гарчи камчиликлари бўлса-да, кўпчилик яхши қабул қилганди. 2015 йили тақдим этилган бу ноутбук MagSafe ва бошқа кўплаб одатий портлардан маҳрум эди. Афтидан, Apple уни ихчамлиги билан илғор планшет – iPad Pro билан рақобатлашгани учун чиқармай қўйган.

  1. Windows 10 Mobile

Ушбу операцион тизим бошқаруви остидаги смартфонлар 2016 йилдан бери ишлаб чиқарилмаётган бўлса-да, Microsoft барибир ҳозиргача уни янгилаб келяпти. Компания яқинда унинг буткул тўхтатилишини эълон қилган.

  1. Google Inbox

Бу – қидирув гигантининг почта сервиси бўлиб, Gmail ўрнини эгаллаши мумкин эди, бироқ фойдаланувчилар уни жуда мураккаб, деб ҳисоблашди. Натижада унинг кўплаб функциялари Gmailга ўтказилди ва Inbox сервиси ҳам Google қабристонидан жой олди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг