«1,8 миллиард АҚШ долларлик лойиҳа, Марказий Осиёда офис» – Google’даги ватандош ҳикояси
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервюлар давом этади. Бу галги суҳбатдошимиз нуфузли Google компанияси муҳандис дастурчиси Нодир Назаров.
Қаҳрамонимиз Тошкент ахборот технологиялари университетида бакалавр, Жанубий Кореядаги Йонгнам университети (магистратура) ва АҚШдаги Халқаро Маҳариши университети иккинчи магистратура босқичида таълим олган.
Илм йўлидаги энг катта ижобий ўзгариш
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилганман. Лекин Шаҳрисабз шаҳрида яшаганмиз. Бошланғич мактабни Шаҳрисабздаги Абдураҳмон Жомий номли мактабда ўқидим. 6-синфда онамнинг истаклари билан ўша вақтдаги шаҳардаги энг нуфузли мактаб – Мирзо Бедил номли лицей интернатга ўқишга кирдим.
У ерга ўқишга кириш тарихим ҳам жуда қизиқ бўлган. Имтиҳондан олдин бир неча кун касал бўлдим, натижада ҳеч нарса ея олмай жуда ҳолдан тойганман. Шундай ҳолатда имтиҳонларда иштирок этдим. Омадим келиб, ўқишга ҳам кириб олдим. Ушбу ихтисослаштирилган мактабга бошқа мактабнинг энг аълочилари ўқишга келишарди. Мен ҳам олдинги мактабимнинг энг аълочиларидан бўлгандим, лекин лицейга келиб қолоқлардан бўлиб қолдим. Энг севган фанларим, математика ва физикадан охирги чоракда «3» баҳо олдим. Кейин 3 ойлик ёзги таътилда аълочиларга етиб олиш учун тинмай ўқидим. Мустақил равишда 5, 6 ва 7-синф китобларини ўқиб, масалаларини ечиб чиқдим. Ва кейинги йилдан аълочилар қаторига қўшилдим. Мана шу воқеа ҳаётимдаги, илм йўлидаги энг катта ижобий ўзгариш деб ҳисоблайман.
Дастлаб молиячи ёки иқтисодчи бўламан деганман
10-синфлигимда раҳматли бувим Қарши давлат университетида дарс берадиган жиянлари олдига мени олиб бориб, ўқишга киришга тайёрлашни сўрадилар. Улар мени имтиҳон қилиб кўриб «Бу йигитга репитеторлик керак эмас, шундай ўқишга кириб кетади» деб Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалига ҳужжат топширишимни тавсия этган. Унгача бошқа кўпчилик синфдошларим каби молиячи, иқтисодчи бўламан деган уй-хаёл билан юрардим. Чунки биз ўқиб юрган вақтлар ҳали IT соҳаси унча ривожланмаган, одамларда етарлича бу ҳақида маълумот йўқ эди. Мана шундай қилиб ушбу соҳани танладим ва ҳозир бундан жуда ҳам мамнунман.
Қаршида бобо-бувимлар борлиги у ерда ўқишимга анча енгиллик яратди. Лекин, филиал янги ташкил этилганлиги учун ўқиш шароитлари жуда ёмон, ҳатто ўқиш биноси етишмас эди. Унинг устига пахта йиғим терими деб 3 ой ўқиш бўлмаслиги кўпчилик талабаларда ўқиш иштиёқини тушbриб юборган. Боз устига компьютерлар 3-курсга ўтмагунимизча бўлмаган. Мен эса бу етишмовчиликларни имкониятларга айлантира олдим, деб айта олман. Пахта йиғими мавсуми давомида АCМ халқаро дастурлаш мусобақаларига тайёрландим ва жамоа билан Ўзбекистон ичида яхши натижалар кўрсата олдик. Баъзилар битта дафтар билан ўқишга келиб кетса, мен сумкамни китобга тўлдириб, оғир қилиб осиб юрардим. Дарслар бўлмаган пайтлар талабалар гаплашиб вақт ўтказишса, мен IETLS имтиҳонига мустақил тайёрланардим.
Йонгнам университетига 100 фоиз грант ютдим
Очиғи, ўқишни тамомлаб магистратура учун АҚШга боришни орзу қилардим, лекин молиявий имкониятим йўқлиги учун бошқа йўлларини изладим. Мен бакалаврда ўқиб юрган йиллар Тошкент ахборот технологиялари университетининг Жанубий Корея олийгоҳлари билан алоқалари ривожланаётган, кўплаб талабалар Кореяга магистратурага ўқишга кетаётган эди. Ҳатто, ТАТУ ичида Корея илмий изланиш маркази бўларди. Мен ўша ерда бироз муддат илмий изланувчи ва дастурчи (R&D) бўлиб ишлаб, кейин Жанубий Кореядаги Йонгнам университетига 100% грант ютиб олдим.
Кореядаги кўплаб олийгоҳлар, шулар қаторида Йонгнам университетининг менга энг ёққан тарафи шунда бўлдики, сиз у ерда нафақат кучли назарий, балки амалий билим кўникмаларни ҳам олишингиз мумкин. Ҳаттоки, таълимнинг амалий тарафига кўпроқ аҳамият берилади. Кунига 2-3 та дарс олсангиз, қолган вақтингизни лабараторияларда илмий изланиш, лойиҳалар устида ишлаш, мақола ёзиш билан ўтказасиз. Лойиҳалар эса шунчаки академик даражадаги оддий иш эмас, балки Корея Интернет хавфсизлиги агентлиги ёки Кореянинг Таълим ва технология вазирлиги томонидан молияштирилган. Бу эса, ҳам илм олиш, ҳам амалий тажриба орттириш учун фойдали бўлади.
Магистратурани битиргач, профессорим менга PhD’да ўқишни давом эттиришни маслаҳат берди. Ўша йили PhD учун иккита 100 фоизлик стипендия ютиб олдим, лекин ўсмирликдаги Америкага келиш орзуси устунлик қилди.
Қўшма Штатларга ишлаш учун тўғридан тўғри келиш осон эмас, мен учун энг қулай бўлган усули бу ўқиш билан келиш эди. Шундай қилиб, иккинчи мутахассислик бўйича магистратурага ўқишга кирдим. Айнан Халқаро Маҳариши университетини танлаганимнинг боиси эса, бу университет кампусда (on-campus) 8-9 ойлик ўқиш ва ундан кейин ишлаш давомида ўқишни онлайн тарзда давом эттириш имкониятини бериши бўлган.
«Энди сени галинг, бошқаларга сен ҳам ёрдам бер...»
Чел элдаги ҳаёт мени фикрлашим, муомалам ва ҳатто ташқи кўринишимга ҳам ижобий таъсирини ўтказди, деб айта оламан. Хориж ҳаётининг инсонларни ижобий тарафга ўзгартирадиган энг яхши омили бу бағрикенглик (толерантлик)ни ўрганишдир. Доим бир хил фикрловчи, ҳатто кийиниши, ташқи кўриниши бир хил бўлган одамлар орасида яшаган инсон, ҳаёт фақат шунақалардан иборат экан, деган хулосага бориб қолади ва бошқача фикрловчиларга тоқат қила олмайди. Нафақат инсонлардаги, балки жамиятдаги фарқларни кўриб, солиштириб ҳам кўп нарса ўрганса бўлади.
Мени чет элда ўзгартирган энг муҳим сабаблардан яна бири бу – иқтидорли, кучли ва олийжаноб инсонлар даврасида бўлганлигим. Улардан кўп нарсалар ўргандим, кўп яхшиликлар кўрдим. Албатта, уйдан узоқда яшаганда қийинчиликлар бўлади. Шундай вақт бўлдики, 9 ойлик ўқишни тугатиб иш қидиришни бошлаганимда, университет ётоқхонасидан чиқишим керак эди. Қўлимда жуда оз пул, ҳали ишга кирганим йўқ эди. Мана шундай қийин вазиятда менга умуман бегона, бошқа миллатдан бўлган мусулмон йигити ёрдам қўлини чўзиб, текинга ўз уйидан жой берди. Ишга кириб, ойлик олганимдан кейин харажатларимни қайтиб тўламоқчи бўлганимда «Энди сени галинг, бошқаларга сен ҳам ёрдам бер...» деб рад этганди.
Жамоа билан ишлай олиш маҳоратини ҳам синаб кўришади
Ҳақиқатан ахборот технологиялари, шу жумладан дастурчилик анча мураккаб соҳа ҳисобланади. IТ мутахассисларига катта миқдорда маош берилиши бекорга эмас.
Биринчи қийинчилик ишга киргунча – кўп ўқиб ўрганиш ва иш тажрибаси орттириш керак. Ишга киргандан кейин ҳам доимий равишда ўқиб-ўрганиб туриш лозим. Муваффақиятсизликлар ҳам айни шу қийинчиликлардан келиб чиқади. Ишга кириш учун рақобат катта, кўп ҳолларда бир неча ишга кириш суҳбатларидан йиқилиб кейин ўзингиз орзу қилган жойга ишга кирасиз. Иш жараёнида ҳам лойиҳалар баъзан кечикиши, ва ҳатто муваффақиятсиз тугалланиши мумкин. Бу каби муаммолар турли хил ечимларни қўллаш ва ўзингиздан тажрибалироқ кишилардан ёрдам сўраш билан ҳал бўлади одатда. Шу сабабдан, катта технологик компаниялар дастурчиларнинг жамоа билан ишлай олиш маҳоратини ҳам синаб кўришади. Бизнинг ишимиз жамоавий ҳолда олиб борилади. Албатта якка ҳолатда ҳам ишлайдиган дастурчилар бўлади, лекин уларнинг дастурий маҳсулоти анча кичик кўламда бўлади.
Google Марказий Осиё давлатларида ўз офисини очадими?
Google’гача бўлган йўлим узоқроқ бўлган. 2013 йил АҚШда биринчи ишимни бошлаган бўлсам, 2021 йил Google компаниясига кирдим.
Google каби компанияларга ишга киришдаги интервю жараёни бошқа компаниялардан фарқ қилади – масалан, бошқа кичикроқ компанияларга борадиган бўлсангиз, оғзаки савол-жавоблар бўлади, камдан кам ҳолларда ёзма равишда саволларга жавоб берасиз, лекин Google’даги ишга қабул қилиш жуда мураккаб. Бунинг учун сиздан мураккаб алгоритмик билимлар талаб қилинади, бундан ташқари гуруҳ билан ишлаш, зиддиятли ҳолатларда қандай йўл тутишингизни аниқлаш учун турли интервюлар бўлади. Компания ва ишга топшираётган гуруҳга сиз қанчалик мослигингизни текшириш учун одатда техник бўлмаган саволлар берилади. Яъни, сизга маълум бир вазиятда қандай йўл тутишингиз сўралади. Баъзан жуда ноқулай саволлар келиб қолади (бу Google’да эмас-у, Amazonʼга топширганимда берилган). Айтайлик, иш жараёнида қайсидир ҳамкасбингиз ишини қилмасдан, ўйин ўйнаб ёки кино кўриб ўтирибди, шу вазиятда қанақа йўл тутган бўлар эдингиз деган савол берилган. Жавоб бериш қийин бўлган, чунки айнан шу ҳолатга аввал ишлаган жойимда дуч келганман, бироқ унинг ўзига ёки бошлиққа ҳеч нарса демаганман ва шу сабабли виждонимга қарши бориб саволга жавоб бера олмаганман. Интервюнинг алгоритмик саволларига жавоб берган тақдиримда ҳам техник бўлмаган саволларга жавоб беролмаганим учун таклиф ололмаганман. Яъни сиз фақат ўзингизнинг ишингизни яхши бажаришингиз эмас, жамоа бўлиб бошқаларга ёрдам беришингиз ҳам муҳим.
Саволингиздан иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, Google Марказий Осиё давлатларида ўз офисини очади, деб айта олмайман. Бунга бир нечта сабаблар бор. Энг асосийси ишонч масаласи – бирор бошқа компаниялар ушбу давлатлардан ‘outsourcing’ қилганми ва қилган бўлса қанчалик ишончини оқлаган? Ҳеч қайси компания бу масалада таваккал қилишни хоҳламайди. Кейинги омиллардан бири – компаниянинг бошқарув кенгашида ўша давлатнинг нечта аъзолари мавжудлиги ва бу масалада қанчалик таъсир кўрсата олишида. Силикон водийсидаги дастурчи муҳандисларнинг катта қисми Ҳиндистон ва Хитой давлатларидан, ва энг кўп CEO’лар ҳам айнан Ҳиндистондан.
Ҳиндлар мамлакати шунинг учун ҳам технологик марказга айланиб улгурди. Ундан ташқари, давлатнинг технологик инфраструктураси ҳамда аҳолининг инглиз тилини билиш даражаси ҳам ўша давлатда компания филиалини очиш, ёки outsourcing қилишга ижобий таъсир қилади. АҚШнинг жуда кўп «Call center»лари Ҳиндистонда жойлашган, чунки улар инглиз тилини яхши билади ва ишчи кучи арзонроқ.
Хабарингиз бўлса керак, бир неча ой ичида АҚШдаги катта технологик компаниялар, шу жумладан Google, Amazon, Meta, Microsoft ва бошқалар ишчилар сонини кескин қисқартириб юборди. Ўтган йил ҳисобидан 160 мингга яқин, жорий йилда эса, деярли бир ойда 80 мингдан зиёд одамлар ишини йўқотди. Ўйлашимча, Сунъий интеллект яқин келажакда бундан ҳам кўпроқ дастурчилар сони қисқаришига олиб келади. Шундай экан, Google ва бошқа гигант компаниялар қўшимча ишчи олиш, бошқа давлатларда филиаллар очиш ҳақида ўйлашмайди.
Раҳмат сифатида пул мукофоти ва сертификат тақдим этилади
Ҳар қандай мутахассис учун иккита маҳорат талаб этилади: hard skill вa soft skill. Hard skill ишга алоқадор бўлган билим, қобилият, тажрибаларни ўз ичига олади. Буни ичига Ахборот технологиялари асослари, дастурлаш тиллари ва фреймворклари, дастурлаш инструментлари, алгоритмик масалаларни ечиш ва бошқа билимлар киради. Soft skill шахсий фазилат ва хусусиятларни ўз ичига олади. Дастурчилар эга бўлиши керак бўлган фазилатларни энг муҳимларини санаб ўтсам.
Энг биринчиси бу мулоқот қобилияти. Дастурий лойиҳаларда дастурчилардан ташқари UI дизайнер, тестер, лойиҳа бошқарувчиси, лойиҳа эгаси ва бошқалар иштирок этади. Лойиҳа қанчалик катта бўлса, унда иштирок этувчилар сони ҳам шунча ошиб бораверади. Шундай экан дастурчилар улар билан тўғри мулоқот қила олиши, уларни эшитиши, тушуниши ва ўз фикрини аниқ, ишонч билан айта олиши керак бўлади. Мен Google’га ишга кириб қилган биринчи лойиҳамда 80 га яқин мутахассислар ишлаган ва булар ичида техник бўлмаган соҳа вакиллари ҳам бор. Ушбу лойиҳанинг қиймати 1.8 миллиард АҚШ доллари бўлган. Энди тасаввур қилинг, ушбу 80 киши бир бирини тўғри тушунмаса, тўғри мулоқот олиб бора олмаса компания қанчалик зарар кўради.
Дастурчилар учун талаб қилинадиган кейинги энг муҳим фазилат бу – жамоа билан ишлаш. Жамоавий лойиҳаларда ишлаганда ҳар ким ўз ишинигина қилиш билан чекланиб қолмасдан, бошқаларга ёрдам беришни ҳам ўйлаши зарур. Google’да ўзаро ёрдам беришга ажойиб тарзда рағбатлантирилади. Агар сиз кимнингдир мушкулини осон қилсангиз, сизга раҳмат сифатида пул мукофоти ва сертификат тақдим этилади.
Учинчи асосий фазилат – сабр. Иш жараёнида дастурчиликдан умуман хабари йўқ, бошқа касбдаги мутахассислар билан ишлашга тўғри келади. Айтайлик, дастурий маҳсулот эгаси лойиҳага талабларни ва уни якунлаш муддатини муҳокама қилганда баъзи муаммо ва қийинчиликларни инобатга олмаслиги мумкин. Дастурчи эса буни сабр билан тушунтириши керак бўлади. Ёки жамоага янги, тажрибасиз дастурчилар келганида, тажрибали дастурчилар уларга сабр билан ўргатиши, ёрдам бериши лозим.
Бу рўйхатни ҳали давом эттириш мумкин, лекин гап кўп чўзилиб кетмаслиги учун уларга батафсил изоҳ бермасдан шунчаки айтиб ўтиб кетмоқчиман. Очиқ фикрлилик (open-mindness) – бошқалар фикрини қабул қилишга очиқ бўлиш, масъулият, ижодкорлик (creativity), вақтни тўғри бошқариш, танқидий фикрлаш (critical thinking), мослашувчанлик каби фазилатлар ҳам борки, у ва юқоридагиларга эга бўлган мутахассислар юқори лавозимларга кўтарилишига ёрдам беради.
Илмий изланишлар учун дастурлар ёзганман
Мустақил дастурий лойиҳаларни асосан университетда ўқиб юрганимда яратганман. Жанубий Кореада Компьютер тармоқлари хавфсизлиги йўналишида магистратурада ўқиб юрган пайтларим, бир неча илмий изланишлар учун дастурлар ёзганман. Улардан асосий кўзланган мақсад компьютер тармоқларидаги ҳужумларни аниқлаш ва серверларни улардан ҳимоя қилиш. Шу ўринда қизиқ бир воқеани айтиб кетмоқчиман. Илмий изланишлар учун қилган лойиҳаларимдан бирида, тажриба учун маҳаллий тармоқ (local network) туздим. Унда ҳимояланиши зарур бўлган сервер, одатий тармоқ мижозлари (network client), ҳужумчи ва ҳимоя компьютерлари мавжуд эди. Тажрибанинг мақсади ҳимоячи дастурни самарадорлигини кўрсатиш эди. Ҳимоя дастури муваффақиятли равишда маҳаллий тармоғимдаги серверни ҳимоя қила олди, лекин, маҳаллий тармоқ интернетдан узилмай қолиб кетган экан, ҳужумчи компьютер университет серверларига ҳам ҳужум қилиб, факультетимизни бир қанча вақт интернетсиз қолдирганди.
Одамларни эринчоқ ҳам қилиб қўйди
Ҳар қандай китобсевар биринчи навбатда ўқиши керак бўлган китоб деб «Китобни қандай ўқиш керак: ҳикмат билан ўқиш учун мумтоз қўлланма» («How to Read a Book: The Classic Guide to Intelligent Reading» by Mortimer J. Adler, Charles Van Doren) ҳисоблайман. Бу китобда ўқишнинг техникалари, самарали ўқиш, турли мавзулардаги китобларга қандай ёндашиш кераклиги, бирор мавзуда илмий изланиш қилганда қандай китобларга мурожаат қилиш каби ўта муҳим мавзулар муҳокама қилинади. Китоб бироз зерикарли туюлсада, мураккаб мавзулардаги китобларни ўқишдан қўрқмайдиган ҳар қандай китобхон учун кони фойда.
Кейинги ўринда «Баҳонага ўрин йўқ!: Ўз-ўзини интизом қилиш қудрати» («No Excuses!: The Power of Self-Discipline» by Brian Tracy) китобни ўқишни тавсия этаман. Ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришиш учун кучли интизом талаб этилади, ва ушбу китоб кўплаб назарий ва амалий маслаҳатлар беради.
Учинчи маслаҳат берадиган китоб «Диққат. Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари» («Deep Work. Rules for Focused Success in a Distracted World» by Cal Newport).
Тан олиш керак, IТ ҳаётимизни жуда енгиллаштириши билан бир вақтда одамларни эринчоқ ҳам қилиб қўйди. Ижтимоий тармоқлар, енгил ва кўнгилочар маълумотларнинг сероблиги ақлий меҳнат учун муҳим саналган диққат (фокус) қилиш қобилияти сусайтириди. Бугунги кунда ушбу чалғитувчи омилларни қандай қилиб четлаб ўтиш ва муваффақиятга эришиш ҳақида сизга ҳам қизиқ бўлса бу китобни албатта ўқинг.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter