Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 «Янги Ўзбекистон» университети расман очилди (фото)

 «Янги Ўзбекистон» университети расман очилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

«Янги Ўзбекистон» университетининг расман очилиш маросими бўлиб ўтди. Тақдимотдан сўнг ўқув биноси ҳамда талабалар турар-жойи бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Университетда илк ўқув йилининг бошланиши муносабати билан 18-23 октябрь кунлари таништирув ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур ҳафта давомида талабаларга олийгоҳда яратилган шарт-шароитлар, фан ўқитувчилари, дарс жадваллари, баҳолаш мезони, университетнинг ички тартиб-қоидаси, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» таълим портали билан (Intranet) таништирилади.

2021-2022 ўқув йилида Механика муҳандислиги, Кимё муҳандислиги ҳамда Дастурий таъминот муҳандислиги йўналишларига қабул бўлиб ўтди. Кириш имтиҳони Cambridge Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6 сентябрь куни ўтказилди. Унда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 1213 нафар номзод иштирок этди.  Имтиҳон натижаларига кўра 200 нафар йигит-қизлар талабаликка қабул қилинди.

— Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги Президент мактабини олтин медалга битириб «Янги Ўзбекистон» университетига ҳужжатларимни топширдим ва муваффақиятли ўтиб ушбу университетнинг талабаси бўлдим, — дейди биз билан суҳбатда Нурсултан Дуйсенбаев. – Бу университет менга кенг имкониятларни очади. Чунки бизга хориждан келган юқори малакали ўқитувчи-профессорлар таълим беришади.

«Янги Ўзбекистон» университети ўз йўналишида «Дунёнинг энг яхши 100 университетлари» рейтингида 1-ўринда турадиган Массачусетс технология университети билан ҳамкорлик қилади. Университетга маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда хорижий педагог кадрлар ҳам жалб этилган. Олийгоҳдаги барча 10та фундаментал фанлар бўйича илмий дастурларни ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига татбиқ қилиш учун TUM International билан ҳамкорлик олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент таълим муассасалари агентлиги делегацияси Агентлик раҳбари Ҳилола Умарова бошчилигида Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб, TUM International раҳбари Фриедерика Ҳеттингер, университетнинг фахрий ректори Волфганг Ҳеррманн, шунингдек, Бавария давлат канцелярияси Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бошқарма бошлиғи доктор Мартен Шлоттер, «Siemens Energy» компаниясининг ўқув маркази лойиҳа бошқарувчиси Фердинанд Пинзер ва яна бир қатор масъуллар билан учрашганди. Томонлар университет фаолияти доирасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қанча амалий ишлар юзасидан келишиб олишганди.

Солижон Зоиров,
муаллиф олган суратлар

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг