Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги ўқув мавсумида ҳам «online-maktab» давом этади. Қарор лойиҳаси эълон қилинди

Янги ўқув мавсумида ҳам «online-maktab» давом этади. Қарор лойиҳаси эълон қилинди

Фото: ХТВ

Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, 2020/2021 йилги ўқув мавсумида онлайн дарсларни давом эттириш чора-тадбирлари кўриб чиқилган.

Лойиҳада айтилишича, онлайн мактабни давом эттириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан берилган. Вазирлар маҳкамаси томонидан ушбу таклифга розилик берилган. Янги ўқув йили учун видеодарсларни тасвирга олиш ишлари жорий йилнинг августидан бошланади.

Унга кўра:

— коронавирус пандемияси даврида телевизон видеодарслар намойиш этилган учта телеканалдан «online-maktab» лойиҳасини давом эттириш мақсадида фойдаланилади ва янада такомиллаштирилади;

— телевизион видеодарс ва видеомашғулотларни доимий тасвирга олишни ташкил этиш учун «O‘zbekiston MTRK Mediamarkazi» биносида махсус телестудия ажратилади ва техник талаблар асосида жиҳозланади;

— «online-maktab» лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб, 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олиш йўлга қўйилади;

— «online-maktab» лойиҳаси доирасида телевизион видеодарслар ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб борилади;

— телевизион видеодарслар Вазирлик томонидан тақдим этиладиган дарс жадваллари асосида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан белгиланадиган телеканаллар орқали намойиш этиб борилади;

— лойиҳаларга жалб этиладиган ўқитувчиларга ҳар бир телевизион видеодарс ва видеомашғулотлар учун (асосий иш ҳақидан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида, муҳаррир ва сурдопедагогларга ҳар бир ишлаган куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади;

— «online-maktab» лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасининг тизимни рақамлаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг