Талабалар ўқиш ўрнига иш қидириб юрибди — депутат
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев яхши ўқиётган талабалар ўқиш ўрнига дарсдан кейин ишлаб юришганига гувоҳ бўлганини айтган.
Вазирлар Маҳкамаси «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси бўйича депутатларга ҳисоб берган.
— Олий таълим йўналишида талабаларнинг контракт миқдорининг оширилиши ва стипендиянинг бир хилда – 400 минг сўм миқдорида белгиланиши ҳам талабалар, ҳам ота-оналар ўртасида жуда кескин эътирозларни келтириб чиқарди. Муҳокамалар порталига ҳам бу масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойлаштирилганини кўрдик. Шунда аҳолининг фикри инобатга олиниб, бу масала қайта кўриб чиқилар экан-да, деб умид қилгандик. Бироқ ўтган вақт мобайнида ҳеч қандай амалий натижани кўрмадик. Талабалар ва уларнинг ота-оналари қайта-қайта бизга мурожаат этиб, бу масалага ойдинлик киритишимизни талаб қилишяпти, – деган депутат Расул Кушербаев.
Депутатнинг фикрича, Вазирлар Маҳкамаси ва мутасаддилар бу масалани кун тартибидан олмасдан, уни қайта кўриб чиқиш керак.
— Бугунги кунда амалдаги тартиб сабаб яхши ўқиётган талабалар иш қидиришига тўғри келяпти. Мисол учун, яқинда улардан бир гуруҳи билан кўришганимда, ўқиб-изланиш ўрнига дарсдан кейин ишлаётганига гувоҳ бўлдим. Ўқиш масаласида улар ўз устида ишлашига умуман вақти қолмаяпти. Бу, ўз навбатида, таълим сифатига ҳам таъсир қиляпти. Шу сабабдан, ҳар бир талаба ўзининг ҳаракатига ва билимига яраша рағбатлантирилиши керак. Минглаб талабалар ва ота-оналарнинг номидан таклиф қиламизки, ушбу масалани қайта кўриб чиқсангиз, — деган Кушербаев.
Депутатнинг фикрига жавобан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов бу масала кун тартибидан олинмаганини айтган.
— Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, келиб тушган кўплаб таклифлар асосан дифференциациялаш асосида, яъни талабаларнинг ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда, стипендия миқдорини белгилаш мазмунида бўлди ва бунинг устида иш олиб борилди. Масала барча олий таълим муассасалари ректорлари, факультет деканлари, Ёшлар иттифоқи вакиллари билан ўрганилди.
Лекин вазир ўрганиш натижалари ҳақида бирор аниқ гап айтмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter