«Тажриба» ва «ўрганиш», 4 йил текинга ўқиш...» – АҚШ ва Кореядаги ватандошлар ҳикояси
Бугунги кунда чет элда муваффақиятга эришаётган ёшларимиз кўплаб топилади. «Xориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали қуйида ана шундай ёшлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Қаҳрамонимиз Абдураҳим Шодмонов 2000 йил Бухоро вилоятида туғилган. 2013 йил оиласи билан Қўшма Штатларга кўчиб ўтишган.
Ўз кучингиз билан натижага эришишингиз мумкин
Болалик йилларим ажойиб хотираларга бой. Ёз вақтларини қишлоқда бобомнинг уйларида ўтказардим. 8 синфгача Бухородаги Алишер Навоий номли 4-мактабда ўқиганман. Баҳоларим жуда яхши бўлган ва ҳар хил спорт машғулотларида ҳам иштирок этардим.
2013 йил Green Card дастурида ютуқ чиқиб, оилавий АҚШга кўчиб ўтганмиз. Дастлабки йиллар яшаш осон кечмаган. Ота-онам инглиз тилини яхши билмаганликлари туфайли қийинчиликлар бўлган. Аммо, улар астойдил ҳаракат қилиб, бу ернинг муҳитига мослашдик. Ўша йиллари 13 ёшда эдим, улғайиб албатта яхши ишга киришни ният қилардим.
Бу ерга келиш ва четдан америкаликларни кўриб, қандай ҳаёт кечириши ва аксарият ҳолларда уларнинг қўлида кўп имкониятлар бўла туриб бефарқлиги кўзимни очган. Яъни, ўзингиз ва атрофингиздаги мавжуд имкониятдан максимал фойдаланиш кераклигини тушунганман.
АҚШда нима соҳани танласангиз ўз кучингиз билан ҳаракат қилиб натижага эришишингиз мумкин. Мен шу нарсани 2018 йил мактаб вақти тушуниб етдим ва бизнесга киришни хоҳладим.
«Тажриба» ва «ўрганиш» деб ҳисоблаганман
Ҳозирги вақтда асосий лойиҳаларимдан бири – Organics Nature (organicsnature.co) деб аталади. 2020 йилда бошланган лойиҳа жуда яхши ўсиб бормоқда. Лойиҳа АҚШ бозорида онлайн фаолият юритади, аниқроғи, одамлар учун озуқавий қўшимчалар сотамиз. Жамоамда 10 га яқин ходимлар ишлайди.
Organics Nature’ни бошламасимдан олдин, бир қанча бошқа лойиҳаларга ҳаракат қилиб вақт ва пул йўқотганман. Бироқ, бу нарсаларга умуман «муваффақиятсизлик» сифатида қарамаганман. Балки, уни фақат «тажриба» ва «ўрганиш» деб ҳисоблаганман.
Яна бир қизиқарли лойиҳаларимдан бири «Primal Queen» деб, номланади. Бизнес ҳамкорим билан бунинг устида қарийб бир йилдан бери ишлаяпмиз. Маҳсулот фақат аёллар учун мўлжалланган. Лойиҳанинг сайти ҳали тайёр эмас, сентябр ойидан сотувни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
Қанчалик кўп рақобатчи бўлса шунча яхши
АҚШда ҳаёт тарзини ҳам мураккаб, ҳам осон дейиш мумкин. Қай бирини бошдан ўтказиш бу фақат ўзингизга боғлиқ.
Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, рақобатчиларим кўп бўлиши мени чўчитмайди. Қанчалик кўп рақобатчи бўлса шунча яхши. Бу 2 та нарсани билдиради:
Биринчиси, кўп рақобатчи бозорнинг катталашишини билдиради. Бу дегани сиз яхши бозордасиз ва фақат савдо бор дегани. Лекин савдо кимники бўлишини ҳаракатингиз белгилайди.
Иккинчиси, рақобатчилар борлиги яхшироқ бўлишингизга ундайди. Чунки, рақобатчи сиздан ўтишни хоҳлайди ва сиз ундан ўтишни. Бу дегани сиз сотадиган «маҳсулот» ёки «хизмат»нинг фақат ривожланишига туртки беради. Агар, бозорда рақобатчи бўлмаса сиз «GM Uzbekistan» автомобилларини мажбурликдан миниб юрасиз.
Яна бир қаҳрамонимиз Сардор Ҳабибуллаев 1997 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Жанубий Кореядаги Инчеон миллий университетини тамомлаган. Ҳозирда корейс юртида болаларга инглиз тилидан дарс беради. Қолаверса, онлайн равишда тил ўрганувчиларга корейс тилидан ҳам сабоқ бериб келмоқда.
Раҳматли отамнинг маслаҳатлари сабаб бўлган
Зиёлилар оиласида туғилиб ўсганман. Болалик даврим, аниқроғи 3-синфгача ажойиб ўтган, лекин отамнинг бизнеслари пастга қараб кетгач турли қийинчиликларга учраганмиз. Мактабни 3 та жойда ўқиганман, дастлаб Яшнободдаги 227-мактабда 5-синф ярмигача, кейин Юнусобод туманидаги 58-мактабда 6-синфгача ва охири Қибрай туманида 7, 8, 9-синфларни ўқидим. Сўнг Тошкент давлат аграр универститети қошидаги академик лицейда таҳсил олганман.
Жанубий Кореяда ўқишни раҳматли отам маслаҳат берганлар. Улар туфайли 8-синфимдан корейс тилини ўрганишни бошлаганман. Қолаверса, ўша вақтлари Ўзбекистондаги аксарият олийгоҳларга киришдаги адолатсизликлар сабаб ҳам хорижга кетишни хоҳлаганман.
Фақат яхши баҳо олинса 4 йил текинга ўқиш мумкин
Бу ерга келиб бир йил давомида корейс тили курсида ўқидим. Кейин 2018 йил Инчеон миллий университетининг «Бизнес бошқаруви» йўналишига ўқишга кирдим. Универститетда ўқиш ўйлаганимдан осон кечмади. Мамлакатда ўқиш тизими жуда тез ва кўплиги, яна дарслар 70 фоиз корейс тилида бўлишига мослашиш қийинроқ кечди. Чунки дарсларни тушуниш керак, бўлмаса камида баҳоларингиз паст ёки имтиҳонлардан ўтолмаслигингиз мумкин. Боиси, йилда ҳар битта фандан тўрттадан имтиҳон, ундан ташқари корейслар билан турли лойиҳалар устида ишлаш ҳам, ҳамма нарсага улгуриш учун вақтни тўғри режалаштиришни талаб қилинади. Лекин, бунинг ижобий томони шунда бўлдики, кўплаб корейс ва бошқа чет эллик дўстлар орттирдим. Ундан ташқари, инглиз тили ва корейс тилини анча яхши ўргандим.
Корея университетларининг менга энг маъқул келган яна бир томони, сиз баҳоларингизга қараб грант ва стипендиялар олиш имконига эгасиз. Яъни, сиз бу ерга 1 семестр контракт асосида келган бўлсангиз, 4 йил давомида ҳам тўлов қилишни англатмайди. Ҳар семестр баҳоларга қараб контракт нархлари ўзгаради, фақат яхши баҳо олинса 4 йил текинга ўқиш мумкин.
Пулсиз, оч қолган кунларим кўп бўлган
Хорижда яшаш, айниқса, ёлғиз яшаш одамни ҳар томонлама чиниқтираркан. Ҳам ўқишни, ҳам ишлашни эплаш, оиласига қўлдан келганча ёрдам бериш кабилар менимча, ватандошларимизга таниш ҳолат. Бошида келганимда менда ҳам қийинчилик кунларим, яъни пулсиз, оч қолган кунларим кўп бўлган. Балоғатга етганим учун шундай пайтлар уйдигиларимдан ёрдам сўрашга уялардим. Баъзида корейс ўртоқларим ёрдам бериб турарди. Шунинг учун кўп вақтимни корейслар билан ўтказдим. Корейс халқи жуда тиришқоқ ва меҳнаткаш халқ. Шу хислати учун бу халққа меҳрим ўзгача ва ҳалигача улардан кўплаб сабоқлар оламан.
Университетга киришимдан олдин отам саратон туфайли вафот этган. Шу нарса катта йўқотишларимдан бири. Отамнинг ўлими менга қаттиқ таъсир қилган ва яна ҳам кучлироқ одам бўлишга ундаган.
70 фоизи дарсларни севиб бажаришади
Ҳозир корейс болаларига инглиз тилидан дарс бериб келаман. Чунки ёш болаларни жуда яхши кўраман. Болаларга дарс ўтиш жараёни жуда қизиқ. Айниқса 3, 4 ёшлилар ҳали ўз тилини яхши билмасдан инглиз тилини ўрганаётганлиги ҳавасингизни келтиради. Уларнинг 70 фоизи дарсларни севиб бажаришади. Болалар ўта зеҳнли бўлгани сабаб дарсда деярли қийинчиликлар бўлмайди. Яна ҳар ойда ҳар бир ота-онага алоҳида вақт ажратиб, болаларини инглиз тили даражаси қай тарзда бўлаётгани, нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида гаплашилади. Шунингдек, ҳафтада 2-3 маротаба дарсдан кейин нималар ўтганлигимиз ҳақида ота-оналарга махсус дастур орқали расмлар ва ёзувлар орқали хабар юборамиз.
Қолаверса, онлайн равишда корейс тилидан ҳам дарс машғулотлари олиб боряпман. Мақсадим, ўзбекистонлик ёшлар хорижий тилларни мукаммал ўрганиб, нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишларига кўмаклашиш.
Ҳозирда интернет орқали бизнеслар ривожланмоқда ва бу кўзни қувонтиради. Фикримча, бу борада Ўзбекистонда ҳам деярли ҳамма шароитлар мавжуд. Бундан унумли фойдаланиш керак.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизни Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан табриклайман.
Нурилло Тўхтасинов тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter