Судьялар олий кенгаши ва АОКА ўтказаётган машғулотларга ЎзЖОКУ ҳам қўшилди
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агенлиги ҳамкорликда журналист ҳамда блогерлар учун икки ҳафталик ўқув-машғулотлари ўтказаётгани хабари берилганди.
Кеча ўқув-машғулотлар давом эттирилди. Судьялар олий мактабида ўтказилаётган мазкур тадбирга Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситети (ЎзЖОКУ) ҳам ҳамкор сифатида қўшилди. Зеро, ўқув-машғулотларнинг илк кунида иштирок этган ЎзЖОКУ ректори, Халқаро пресс-клуб раис Шерзодхон Қудратхўжа Судьялар олий кенгаши ва АОКАнинг ташаббусини фаол қўллаб-қувватлашдан ташқари уларнинг қаторида бўлишни истагини ҳам билдирганди.
Эътиборлиси, ҳамкорлар сафи кенгайишига монанд иштирокчилар сони кўпайиб бормоқда. Айни пайтда уларнинг сони ўттиз нафардан ошди.
Кечаги машғулотларга келсак. Рости, бу кунни иштирокчи анча пайт эслаб юриши эҳтимоли юқори. Негаки, ўқув-машғулотга таклиф этилган таниқли адиб, публицист ва олим, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад ахборот юки, масъулияти ва унинг оқибатлари хусусида теша тегмаган иборалар, кутилмаган ўхшатиш ва мисоллар билан жараённи роса қизитди. Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситети проректори Нозима Муротова эса турли авлодларнинг медиа одатлари, коммуникациянинг янги қоидалари ҳақида жонли чиқиши иштирокчиларнинг ақлини шоширишгача борди. Натижада маърузалар жонли мулоқотга айландики, икки соат мўлжалланган ўқув-машғулоти салкам уч соат давом этди...
Маърузачилар чиқишлари айрим иштирокчиларнинг тасаввурига сиғмаган бўлиши эҳтимол. Мезон жуда баланд олинди-да. Шу баробарида ўқув-машғулотлари мавзулари шунга монанд бўлиши лозимлигига ҳам ишора қилингандай...
Ўқув-машғулотлари эртага - жума куни давом эттирилади ва унда биринчи рақамли блогер, ҳуқуқшунос – Ўзбекистон Миллий ахборот агентли Бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев иштироки кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўқув-машғулотлари бевосита ва билвосита (онлайн) олиб борилмоқда. Иштирокчилар сони чегараланмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter