Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент гранти, «қизлар учун махсус стипендия» – улар ҳақида нималар маълум?

Президент гранти, «қизлар учун махсус стипендия» – улар ҳақида нималар маълум?

Фото:«Xabar.uz»

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унда Президент гранти ва «қизлар учун махсус стипендия»ни бериш тартиби кўрсатилган.

Қайд этилишича, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриати кундузги бўлимига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун бутун ўқиш даври давомида Президент гранти стипендияси жорий этилади. Бу грант ҳамда тўлов-шартнома асосида қабул қилинган талабаларга ҳам кўзда тутилган.

Бунинг учун талаба имтиёз шаклидаги ҳар қандай қўшимча баллга эга бўлмаслиги лозим.

Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабалар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари танлов натижалари эълон қилинган кундан сўнг 10 кун муддатда Давлат тест маркази томонидан тасдиқланган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига олий таълим муассасалари кесимида тақдим этилади.

Президент гранти соҳиби бўлган биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри мобайнида Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлган талабаларга Президент стипендиясини тўлаш давом эттирилади.

Ўқув семестри натижаларига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи «аъло» баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳиби бўлган талабаларга келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда ўзлаштираётган талабаларга белгиланган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Навбатдаги ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлган, даставвал Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабаларга Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия қайта тайинланади ва тўланади.

Шуниннгдек, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб «аъло» баҳоларга ўқиётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар талаба қизларни моддий қўллаб-қувватлаш учун ойма-ой тўланадиган «қизлар учун махсус стипендия» жорий этилади.

Бунда, уларга олий таълим муассасалари томонидан белгиланган амалдаги стипендия миқдорлари сақлаб қолинган ҳолда қўшимча тарзда базавий стипендия миқдорида махсус стипендия белгиланади.

олий таълим муассасаси томонидан ушбу стипендияга номзод қизларни танлаб олиш учун ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари фақат «аъло» баҳо бўлганлиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги каби мезонларни назарда тутувчи алоҳида тартиб ишлаб чиқилади.

Давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талаба қизларга «қизлар учун махсус стипендия» тайинлаш олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланган Тартибга мувофиқ аниқланади ва олий таълим муассасаси ректори  ёки филиал директори буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг