Янги ўқув йилида 1200 та мактабда қоғоз кундалик ва журналлар бекор қилинади
Бу йил янги ўқув йилидан бошлаб Республикамизнинг 1200 та мактабида қоғоз кундаликлар ва журналлар бекор қилинади. Бу бир томондан ўқитувчиларни қоғоз журналларни тўлдириш ва ҳисоботларни қўлда ёзишга кетадиган вақтларини тежаш билан бирга ота-оналар ва мактаб орасида электрон ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаришга хизмат қилади, дея хабар берди ХТВ матбуот хизмати.
Электрон кундалик онлайн тартибда мактабдаги барча воқеалар ва ўқувчиларнинг баҳоларидан хабардор бўлиш, синф раҳбарлари ва бошқа ўқитувчилар билан алоқани сақлаш ҳамда болага таълим жараёнидаги қийинчиликларни енгиб ўтишига ўз вақтида ёрдам бериш имконини яратади.
Kundalik.com TAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлаганда барча операторлар, жумладан, мобил операторлар томонидан интернет-трафик сарфланмайди.
Фойдаланувчилар ҳақидаги ҳамма маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Бу таълим жараёнининг барча иштирокчилари ҳақидаги шахсий маълумотлар ишончли ҳимоя остида эканини билдиради.
Ушбу тизимга тўлиқ ўтиш орқали ота-оналар синф раҳбари билан Телеграм ва бошқа мессенжерлар орқали боғланишига ҳожат қолмайди, натижада унга кетаётган трафик ҳам иқтисод қилинади ва Телеграм орқали шахсий маълумотлар тарқалиб кетишининг олди олинади.
Тадқиқотларга кўра, ота-она назоратини ҳис қиладиган болаларнинг ўқишга қизиқиши юқори бўлади, улар дарсларда фаолроқ қатнашади ҳамда ўз истеъдодлари ва салоҳиятини кўпроқ намойиш этади.
Таъкидланишича, охирги 2 йилда ўқитувчилар учун мажбурий бўлган 7 та ҳужжат ўрнига, фақат шу 1 дона электрон журнал тизими билан ишлаш бўйича имконият яратилди. Қоғоздан бутунлай воз кечиб, электрон журналга ўтилиши ўқитувчининг ҳам ишини енгиллаштиради ва вақтини тежаш имконини беради. Тежалган вақтни ўқитувчи ўқувчилар билан ижодий ишга ёки ўзининг касб маҳоратини оширишга сарфлаши мумкин.
Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 ўқув йили бошланишидан олдин Тошкентдаги барча ҳамда вилоятлардаги мингга яқин мактаб ўқувчиларнинг ота-оналарига қоғоз кундалик харид қилиш ўрнига унинг электрон муқобили Kundalik.com'га обуна бўлиш зарурлигини маълум қилади. Электрон Кундалик жорий этилаётган Республиканинг қолган ҳудудларидаги мактаблардаги ота-оналарга мактаб маъмурияти томонидан бу ҳақда эълон қилинади.
Kundalik.com'га обуна бўлиш баҳоси қоғоз кундаликнинг ўртача баҳосига тенг (бир йилга 10 минг сўм). Дастлабки ой давомида ота-оналар тизимдан синов тариқасида фойдаланиш имконияти мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter