Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўқитувчининг маошига машина беради». Норвегиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

«Ўқитувчининг маошига машина беради». Норвегиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

Дунёнинг турли нуқталаридаги ҳамюртларимиз билан интервьюларни давом эттирамиз. «Хориждаги ватандошлар» лойиҳамизнинг ушбу сонида Европанинг энг хушманзара давлатларидан бири — Норвегиядаги ватандошимиз Нигина Жўраева билан суҳбатлашдик. Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда пойтахт Осло шаҳридаги OsloMET университетида педагогика йўналишида таҳсил оляпти.

— Нигина, Норвегияга кетишингизга нима сабаб бўлган?

Дадам 2004 йили Норвегияга ўқишга келган. Ўқишдан сўнг ишларини Норвегияда давом эттирди. Чамаси 14-15 ёшларимда дадам мендан Норвегияга келишимни сўради ва бу таклифни бажонидил қабул қилдим. Сабаби, болалигимдан дунё кўришни ният қилар ва чет эллик дўстлар орттиришни хоҳлардим. Бу ерга келиб даставвал норвег тили курсида, кейин High schoolда ўқидим. Болалар билан ишлашни яхши кўрганлигим боис, олий таълим учун OsloMET университетининг педагогика йўналишини танладим. Бу университет мамлакатдаги энг нуфузли билим юртларидан бири. Талабалар учун барча шароитлар яратилган. Лекин, таълим фақат норвег тилида бўлганлиги боис, хорижлик талабаларни  кам учратасиз.

Фото: «Xabar.uz»

— Педагогика, умуман, ўқитувчилик касбига Норвегияда муносабат қандай?

Норвегияда ўқитувчининг қадри ниҳоятда баланд, ҳукумат улар учун барча зарур шароитларни яратиб берган. Масалан, норвегиялик ўқитувчи ойлик маошига бемалол «TESLA» автомобилини харид қила олади. Бу ерда ҳамма ҳалол ва ўз меҳнати билан натижага эришишга интилади. Шу боисдан бўлса керак, таълим тизимида «Домлани рози қилиш» тушунчаси йўқ.

Очиғи, Норвегияда нафақат ўқитувчилар, балки барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган. Улар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ҳавас қиласиз. Энг эътиборлиси, ҳатто оддий ишчи ҳам оиласини етарлича таъминлаб, йил давомида турли хориж давлатларига саёҳат қила олади.

Умуман, норвеглар учун иш ва оила баланси муҳим. Баъзида ишдан кўра оиласини афзал кўришади. Ўз навбатида, буни иш берувчилар ҳам яхши англаган ҳолда ходимлар учун барча керакли қулайлик ва имтиёзлар беришган. Масалан, йилда 5 ҳафта таътил, агар фарзандли бўлсангиз 8-10 ойгача ойлигингиз тўлиқ тўлаб борилади. Мабодо ишсиз қолсангиз ҳукумат моддий ёрдам билан таъминлайди.

Фото: «Xabar.uz»

— Норвеглар характери жиҳатидан қандай халқ?

Кузатишларим натижасида айта оламанки, норвеглар ажойиб халқ. Лекин, бошида мамлакатга келган одамга бу ер умуман ёқмаслиги мумкин. Чунки норвеглар билан тезда дўст тутиниб кета олмайсиз. Уларга сизни ўрганиб олишлари учун озроқ вақт беришингиз керак. Аммо, сиз билан дўст тутинса, улардан яхши дўст топилмайди, деб ўйлайман. Ёлғонни ёмон кўрадиган, содиқ дўст ва очиқкўнгил инсонлар.

— Норвеглар Ўзбекистон ҳақида билишадими?

— Очиғи, унчаликмас. Сабаби ҳукуматлараро алоқамиз яхши йўлга қўйилмаган. Бу ўз навбатида бу ерда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун ҳам бирмунча қийинчиликларни келтириб чиқаради. Мисол учун, оддий виза масаласида Москвага бориб келишингизга тўғри келади. Норвегияда элчихонамиз очилишини хоҳлардим.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонда Норвегиядаги қандай инновацияларни жорий этиш мумкин, деб ўйлайсиз?

Инновацияларга эътибор қаратиш албатта яхши. Аммо, бунгача фундаментал муаммоларни ечганимиз тўғрироқ, деб ҳисоблайман. Интернет нашрлари орқали Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Мана, қиш келиб, интернет нашрларида ҳудудларда электр ва газ муаммолари ҳақидаги материаллар  кўпайди. Қолаверса, бир неча йил олдинги интернет тезлигини 10 баробарга ошириш тўғрисидаги ваъдалар ҳам ваъдалигича қолиб кетди. Илон Маск Марсни забт этаман, деб турган бир паллада юртимизда бундай муаммоларнинг борлигидан хафа бўласиз.

Норвегияга тўхталадиган бўлсам, бу ерда ортиқча қоғозбозликлар йўқ. Масалан, ҳатто уйланиш учун интернет орқали рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Қолаверса, норвеглар 2025 йилгача қоғоз пулларни муомаладан чиқаришмоқчи.

Келгусидаги режалар қандай?

— Мақсад ва режаларим кўп. Улардан бири, бу ерда эгаллаган билимларим асосида Ўзбекистонга қайтиб, хусусий мактаб очиш.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг