Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганда алтернатив гуруҳлар учун махсус бинолар фойдаланишга топширилди (фото)

Наманганда алтернатив гуруҳлар учун махсус бинолар фойдаланишга топширилди (фото)

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Куни кеча Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Наманган вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Ташриф давомида мактабгача ёшдаги болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида UNICEF халқаро кўмаги билан вилоятнинг бир қатор туманларида алтернатив гуруҳларни ўқитиш учун ташкил этилган биноларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Тадбирда  Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, вазирлик мутасаддилари,  шунингдек, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Муҳаммедзода иштирок этишди. Улар ҳар бир туманда ташкил этилган биноларни фойдаланишга топширишди ҳамда у ердаги яратилган шарт-шароитлар билан шахсан танишишди.

Бу каби таълим даргоҳлари Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Норин, Косонсой ҳамда Чуст  туманларида фойдаланишга топширилди.

«Бизнинг Норин туманимиздаги алтернатив гуруҳлар учун махсус хоналаримиз Сойбўйи МФЙ биносида ташкил этилди. Бу гуруҳ 30-сонли МТТ қошида ташкил этилиб, бу ерда 3-6 ёшдаги аралаш гуруҳларда мактаб даврига қадар ўқиш-ёзиш, гимнастика, спорт каби бир қатор амалиш машғулотлар ўргатиб борилади. Улар икки гуруҳга бўлинган ҳолда, эрталаб 8:00 дан 12:00 гача биринчи ҳамда 13:00 дан 16:00 гача иккинчи гуруҳ учун машғулотлар ўтиб борилади», — дейди Норин туманидаги 30-сонли МТТ раҳбари Хуршида Алманова.

Хусусан,  Тўрақўргон туманидаги «Қатағон сарой» МФЙда жойлашган Педагогика  коллежи биносида ҳам худди шундай алтернатив гуруҳлар учун бино фойдаланишга топширилди.

«Коллежимиз қошида бу каби бинони фойдаланишга топшираётганимиздан жуда хурсандман. Бизнинг коллежимизда Мактабгача таълимда фоалият юритувчи тарбиячилар етишиб чиқади. Энди талабаларимиз болалар билан ишлашга кўникиши ва тажриба орттириши учун узоққа боришига ҳожат бўлмайди», — дейди Тўрақўрғон туманидаги педагогика коллежи директори Акмалов Жалолхон.

Бу каби гуруҳлар давлат ҳисобидан мутлақо бепул тарбияланиб, икки гуруҳда кам таъминланган, «Темир дафтар» ва «Аёллари дафтари» га кирган оилаларнинг 50 нафар болалари қамраб олиниши режалаштирилган.

«Яқинда давлат томонидан 20 сотих ер тақдим этишган эди. Биз унга экин экиб, фойдаланмоқдамиз. Энди мана алтернатив гуруҳлар ташкил этишиб, уч эгизак фарзандларимни шу ерга ўқиб-ўрганиб мактабга тайёрланишига жалб этишди. Албатта, мен бундан хурсандман. Уйда уларни тарбия қилишим менга бирмунча қийин эди. Ўзим каби яна 28 нафар аёлларнинг болалари бундан кейин шу ерга қатнашар экан. Кўпчилиги иш билан таъминланди, боласи билан ишлаш уларга ҳам қийин эди», — дейди Сойбўйи маҳалласида яшовчи Маҳлиё Йўлдошева.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг