Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Магистрлар учун янги стипендия эълон қилинди

Магистрлар учун янги стипендия эълон қилинди

Metsenat.uz лойиҳаси доирасида биринчи марта маҳаллий ҳокимлик талабалар учун таълим дастурини эълон қилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар учун стипендия жорий қилди. Стипендия дастурида Самарқанд вилоятида жойлашган олий таълим муассасаларида ўқиётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари иштирок эта олади.

Келиб тушган аризалар ичидан 10 нафар ғолиб саралаб олинади ва уларга 6 ой мобайнида ҳар ой 1 миллион сўмдан стипендия берилади.

Стипендия дастурида иштирок этиш учун давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишнинг аҳамияти йўқ, бунга чеклов қўйилмаган. Шунингдек, барча мутахассислик магистрлари қатнашиши мумкин.

Ғолибларни саралашда номзоднинг аъло ўқиши, хорижий тилларни билиши, ижтимоий ҳаётда фаоллиги ва бошқа жиҳатлар инобатга олинади.

Аризалар жорий йилнинг 31 декабрига қадар www.metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга қадар Metsenat.uz лойиҳасида яна учта таълим гранти эълон қилинган эди. Булар:

1) Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва «Меҳрли қўллар» хайрия фонди томонидан барча талабалар учун жами 400 млн сўмлик грант (ариза топширишнинг охирги муддати 10 декабрь); 

2) «Xushnudbek.uz» Телеграм канали томонидан Тошкент давлат юридик университети талабалари учун жами 30 млн сўмлик грант (ариза топширишнинг охирги муддати 14 декабрь); 

3) «Нажот таълим» маркази томонидан тиббиёт соҳасида ўқиётган хотин-қизлар учун жами 15 млн сўмлик грант (ариза топширишнинг охирги муддати 2021 йил 10 январь); 

Маълумот ўрнида: Xabar.uz нашри Metsenat.uz лойиҳасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади ва сайтда эълон қилинаётган барча грант ҳамда стипендияларни тарғиб қилишга кўмаклашади. Шу ўринда юртимиздаги барча корхона, ташкилот, компаниялар ҳамда саховатпеша тадбиркорларни илм-фанга, таълимга беминнат ҳомийлик қилишга чорлаб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг