Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналистлар иштироки чекланган йиғилишда яна нималар ҳақида гапирилди?

Журналистлар иштироки чекланган йиғилишда яна нималар ҳақида гапирилди?

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўтган шанба куни Бош прокурор раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб, унда унда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилганидан хабарингиз бор.

Мазкур идоралараро комиссиянинг йиғилишига аввалгисидан фарқли равишда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этмади ҳисоб. Фақат телевидениедан чекланган ходимлар иштирок этдики, очиқликка интилаётганини таъкидлашдан чарчамаётган Бош прокуратуранинг бу сафарги хатти-ҳаракати бироз тушунарсиз, рости.

Идоралараро комиссия аччиқ тажрибадан «тегишли хулоса» чиқардимикан?

Нега десангиз, журналистлар иштирок этган ушбу комиссиянинг аввалги йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги аҳвол муҳокама қилиниб, бошқа мутасаддилар қатори шахсан вазир ҳам «оқ калтак-қора калтак» қилинган, бу эса оммавий ахборот воситаларида  атрофлича ёритилиши натижасида юзага келган акс-садо ҳалигича қулоқлардан нари бўлгани йўқ...

Очиқлик, шаффофлик оғирлик қиляптими? Йўқса, нега бу галги тадбирга ёмонини яшириб, яхшисини ошириб кўрсатишни «қойиллатадиган» телевидение ходимларигина таклиф этилди?!

Айни савол бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда такрор-такрор янграмоқда. Бизнингча, савол жавобсиз қолиб кетмаслиги керак.

Тўғри, идоларлараро комиссиянинг охирги йиғилиши хусусида ўша куниёқ Бош прокуратура матбуот хизмати нисбатан кенгроқ ахборот берди. Бироқ бу энди туяни чўмичда суғоришдай гап. Зеро, олий таълим тизимида порахўрлик ва бошқа иллатлар керагидан зиёдаки, таълимнинг инқирози — миллат инқирози билан баробар экани эътиборидан соҳага дохил масалалар муҳокамасига бағишланган тадбирларда оммавий ахборот воситалари иштирокига «шлагбуам» қўйиш асл мақсадга хизмат қилмайди. Зотан, биздаям ОАВ аста-секин жамиятнинг кўзгусига айланмоқда. Башара қийшиқ бўлса, кўзгудан ўпкаламанмайди.

Бош прокуратура тарқатган (катта эҳтимолки анча «фильтирланган») ахборотларда тизимдаги аҳвол аянчли экани хусусида тасаввурга эга бўлиш қийин эмас.  Буни  йиғилишда айтилган, бироқ кўпгина  ОАВда ҳали эълон қилинмаган қуйидаги рақамлар ҳам айтиб турибди: «... бюджет маблағларини сарфлаш жараёнидаги талон-торожликлар соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолмоқда, ўтган йилда Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширилган 1.107 та вазирлик муассасаларининг 1.035 таси ёки 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликларга йўл қўйилган. Ҳолбуки: ...соҳага бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Агар соҳага 2018 йилда 879 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 1 трлн. 288 млрд. сўмни, жорий йилда 1 трлн. 888 млрд. сўмни ташкил этади...»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг