Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар доим мазкур марказ биносида бўлганимда бобомнинг бюстига ҳавас билан қарайман — 3-авлод шифокор-дерматовенеролог билан суҳбат

Ҳар доим мазкур марказ биносида бўлганимда бобомнинг бюстига ҳавас билан қарайман — 3-авлод шифокор-дерматовенеролог билан суҳбат

«Xabar.uz» мамлакатимизнинг фаол ёшлари билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистранти Хасанхўжа Абидов.

Қаҳрамонимиз — бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.

У билан суҳбатимиз тиббиёт соҳасини нега танлаган, илмий иши, соҳадаги муаммолар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Тиббий китобларни ўрганиб бориш менга ёқар эди

Айнан тиббиёт соҳасини танлашимда, биринчи навбатда, оилам сабабчи. Чунки мен шифокорлар оиласида туғилганман. Аниқроқ айтадиган бўлсам, мен 3-авлоддаги шифокор-дерматовенерологман.

Бобом Матлабхўжа Абидов юртимизда «Дерматовенерология» (Тери-таносил касалликлар) хизмати асосчиларидан бири. Узоқ йиллар Дерматология ва венерология илмий текшириш институти директори сифатида фаолият юритиш билан бирга, кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Қолаверса, уларнинг Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг барпо этилишида хизматлари катта. Бугунги кунда ушбу муассасада бобомга бағишланган бюст ўрнатилган. Ҳар доим мазкур марказ биносида бўлганимда бобомнинг бюстига ҳавас билан қараб, мен ҳам уларга ўхшаб юришни ният қиламан.

Отам Алишер Абидов ҳам шифокор-дерматовенеролог. Бугунги кунда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида бўлажак шифокор-дерматовенерологларни тайёрлашда ҳамда даволовчи шифокор сифатида халқимизга хизмат қилиб келмоқда.

Умуман уйдаги муҳит ҳам танловимга таъсир кўрсатган деб уйлайман. Уйдаги катта кутубхонамизнинг катта қисмини тиббий ва илмий адабиётлар эгаллайди. Мен эса болалигимдан китобларга қизиққанман. Нафақат бадиий, балки тиббий китобларни ўрганиб бориш менга ёқар эди. Шу ўринда мен бобом ва дадамнинг китобларини ўқиб касалликларни ўрганиб борардим.

Яна бир воқеа ҳам ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мактабда 7-синфда ўқиб юрган кезларим, бир кун отамнинг ишхонасига борганман ва у ерда отам беморларга маслаҳат беришларини, даволаш муолажаларни ўтказишларини кўриб ҳавасим келган. Сўнг мен тиббиёт соҳасини танлашимга таъсир қилган энг асосий ва кучли ҳолат рўй берган. Яъни бир бемор давосини топиб ўз шифокорига, яъни дадамга самимий миннатдорчилик билдирганди. Шифо топган беморнинг бувиси қўлини очиб дуо қилган. Ушбу ҳолатни кўриб мен ҳам одамлар дардига малҳам бўлиб, уларни даволаб, дуоларини олиш истагида бўлдим. Айнан шундан сўнг мен аниқ шифокор бўлишга қатъий қарор қилдим.

Тери лейшманиози касаллигининг клиник хусусиятларини ўрганяпман

Бакалавриатнинг 6-босқичида таҳсил олаётганимда 2017/2018 ўқув йили учун Ибн Сино номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Сўнг Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг «Дерматовенерология» йўналиши магистратур босқичига давлат гранти асосида қабул қилиндим ва ўз илмий ишимни давом эттиришга муваффақ бўлдим.

Илмий ишим тўғрисида айтадиган бўлсам, магистрлик ишим мавзуси «Особенности клинического течения и оптимизация терапии кожного лейшманиоза с учётом эндогенной интоксикации у больных», яъни беморларда эндоген интоксикацияни эътиборга олган ҳолда тери лейшманиози касаллигининг клиник хусусиятларини ўрганиш ва даволаш усулларини такомиллаштиришдан иборат. Магистрлик ишимнинг асосий мақсади: мамлакатимизда тери лейшманиози касаллиги билан хасталанган беморларни ўрганиш, кассаликни эрта ташхислаш, янги диагностик индекси ёрдамида касалликнинг оғирлик даражасини тезроқ аниқлаш орқали вақт сарфини камайтириш, янги даволлаш усулларини қўллаш ва даволаш самарадорлигини оширишдир.

Масалан, биз мамлакатимизда тери лейшманиози касаллиги бўйича эндемик ҳудудларда – Жиззах, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ўз илмий ишимизни олиб бордик. Биз томондан таклиф этилган индекс орқали беморларда оғирлик даражасини аниқлашда ва кассалик кечаётган даврида бемор организмидаги эндоген интоксикация жараёни билан ўзаро боғлиқлигини ўрганишда фойдаландик ва яхши натижаларга эришдик. Бундан ташқари, оғирлик даражасини қисқа вақт ичида аниқлаб унинг организмдаги ички зарарланиш билан боғлиқлигини ўрганганимиздан сўнг биз беморларни даволашда комплекс ёндашувга асосланган ҳолда янги даволаш усулларини қўлладик ва бу ҳам самарали бўлди.

Шунингдек, илмий ишим давомида дунё тан олган илмий журналлар, шу жумладан, Scopus илмий маълумотлар базаси рўйхатидаги журналларда ва халқаро конференцияларда 150 дан зиёд мақола ва илмий ишларимизни ҳамда ўқув-қўлланмамизни чоп этдик. Шу билан биргаликда биз яратиб таклиф этган тери лейшманиози касаллиги оғирлик даражасини аниқловчи янги «CLASI» деб номланган индекс учун муаллифлик патентига эга бўлдик. Бундан ташқари, илмий ишим натижалари тўғрисида турли халқаро анжуманларда, шу жумладан, Россия ва Қозоғистон давлатларидаги илмий анжуманларда маъруза қилдим.

Бугунги кунда мен магистратуранинг 3-босқич талабасиман ва ушбу босқичдаги самарали фаолиятим натижасида мен 2020/2021 ўқув йили учун Президент стипендияси соҳиби бўлдим. Магистратурадан кейин ўз илмий фаолиятимни кейинги босқичларда – таянч докторантура ва докторантурада давом эттириб PhD ва докторлик диссертациямни ҳимоя қилиш мақсадим бор.

Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш орқали нафақат мавжуд касалликларни ўз вақтида даволаш, балки уларнинг олдини олишга ҳам эришамиз.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг ҳар бир соҳаси каби соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам инсон ресурсларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиш лозим.

Келажакдаги режаларимни 3 та йўналишга ажратиб олганман

Тўғрисини айтсам, режаларим кўп. Умуман олганда, мен ўзимнинг келажакдаги режаларимни 3 та йўналишга ажратиб олганман.

Биринчиси — илм-фан йўналиши. Аввало магистратурадаги ўқишимни мувафаққиятли якунлаб олмоқчиман. Ундан кейин эса юқорида таъкидлаганимдек, ўз илмий фаолиятимни кейинги босқичларда давом эттириб, PhD ва докторлик диссертациямни ҳимоя қилмоқчиман. Бундан ташқари, албатта, дунёнинг етакчи тиббий университет ва клиникаларида малака ошириб тажриба орттириш ниятидаман.

Иккинчиси – соҳани ташкиллаштириш йўналиши. Ушбу ўйналишда мен юртимизда дерматовенерология соҳаси ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда фаол қатнашишга ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишга мақсад қилганман.

Охирги учинчи йўналишда эса мен клиник жиҳатдан етук мутахассис бўлиб нафақат мамлакатимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам юқори талабга эга бўлган шифокорлардан бири бўлиш режасини ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Ўйлайманки, ушбу режаларимни рўёбга чиқариш учун менда барча ресурс ва имкониятлар мавжуд. Умид қиламанки, келажакда сизлар билан биргаликда эришилган ютуқларимизни яна таҳлил қилиш насиб қилади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг