Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эртанги кун истиқболи учун: Ўзбекистонда Туркия университетлари билан биргаликда қўшма факультет очилиши мумкин

Эртанги кун истиқболи учун: Ўзбекистонда Туркия университетлари билан биргаликда қўшма факультет очилиши мумкин

Бутун дунёни ташвишга солган таҳликали пайтда, яъни COVID - 19 короновирус пандемиясига қарши кураш кетаётган машаққатли, синовли дамларда халқимизнинг барча жабҳаларда бирдамлик ва мустаҳкам ишонч билан ҳаракат қилаётгани эътиборга молик.

Президентимиз раҳбарлигида мамлакат равнақи йўлидаги муҳим қарорларни амалга ошириш йўлидан бораётган турли соҳа мутахассислари бугунги кундаги муҳим эҳтиёткорлик талабларига амалга қилган ҳолда эртанги куннинг истиқболли режалари устида ҳам ишламоқдалар.

Жумладан, 17 апрел куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Туркия Ўрмон бош бошқармаси, Туркия Кастамону университети профессор-ўқитувчилари иштирокида соҳадаги илмий ва олий таълим йўналишларида истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича онлайн мулоқот ва музокаралар ташкил этилди.

Учрашув давомида ўрмончилик, ўрмон кадастри каби соҳаларда мамлакатларимиз олимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, соҳанинг долзарб муаммолари бўйича қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларга Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туркиянинг фан ва технологиялари ташкилоти грант маблағларини жалб этиш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида соҳада мутахассислар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Тошкент давлат аграр университети билан Туркиядаги Кастамону университети ўртасида «Мевлана» ҳамда «Эрасмуз+» дастурларини имзолаш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда Туркия университетлари билан биргаликда қўшма факультетини ташкил қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар халқаро пандемия туфайли жорий этилган чекловлар ниҳоясига етгач, Туркия университетлари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилишга келишиб олишди. Ушбу ҳамкорлик амалий натижа ва самараларга бой бўлиши аниқ.

Раҳимбой Жуманиёзов,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш
муҳандислари институти матбуот хизмати раҳбари, доцент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг