Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг билимдонлар Германия Бундестагида малака оширади

Энг билимдонлар Германия Бундестагида малака оширади

Тошкентда Германия Бундестаги таъсис этган Халқаро парламент стипендияси ғолибларини аниқлаш жараёни кетмоқда. Номзодларни саралаш учун юртимизга Бундестаг депутати Кай Геринг бошчилигида делегация ташриф буюрган.

«Халқаро парламент стипендияси доирасида дунёнинг 50 давлати вакилларига қарийб 120 та стипендия ажратилади. Бундан 9 та ўрин Марказий Осиё вакилларига аталган. Ўзбекистон немис тилини ўрганувчилар сони бўйича юқори ўринларда туради. Ушбу дастур ана шундай тил билимдонларига Германия қонунчилик идорасида билим ва малака ошириш имконини беради», – дейди Бундестаг депутати Кай Геринг.

Ғолиблар 2025 йил 1 мартдан 31 июлга қадар Бундестагда амалиёт ўтайди.

Танловда иштирок этиш талаблари қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон фуқаролиги; тамомланган олий таълим; немис тилини юқори даражада билиш (минимал B2); билим ва фуқаровий фаоллик; грант олиш вақтида 30 гача бўлиш.

Бундестаг президенти ҳомийлигида амалга ошириладиган 5 ойлик дастур ёш иқтидор эгаларига немис парламенти тизими билан назарий ва амалий жиҳатдан танишиш имкониятини беради.

1986 йилда асос солинган Халқаро парламент стипендияси (Internationales Parlaments-Stipendium des Deutschen Bundestages) дастури ўтган йиллар давомида иштирокчи давлатлар рўйхатини кенгайтириб бормоқда. Германия парламенти фаолияти ва қонун ижодкорлиги тизими билан яқиндан танишиш, демократик қадриятлар ва маданий хилма-хилликни англашни мустаҳкамлашга қаратилган дастур илмий-амалий семинарлар, қонунчилик идорасида амалиёт ва бошқа махсус тадбирларни ўз ичига олади.

Стипендия ғолиблари Берлиндаги университетларнинг ўқув тадбирларида қатнашиш имконини ҳам қўлга киритади.

Йўлкира, тураржой ва тиббий суғурта билан боғлиқ барча харажатлар ҳамда ойлик стипендия Бундестаг томонидан қопланади.

Берлиндаги Ҳумболдт, Техника ва Эркин университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётан дастур Германия ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий сармоя деб баҳоланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг