«Бир келинг, кўрсатадиган нарсаларимиз кўп...» – Евгений Коленко
Бош прокуратура Академиясининг ўзбекчани «қийиб қўядиган» бошлиғи Евгений Коленко (Женя ака) кўп журналистларни танийди. Уларни ҳар кўрганида битта таклифни ўртага ташлаганининг эҳтимоли ҳам шу: «Биз томонларгаям бир келинг, кўрсатадиган нарсаларимиз кўп...». Кимдир буни шунчаки лутф, кимдир «қўқонча манзират» сифатида қабул қилган бўлса бордир, бироқ Женя аканинг таклифи самимийлигига шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Хуллас, гап орасида айтилган таклиф билан иш битмаслигига кўзи етди чоғи, Академия бошлиғи кўплар қилаётган ишга қўл урди. Яъниким, «прокурорчасига» айтсак, марказий маҳкама раҳбарияти розилигини олиб, матбуот хизмати бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов билан «тил бириктириб», оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари «йўқ» дея олмайдиган тарзда улар учун пресс-тур уюштирди.
Иш дегани мана бундоқ бўлибди!
***
Евгений Коленко «келинглар, келинглар...» деганича бор экан — Академияда қисқа муддатда ҳазилакам ишлар амалга оширилмабди (Бош прокуратура Академияси давлат раҳбарининг 2018 йил 8 майдаги Фармони билан ташкил қилинган). Уларни бир мақолада мухтасар баён қилиш маҳол. Қолаверса, оддий баён учун ҳам ҳуқуқшуносликдан озроқ бўлсин бохабарлик ҳам талаб этилади. Бу борада мақтанишимиз қийин, афсус... Шу боис Женя аканинг куйиб-пишиб, тўкилиб-тўкилиб айтган гапларини «ҳазм қилиш» осон бўлгани йўқ, рости. Илғаб-идрок этганимиз шу бўлдики, жамиятнинг қайси жабҳасини олманг, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланмас экан, ривожланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Чунки, шиддат билан ўзгараётган замон озмунча талабларни кўндаланг қўяётгани йўқ.
Шу пайтгача прокуратура органларида назария ва амалиёт ўртасида улкан бўшлиқ бор эди. Тўғри, Академияга қадар Бош прокуратуранинг Қонунчиликни мустаҳкамлаш муаммолари ва прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш маркази, сўнг мазкур марказ негизида ташкил этилган Олий ўқув курслари фаолият кўрсатган. Бироқ ҳар икки тузилма ҳам назария ва амалиёт ўртасидаги бўшлиқни тўлдира олгани йўқ. Бунинг асосий сабаби етарли шарт-шароит яратилмагани билан изоҳланса, иккинчи томондан, қайд этилган тузилмалар илмий-амалий марказдан кўра кўпроқ «Астробод» вазифасини ўтагани (изоҳ: сарой фитналари сабаб ҳазрат Навоий Хуросондан Астрободга сургун қилинганига ишора қилинмоқда) кимга сир эмас. Яъни, вилоят прокурорлиги ёки ундан каттароқ лавозимдан «урилганлар»нинг аксарияти мазкур тузилмага «бадарға» этилиб, уларга шу тариқа пенсияга чиққунича тизимда ишлаш имконияти бериларди гўё... «Жарима майдончаси»га айлантирилган жойда қонунчилик муаммоларини ўрганиш, прокурор-тергов ходимлари малакасини ошириш масаласида сифатга эришиб бўлардими?!
***
Майли, ўтган ишга саловат. Нақдидан гапирайлик.
Бош прокуратура Академияси туғилибоқ чопқиллаб кетган гўдакни эслатади. Академия 2018 йилнинг май ойида ташкил этилганини юқорида айтдик. Ўтган икки ярим йилнинг қарийб ярми ташкилий ишларга (янги бино таъмири, зарур инвентарлар ва адабиётлар билан тўлдириш, кадрлар масаласи ва ҳоказо) сарф этилгани инобатга олинса, Академия тўлақонли фаолият юритаётганига ҳали ўн икки ой тўлмагани ойдинлашади. Шунга қарамай, ўтган қисқа вақтда том маънода жонни жабборга бериб ишланибди, рости. Биргина назария ва амалиёт ўртасидаги бўшлиқни тўлдириш учун амалга оширилган бирламчи ишларни олайлик:
а) Академияда замонавий талабларга жавоб бера оладиган, прокуратура органлари олдига қўйилган вазифаларни самарали бажара оладиган янги формациядаги кадрларни тайёрлашга қаратилган зарурий ўқув-илмий салоҳият шакллантирилди. Ўқитишнинг эски шакл ва услублари тубдан қайта кўриб чиқилиб, фан, таълим ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқаси ҳамда алмашинувига асосланган илғор инновацион таълим технологиялари жорий этилди.
б) прокурор-тергов фаолиятининг турли йўналишлари бўйича зарур кўникма ва компетенцияларга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш имконини берадиган касбий қайта тайёрлашнинг мутлақо янги модели яратилди.
в) ходимнинг бутун фаолияти давомида узлуксиз ва тизимли таълим олишини таъминлашга қаратилган малака ошириш тартиби жорий этилди. Унга кўра, прокуратура органларининг ҳар бир ходими уч йилда камида бир марта, давомийлиги бир ойдан кам бўлмаган малака ошириш курсида таҳсил олади.
Рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Аммо юқоридаги уч йўналишга андак изоҳ лозимки, шунинг ўзи амалга оширилган ишлар бўйича муайян тасаввур беради.
«...Фан, таълим ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқаси ва алмашинувига асосланган илғор инновацион таълим технологиялари жорий этилиши» — ўқитишнинг эски шакл ва услублари тубдан қайта кўриб чиқилганини кўрсатади. Конфуцийнинг бир ҳикмати бор: «Менга гапириб берсанг — эсимдан чиқиб кетади. Менга кўрсатсанг — эслаб қоламан. Мустақил бажаришимга имкон берсанг — англаб етаман».
Академиядаги таҳсил тизими айни ҳикмат асосида шакллантирилган.
***
Прокуратура — бир неча тармоқдан иборат тизим. Ҳар бир тармоқнинг ўзига яраша паст-баланди бўлиб, аввало, ходимдан зарур кўникмалар талаб қилади. Дейлик, вояга етмаганлар билан ишлаш ёки қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш йўналишлари билан тергов соҳасини таққослаб бўлмайди.
Яқин-яқингача кўникма бўлсин-бўлмасин, кадрларни у йўналишдан-бунисига шатир-шутур тайинлаш одатий ҳол эди. Энди бундай амалиёт йўқ. Масалан, прокурорнинг муайян йўналиш бўйича ёрдамчиси терговчи бўлишни ихтиёр этдими — марҳамат, у Академияда айни шу йўналиш бўйича ўзида зарур кўникма ва компетенцияларни шакллантириши керак.
Таҳсилдан кейинги «чиғириқ»дан ўтса, муроди ҳосил бўлиб, терговчиликка тайинланади. Акс ҳолда, шу пайтгача бажариб келган ишини келган жойидан давом эттираверади. Яъни, буёғига тизимнинг кўтариламан деган ходими Академия тупроғини ялаши шарт. Таълим жараёнида инсон омили чеклангани эътиборга олинса, мазкур соҳада кўтарилиш учун «зар»нинг ҳам, «зўр»нинг қуввати қолмаяпти тобора...
Олий ўқув юртини битириб, ҳуқуқшунос шаҳодатига эга бўлган ёшлар учун ҳам гап шу: бу ёғига тизимга «танка» билан эмас, Академия орқали кирилади. Яъни, олти ой ўқиб, белгиланган (онлайн) босқичлардан муваффақиятли ўтсагина мақсадига етади. Жорий этилган бундай янгича тартиблар тизимда коррупциянинг олдини олишда маълум даражада қўл келишини илғаётган бўлсангиз керак. Зеро, «соққа» билан ишга кирган ходим холис ва ҳалол ишламаслигига таъкид шарт эмас.
***
«Академия томонидан ўқув режа ва дастурларини тузишда Бош прокуратура тармоқлари ва қуйи турувчи прокуратуралар билан қайта алоқа механизмларидан фойдаланишнинг мажбурийлигини белгиловчи тартиб ўрнатилди. Мунтазам равишда сўровлар асосида ходимларнинг таълимга бўлган ўзгариб борувчи эҳтиёжлари таҳлил қилиниб, натижалари таълим жараёнини ташкил этишда инобатга олинади, бу ўз навбатида, назария ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқасини таъминлашга хизмат қилади», — дейди Евгений Коленко.
Бундай гаплар тизим фаолияти, ички тартиб-таомилларидан бехабар журналистлар учун учун жумбоқнинг ўзи! Шунинг учун ҳам мезбон тадбир давомида «жумбоқ-жумбоқ гаплари»га жиндек-жиндек изоҳ-шарҳ беришига тўғри келди. Айтдики, қонунлар, уларнинг ижроси жараёнида кутилмаган мавҳумликлар пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, жойлардаги прокуратура органларидан муайян йўналишлар бўйича илмий-амалий ёрдамга эҳтиёж пайдо бўлиши эҳтимоли катта.
Масалан, яқинда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ташкил этилди. Бу янги тузилма. Янги тузилманинг ҳуқуқий асосларидан тортиб, соҳага оид қонунларни мужассамлаштириш, уларнинг ижроси жараёнида пайдо бўлиши эҳтимоли бўлган тушунмовчиликларга ойдинлик киритиш, қисқаси, ходимларнинг малакасини ошириш керакми? Албатта. Ўқув режа ва дастурларини тузишда Бош прокуратура тармоқлари ва қуйи турувчи прокуратуралар билан қайта алоқа механизмларидан белгиловчи тартиб ўрнатилишининг сабаби шунда. Чунки, қонунчилик, уларнинг қўллаш амалиёти изчил ўрганиб бориладиган жараён ҳисобланади.
Тушунгандай бўлдик.
***
Бош прокуратура Академиясида фақат тизим ходимларигина профессионал лаёқати ва профессионал салоҳиятини оширишмайди. Академияда давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа масалалари бўйича малакасини ошириши ҳам кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида 6 000 нафарга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат хизматчилари Академияда таҳсил олди.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Академияда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашга асос солинди.
Академия магистратураси негизида «Прокурорлик фаолияти» ва «Тергов фаолияти», шунингдек мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида энг долзарб ва юқори талабга эга бўлган «Коррупцияга қарши курашиш» мутахассислиги бўйича тор доирадаги мутахассислар ҳам тайёрланади.
***
Академия бўлганидан кейин унда Илмий кенгаш фаолият юртиши табиий. Айни пайтда уч мутахассислик бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича Илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Мамлакатда биринчи бўлиб «Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура», шунингдек, «Коррупция муаммолари» мутахассисликлари бўйича илмий даражаларини бериш бўйича илмий кенгаш фаолияти айнан Академияда ташкил этилганлигига нима дейсиз?!
Академиянинг олий ўқув юртидан кейинги таълим институти томонидан илмий кадрлар тайёрлаш фаолияти амалга оширилиб, унда бугунги кунда 12 нафар докторант ва 38 нафар мустақил изланувчи илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда.
***
Пресс-тур давомида Академия кафедралари, бўлим ҳамда марказлари фаолияти, шунингдек ўқув жараёни, илмий-тадқиқотлар ҳамда таҳлилий фаолиятнинг ташкил этилиши билан атрофлича танишиш имконияти тақдим этилди.
Шунингдек, Академиянинг олти қаватли биноси бўйлаб қилинган экскурсияда суд процесси имитацияси хонаси, криминалистика хонаси ва полигони, электрон тир ва бошқа амалий ҳамда вазиятли машғулотлар ўтказиш учун махсус жиҳозланган хоналарда бўлдик, ўқув аудиториялари кўздан кечирилди.
Махсус жиҳозлар воситасида электрон (масофавий) ўқитиш, воқеа жойини виртуал кўздан кечириш, мультимедиа марказининг имкониятларига ҳавасимиз келди рости. Айниқса, тергов-криминалистика тактикалари ва методикаларини амалий қўллаш жараёнига журналистларни жалб қилиб, ўзига хос танлов ўтказилгани ташкилотчилар тадбирга қаттиқ тайёргарлик кўрганини яна бир карра тасдиқлади.
***
Айтилганидек, пресс-турдан гувоҳига айланганимиз, олган маълумотлар ва таассуротларни бир мақолага сиғдириш қийин. Иккита-учта қуруқ ахборот билан чекланиб қўяқолишга хижолат бўласан, киши.
Академиянинг халқаро алоқалари, бир неча ўнлаб лойиҳалардаги иштироки, илмий-тадқиқотлар, дунёнинг нуфузли илмий ва ўқув муассалари билан кадрлар ва тажриба алмашиш борасида фаолиятини уч-тўрт чизгилар билан баён қилиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири алоҳида мавзу.
Қисқаси, кўп нарса кўрдик, кўп маълумотларга эга бўлинди. Аммо камроқ ёзилди, яна мавзуга қайтилар, насиб...
Ўқувчиларниям аяш керак, узр.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter